Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Ўсимликларнинг сувга бўлган эҳтиёжининг критик даврлари

22/Noyabr/2024 12:42
  1204

Турли хил ривожланиш даврларида ўсимликларнинг сувга бўлган талаблари ҳар хил бўлади. Ўсимлик ўсиб бориши билан сувга бўлган эҳтиёж ўсиб боради, ўсимлик вегетатив аъзоларининг тўла ривожланиш даврида сувга бўлган талаб максимал даражага етади. Пишиш даврига келиб, сувга бўлган талаб камаяди. Бу эса суғориш муддатлари ва меъёрларини белгилашда катта аҳамиятга эга, шунинг учун қишлоқ хўжалиги экинлари ўсишининг энг муҳим даврларида тўхтаб ўтамиз:

Кузги бошоқли экинлар (буғдой сули, арпа)

сувга бўлган талаб найчалаш, бошоқлаш ва гуллаш даврига тўғри келади

Нўхат, ловия

гуллаш давригача, гуллаш даврида ялпи дуккаклаш ва пишиш даврида сувга талаб ортади

Маккажўхори

сўталашга 10-15 кун қолганда ва дон мум пишган даврида сув тансиқлигига ўта таъсирчан бўлади

Картошка

ўсимлик ғунчалашгача, ғунчалаш-гуллаш, гуллашдан кейин ва картошка тугиш даврида кўпроқ сув талаб қилади

Помидор, карам, бодринг

сувга бўлган талаб карам экилгандан кейин, барглари тез ўсиш даврида, помидор ва бодрингларни ғунчалаш даврида, карам боши ҳосил бўлишида, помидор ва бодрингларда тугиш даврида, карамда пишиш даврида ошади

Эски беда

ҳар бир ўримдан кейин суғориш талаб этилади. Табиий шароит ва умумий сув истеъмолига (ўсимликнинг баргидан буғланиб кетадиган сув миқдори ва тупроқ устидан буғланиб кетадиган сув миқдори) қараб ўримлар орасида ҳам суғорилади

Оқ жухори

гуллаш-донга кириш

Кунга боқар

гуллаш даври

Олма

гуллаш, мева тугиш пайтида

Полиз экинлари

гуллаш-пишиш олдидан

Пахта

суғориш шоналаш даврида, гуллаш-ҳосилга кириш, пишишнинг бошланиши даврида талаб этади. Сувга бўлган энг юқори талаб гуллаш-ҳосилга кириш даврига тўғри келади

Ўсимликларнинг сув истеъмол қилиши қуйидагича кечади. Суғорилганидан кейин ўсимлик тупроқ най капиллярлари бўйича ҳаракатланаётган ва ўзлаштириладиган намдан фойдаланади. Сувнинг ўсимлик баргидан ва тупроқ юзидан буғланиб боргани сари ўзлаштириладиган тупроқ намлиги камайиб боради. Ўсимлик ҳужайраларидаги намликни сақлаш учун, тупроқ қуриши билан пахта баргининг остки томонидаги туйнукчалар бекила бошлайди. Бу вақтда илдиздан баргларга сув ва озуқа моддалари келиши қисқаради, барглари қорайиб, сўлиш нуқтасига етади. Турли ўсимликлар тупроқнинг ҳар хил даражада қуришига қараб сўлийди.

Сувсизликка чидамли ва чидамсиз ўсимликлар мавжуд. Масалан, сизот сувлари чуқур бўлган тупроқларда маккажўхори ва пахта бедага нисбатан намлик танқислигига кўпроқ таъсирчан ўсимлик деб ҳисобланади. Сўлиш нуқтасининг қиймати тупроқнинг механик таркибига, ўсимлик турига ва ривожланиш даврига ҳам боғлиқдир.

Қишлоқ хўжалиги экинларининг сувга ташналигини билдирувчи индикаторлар қуйидагилардан иборат:

• Букилиб қолиши ва сўлиши;

• тўқ рангга кириши;

• ёш баргларнинг буралиб қолиши ва сўлиши, чунки у етилган баргларга нисбатан анчагина нозик;

• ўсиш жараёнининг сезиларли пасайиши;

• сув танқислиги оқибатида баргларнинг ўзгариши.

Ушбу физиологик хусусиятлар жазирама ва шамолли иқлимда янада равшанроқ бўлиб қолади. Ҳаттоки тупроқ таркибида сув доимо мавжуд бўлса ҳам бундай кунларда экинлар юзасидаги буғланиш жуда тез содир бўлади. Агар экинлардаги ушбу белгилар кечаси билан ўтиб кетмаса, у ҳолда экинлар сув танқислигини сезаётган бўладилар. Бу эса ҳосилдорликнинг пасайишига олиб келади.

Манба:

Қурғоқчилик ҳудудларида сув ресурсларини минимал сарфлайдиган ирригация ва мелиорация ҳамда қишлоқ хўжалигини юритиш усуллари бўйича қўлланма. Тошкент 2012.

Улашиш: