Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Дуккакли-дон экинларни ўғитлаш

21/Noyabr/2024 08:34
  1465

Дуккакли-дон экинлар бошқа гуруҳ экинлардан фарқ қилиб, атмосфера азотини фиксациялаш ва тупроқдаги қийин ўзлаштириладиган фосфорли бирикмаларни ўзлаштириш қобилиятига эга. Дуккакли-дон экинлар бир м ва ундан ҳам чуқурроқ кетадиган ўқ илдизга эга. Дуккакли-дон экинларидан нўхат, ўрис нўхат, вика, суя, мош, ловия, люпин ва бошқалар аҳоли ва чорва моллари учун зарур бўлган оқсил муаммосини ҳал этишда муҳим аҳамиятга эга. Улар дони ва пояси таркибида оқсил миқдорининг кўплиги билан бошқа экинлардан фарқ қилади. Алмашлаб экишда энг яхши ўтмишдош экинлар жумласига киритилади. Ўз навбатида улар учун кузги дон экинлар ва чопиқталаб экинлар яхши ўтмишдош ҳисобланади. Дуккакли-дон экинлар ҳосили таркибидаги озиқ моддалар миқдори бошқа донли экинларга қараганда сезиларли даражада кўп. Мисол учун ўрис нўхат, вика ва люпинни олиб, уларни арпа ва сули билан таққосласак (10 ц донда кг ҳисобида), бунга яққол ишонч ҳосил қиламиз (1-жадвал).

1-жадвал. Дуккакли-дон ва донли экинлар таркибидаги озиқ моддаларининг қиёсий таркиби

Экин тури

Азот

Фосфор

Калий

Арпа, сули

31

12

25

Ўрис нўхат, вика

66

15

18

Люпин

68

19

47

Сўя

71

16

18

Ўрис нўхат ва викада азот ва калийнинг энг кўп тўпланиши гуллаш даврининг охирида, фосфор эса пишиш даврида кузатилади. Ўсув даври узоқ давом этадиган экинларда, масалан, люпинда барча озиқ моддалар бош поядаги дуккаклар пишиб етилган пайтда кузатилади.

Дон-дуккакли экинлар барча ҳаётий шароитлар меъёрида бўлганда, таркибидаги ялпи азотнинг тахминан 2/3 қисмини атмосферадан ва 1/3 қисмини тупроқдан ўзлаштиради. Юқорида санаб ўтилган экинлар ичида энг кўп азотни люпин тўпласа, энг кам микдордаги азот вика томонидан тўпланади.

Дон-дуккакли экинлар маҳаллий ўғитларга (хусусан гўнгга) талабчан, лекин гўнг қўлланилгандан кейинги иккинчи ёки учинчи йилларда кўпроқ ўзлаштирилади.

Дон-дуккакли экинлар атмосфера азотини фиксациялайди, улар кўпроқ фосфорли ва калийли ўғитларга кучли эҳтиёж сезади. Атмосферадан ўзлаштириладиган азотнинг миқдори тупроққа киритиладиган азотли ўғитлар миқдорига тескари пропорционал равишда ўзгаради. Шу сабабдан уларга азотли ўғитларни қўллаш самарасиз, ниҳоллар ўзларини тутиб олишлари учун гектарига 20—30 кг «старт» дозада азот бериш кифоядир деган хулосага қатъий амал қилинади.

Лекин тупроқ муҳити, ҳаракатчан фосфор ва калий билан таъминланиш даражаси, намлиги ва ҳарорати, уруғларни инокуляциялаш, микроэлементлар (биринчи навбатда молибден)нинг миқдори тугунак бактериялар фаолиятига кучли таъсир кўрсатади. Мазкур омиллардан айримларини меъёрдан четга чиқиши атмосферадан фиксацияланадиган азот миқдорини камайтириб юборади. Барча омиллар меъёрида бўлиб, тупроқ унумдорлиги юқори бўлган тупроқдардагина азотли ўғитларни киритишга ҳожат қолмайди.

Дуккакли-дон экинлар учун азот миқдорини қуйидагича белгилаш мумкин. Масалан, кўк нўхатнинг гектаридан 35 ц ҳосил олиш режалаштирилган бўлсин. Бир т дон (паҳоли билан бирга) 60 кг азотни олиб чиқиб кетиши маълум. У ҳолда режалаштирилган ҳосил билан 210 кг азот чиқиб кетади. Унинг ярмича, яъни 105 кг азот ўсимликларнинг ўсиш органлари таркибида бўла- ди. Демак, ўсимлик танасида ҳаммаси бўлиб 315 кг азот тўпланади. Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, унинг 1/3 қисми (105 кг) тупроқдан ўзлаштирилади. Лекин бу миқдор барча тупроқ типларида бўлавермайди. Агар 100 г тупроқда 10 мг осон гидролизланадиган азот мавжуд деб фараз қилсак, фойдаланиш коэффициенти 20% бўлганда, ўсимликлар 60 кг азотни ўзлаштиради. Колган 45 кг (105—60=45) азот минерал ўғитлар ҳисобига тўлдирилади. Ўғит киритилган биринчи йилда ўсимликлар ўғит таркибидаги азотнинг 60% ини ўзлаштирилиши ҳисобга олинса, 75 кг га яқин азот қўллаш лозимлиги англашилади. Демак, азот билан ўртача таъминланган тупроқдардан 35 ц ҳосил етиштириш учун бир гектар майдонга 75 кг азот қўллаш лозим.

Дуккакли-дон экинлари пайкалларига одатда гўнг киритилмайди, лекин сўя, ловия ва вика гўнгланган тупроқдарда мўл ҳосил беради. Гўнг киритилган ерларда ловиядан олинадиган қўшимча ҳосил гектарига 3 ц, сўяники эса, 2—5 ц га ошади. Алмашлаб экишда гўнг киритилган кузги ёки чопиқталаб экиндан кейин кўк нўхат экилса, яхши самара беради.

Таркибида ўсимликлар томонидан осон ўзлаштириладиган азот кам бўлган майдонларда дуккакли-дон экинларга молибденли микроўғитлар бериш ва уруғларни нитрагин билан инокуляциялаш юқори ҳосил олиш учун заминдир.

Дон-дуккакли экинлар экиладиган пайкалларга кузги шудгор олдидан соф модда ҳисобида 45—60 кг фосфор ва калий қўллаш тавсия этилади.

Экишга қадар озроқ меъёрда (гектарига соф ҳолда 20—30 кг) азотли ўғит кўллаш ўсимликларни ривожланишнинг дастлабки даврларида, яъни ҳали илдизда тугунак бактериялар ҳосил бўлмаган пайтда, азот билан таъминланишини яхшилайди. Азотнинг бир қисми қўшимча озиқлантириш сифатида қўлланилади. Лекин азотли ўғитлар юқори меъёрда киритилганда, атмосфера азотининг фиксацияланиши камаяди. Азотли ўғитлар кўп миқдорда ишлатилганда дуккакли-дон экинларининг ўсиш органлари «ғовлаб», ҳосилнинг пишиб етилиши кечикади.

Уруғларни экиш билан бир вақтда озроқ миқдорда (10 кг Р2О5) фосфорли ўғит бериш мақсадга мувофиқдир.

Манба:

Б. Мусаев (2001). Агрокимё. Тошкент: Шарқ.

Улашиш: