Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Полиз экинлари уруғларини экиш бўйича тавсиялар

22/Noyabr/2024 19:05
  1229

Уруғни экишга тайёрлаш. Полиз экинларидан мўл ҳосил олишда юқори сифатли, нав жиҳатидан тоза уруғлар экилиши керак. Товар маҳсулотлар етиштиришда экиладиган уруғлар нав жиҳатидан 3 категориядан, сифати жиҳатидан эса 2 категориядан паст бўлмаслиги керак. Бу уруғларда карантин қилинган ўтлар уруғи, тирик ўргимчаккана ва бошқа зараркунандалар ҳамда уларнинг замбуруғлари бўлмаслиги шарт. Бир йил сақланган полиз экинлари уруғи энг юқори ҳосил беради. 5-6 йил сақланган уруғлар унувчанлик хусусиятини яхши сақласада, ҳосилдорлиги кескин камайиб кетади.

Экиш учун йирик, оғир вазнли уруғлардан фойдаланилади. Уруғлар солиштирма оғирлигига қараб сараланади. Бунинг учун улар 1-2 дақиқа мобайнида ош тузининг 3-5 фоизли эритмасига солинади. Бунда соғлом, оғир уруғлар эритма тагига чўкиб, майда, енгил уруғлар эритма юзида сузиб юради. Чўккан уруғлар экиш учун олинади.

Полиз экинлари уруғлари экилишдан олдин, албатта, зарарсизлантирилиши керак. Касалликлар олдини олиш учун меркуран 1 т/кг ва риксилин офтанол Г-40-50 т/кг препаратларининг бирортаси аралаштирилиши керак. Уруғ герметик ёпиладиган идишга препарат билан қўшиб солиниб, 5-10 дақиқа мобайнида силкитиб зарарсизлантирилади. Фузариоз сўлиш касаллигининг олдини олиш учун қовун уруғи экишдан олдин мис, рух ва марганец (0,05% ёки 0,5 г/л), темир ва бор (0,025 ёки 2,5 г/л) микроэлементларининг бирортаси эритмасида ивитилиши керак. Микроэлементлар эритмасида уруғ +22-25оС ҳароратда 12 соат мобайнида ивитилади. Уруғларни 0,03 фоизли метил эритмасида экишдан олдин ивитиш ўсимлик таркибидаги биогенлик таъсирини кучайтиради.

Эрта муддатда уруғлар ивитилмасдан, ер яхши қизиганда эса ивитилиб экилади. Уруғлар сутка мобайнида ивитилганда суви тез-тез алмаштириб турилади ва экилишидан олдин бироз қуритилади. Булардан ташқари улар барботажланиши, ундирилиши, қиздирилиши ва чиниқтирилиши ҳам мумкин.

Уруғларнинг экилиш муддати, меъёри ва чуқурлиги. Полиз экинларини экиш муддати тупроқ ҳарорати билан боғлиқ. Тупроқнинг 8-10 см чуқурлигидаги ҳарорати йирик мевали ва қаттиқ пўстли қовоқлар учун +8-10оС, қовун ва тарвуз учун эса +12-13оС га етиши билан уруғ экила бошланади. Бундай шароит жанубий минтақаларда апрел ойининг бошларида, шимолий вилоятларда эса апрел ойи охирида юзага келади. Полиз экинларини жуда эрта ва кеч экилиши улар учун хавфли ҳисобланади.

Полиз ўсимликларининг экилиши муддати улар етиштириладиган минтақанинг иқлим ва тупроқ шароити, экиладиган у ёки бу навнинг вегетация даври, маҳсулотнинг қандай мақсадлар учун мўлжаллангани каби омиллар мажмуи асосида аниқланади.

Ўзбекистон сабзавотчилик, полизчилик ва картошкачилик илмий тадқиқот институти полиз экинларини қуйидаги муддатларда экишни тавсия этади: Марказий минтақада жойлашган вилоятларда қовун ва тарвузнинг эртаги навлари 15 апрелгача, ўртагиси 20 апрелдан 10 майгача, кечкиси 15 майдан 10 июнгача; жанубий вилоятларда эртаги навлар 10 апрелгача, ўртагиси 10–20 апрелда, кечкилари эса 10–20 июнда экилади. Шимолий ҳудудларда эртаги қовун ва тарвузни 20 апрелгача, ўртаги навларни 25 апрелдан 10 майгача, кечки навларни 20–30 майда экиш лозим. Қовоқнинг барча навларини жанубий зоналарда 20 апрелдан 10 майгача, марказий ва шимолий вилоятларда эса 25-30 апрелда экиш мақсадга мувофиқдир. Тавсия этилган экиш муддатлари баҳор фаслини бошланиши ва иқлим шароитига, улар экиладиган майдоннинг қаерга жойлашганлиги, тупроқ ва бошқа омилларга кўра ўзгариши мумкин.

Уруғни экиш чуқурлиги унинг майда ёки йириклиги, тупроқнинг намлиги, физик ҳолати ва экиш муддатига кўра 3 см дан 8 см гача бўлади. Уруғлар меъёридан чуқур экилса, ҳаво айланиши ёмонлашиб, ёш ўсимликлар қалин тупроқ қатлами қаршилигини енга олмай, экиннинг сийрак бўлишига сабаб бўлади. Юза экилган уруғлар намлик етишмаслигидан зарар кўради. Кўпинча тарвуз ва қовоқ уруғлари 5-7, қовун уруғи эса 4-6 см чуқурликкача экилади.

Экиш меъёри уруғларнинг майда-йириклигига, экиш тизимига ва ҳар уяга қадаладиган уруғ сонига боғлиқ. Қовун ва тарвуз уруғи ҳар уяга 4-5, қовоқ эса 3-4 дона экилади. Бир гектар ерга қовун ва майда уруғли тарвуз уруғи 4 кг, уруғи йирик тарвузлар ва қовоқ эса 5-6 кг экилади.

Қўлда экиладиган қовун уруғи 3-4 кг тарвуз ва қовоқ 3-5 кг сарфланади. Сеялка билан қаторлаб экилса, уруғ сарфи кўпаяди: қовун ва майда уруғли тарвуз уруғи 5-6 кг/га, йирик уруғли тарвуз ва қовоқларники эса 6-8 кг/га ни ташкил этади.

Манба:

В.И. Зуев ва бошқалар (2009). Сабзавотчилик ва полизчилик. Тошкент.

Улашиш: