Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Бедани ўғитлаш бўйича тавсиялар

26/Aprel/2024 20:59
  578

Алмашлаб экиш тупроқ унумдорлигини ошириб бориш, бегона ўт, касаллик ва зараркунандаларга қарши самарали курашиш, экинлардан мўл ҳосил олишни кафолатлайди. Ғўза ва бошқа экинларни етиштиришда беда тупроқ унумдорлигини тикловчи асосий экиндир.

Илмий текшириш институтлари ва илғор тажрибакорларнинг маълумотлари асосида суғориладиган майдонларда илғор агротехникавий тадбирлар тизимини қўллаб, бедадан юқори ва сифатли ҳосил олинган. Беда уч йил давомида битта майдонда етиштирилса, гектаридан 400—600 ц сероҳсил пичан олиш мумкин, бунда ҳосилнинг асосий қисми иккинчи ва учинчи йилларга тўғри келади.

Беда пичани ва уруғининг ҳосилдорлигига минерал ўғитлар ўзига хос таъсир кўрсатади.

Азотли ўғитлар беда ҳаётининг биринчи йилида, ҳали тугунак бактериялар фаолияти жадаллашмаган пайтда, ижобий таъсир кўрсатади. Иккинчи ва учинчи йилларда бериладиган азот аксинча, беда ҳосилдорлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

ЎзПИТИнинг Марказий тажриба базасида типик бўз тупроқлар шароитида озиқ элементларининг беда ҳосилдорлигига таъсири ўрганилган (1-жадвал).

1-жадвал. Минерал ўғит меъёрларининг беда пичани ҳосилига таъсири, ц/га

(СоюзНИХИ, 1988)

Тажриба варианти

Биринчи йил

Иккинчи йил

Учинчи йил

3 йил давомида

Ўғитсиз

55.6

138.3

121.1

315.1

Азот

54.5

135.7

127.8

318.0

Азот-калий

55.4

139.0

131.0

325.4

Азот-фосфор

65.3

148.9

141.7

355.8

Азот-фосфор калий

63.7

165.0

147.7

376.4

Фосфор-калий

65.0

160.2

145.6

370.8

Бу маълумотлардан тупроққа фосфор ва калий биргаликда киритилганда, уч йил давомида ўғитсиз (қиёсий) вариантга нисбатан гектаридан 55,7 ц қўшимча ҳосил олинганлиги кўриниб турибди.

Мазкур тажриба натижаларидан тупроққа киритиладиган ўғитлар беда илдиз тизимининг ривожланишига ижобий таъсир кўрсатиши, бу эса ўз навбатида тупроқдаги органик моддалар миқдорини ортишига ҳамда физикавий хусусиятларининг яхшиланишига олиб келиши аниқланган. Бу маълумотлар 2-жадвалда ўз ифодасини топган.

Маълумотлар калийли ўғитларнинг беда ҳосилдорлигига ижобий таъсирини кўрсатади. Калий миқдори 200 кг/га га етказилганда, умумий илдиз сонининг ортиши йирик илдизлар сонининг кўпайиши ҳисобига содир бўлади. Калийли ўғитлар беда пичани таркибидаги хом протеин миқдорини ҳам оширади.

2-жадвал. Тупроқнииг 0-40 см қатламидаги илдизлар миқдорига ўғитлар меъёрининг таъсири, ц/га

(Пахтачилик институти маълумоти)

Йиллик ўғит меъёри, кг/га

Икки йиллик беда

Уч йиллик беда

Илдизлар:

Илдизлар:

фосфор

калий

йирик

майда

жами

йирик

майда

жами

100

-

69,9

15,3

86,2

89,1

26,0

115,1

100

50

73,4

15,6

88,0

91,8

29,4

121,2

100

100

88,1

25,2

113,3

93,7

41,0

134,7

100

200

92,6

25,2

117,8

123,5

29,9

153,4

100

300

73,5

20,9

94,4

92,9

29,0

121,9

Бедага қўлланиладиган фосфорли ўғитларнинг самарадорлиги тупроқ таркибидаги ҳаракатчан фосфор миқдорига боғлиқ. Туркманистоннинг эскидан суғориладиган ўтлоқи тупроқдарида ўтказилган дала тажрибаларининг натижалари тупроқдаги ҳаракатчан фосфор миқдори 5—10 мг/кг бўлганда, гектарига 300 кг, 50—60 мг бўлганда эса 60—120 кг фосфор (P2O5) киритиб, 500 ц гача беда пичани олиш мумкинлигини кўрсатган. Шунга ўхшаш натижалар Республикамизда ва Тожикистоннинг қадимдан суғориладиган бўз тупроқдарида ҳам олинган.

Беда арпа, сули, маккажўхори билан аралаштириб экилганда, азотнинг йиллик меъёри 150—200 кг/га гача етказилиб, 50%и экиш олдидан, 50%и маккажўхори поясининг бўйи 1 м га етгунга қадар берилади.

Беда ҳосилини оширишда микроўғитларнинг аҳамияти катта. Ўтлоқи тупроқдарга шудгор остига микроэлементлар қўшилган донадор суперфосфат киритилганда, беда пичани ҳосилдорлиги 18,4—36,4%га, уруғ ҳосили эса, 31,9—53,2%га ошган.

Ўзбекистон Республикаси аграр саноат ишлаб чиқариш қўмитасининг 1987 йилдаги тавсияси бўйича беда экишга мўлжалланган майдоннинг ҳар гектарига экишгача 50—60 кг азот (N), 100 кг фосфор (P2O5) ва 50—60 кг калий (К2О) киритиш тавсия қилинган. Озиқ моддалари билан паст даражада таъминланган тупроқдарда бу миқдор 25—30%га оширилади. Иккинчи ва учинчи йилларнинг эрта баҳорида 100 кг фосфор ва 50 кг калий қўллаш яхши самара беради.

Тўпланган маълумотларни умумлаштириб, бедани ўғитлаш юзасидан қуйидагича тавсия бериш мумкин:

— янгидан экиладиган бедага фосфорли ва калийли ўғитлар уч йилда бир марта асосий ишлов бериш пайтида, тупроқдарнинг ҳаракатчан фосфор ва алмашинувчан калий билан таъминланганлигини ҳисобга олган ҳолда, турли миқдорларда ишлатилади. Ҳаракатчан фосфор билан паст даражада таъминланган майдонларнинг ҳар гектарига 250—300 кг, ўртача таъминланган тупроқдарга эса 100—150 кг фосфор киритилади. Шудгор остига киритиладиган калийнинг миқдори гектарига 50—60 кг қилиб белгиланади. Агар экиладиган беда уруғига экиш олдидан нитрагин билан ишлов берилмаган бўлса, ниҳоллар униб чиққандан кейин гектарига 30—40 кг атрофида аммиакли селитра қўллаш яхши самара беради;

— экиш олдидан ўғитланмаган майдонларга кейинги йилларнинг эрта баҳори ёки кузида 50—60 кг фосфор ва 25—30 кг калий киритилади ва изидан тирмаланади.

Юқоридаги тадбирлар амалга оширилганда, уч йил ичида ҳар гектар майдондан 350—500 ц дан ошириб беда пичанини тайёрлаш мумкин.

Манба:

Б. Мусаев (2001). Агрокимё. Тошкент: Шарқ.

Улашиш: