Қулупнай етиштиришнинг энг асосий шартини биласизми?
Қулупнай ҳосилдорлиги тупроқни кўкламги юмшатиш вақтига боғлиқ бўлиб, тупроқ қанчалик эрта юмшатилса, ҳосил ҳам юқори бўлади. Ер тобга келиб, яъни қулупнайзорда ишлаш имкони бўлиши билан экин қатор оралари 10-12 см чуқурликда юмшатилиб, ўсимлик атрофидаги тупроққа ишлов берилади. Тупроқ унумдорлигига қараб, ҳар гектар ерга минерал ўғитлардан соф ҳолда 120-180 кг азот, 90-120 кг фосфор ва 30-60 кг калий солинади.
Азотли ва фосфорли ўғитлар йиллик меъёрининг тенг ярми эрта баҳорда (март), қолган қисми эса ҳосил териб олинганидан сўнг солинади. Ўсимлик бу вақтда келаси йил учун ҳосил куртакларини йиға бошлайди. Туплар эски, қуриган барглардан тозаланади, бунда қуриган баргларни четга олиб чиқиб, ёқиб юбориш керак. Очилиб қолган илдизларга тупроқ солиб чиқилади, чўкиб қолган ёки чуқурроқ экилган тупларнинг ўсиш нуқталари очиб қўйилади. Дала бегона ўтлардан тозаланиб, тупроғи юмшатилиб, экин зичлиги меъёрида ушланади, қуриб қолганлари ўрнига янгиси экилади.
Республика шароитида қулупнай етиштиришнинг энг асосий шарти экинни сув билан таъминлашдир. Тез-тез бўладиган ёғингарчиликлар ўсимликнинг вегетация давридаги намга бўлган талабини қондира олмайди. Қулупнай вегетация даврида 13-24 маротаба суғорилади, бунда ҳар суғоришда гектарига 300-800 м3/га сув сарфланади. Фарғона водийсининг шағалли ерлари ҳамда Бухоро, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида суғоришни тез-тез, лекин озроқ миқдорда, Тошкент вилоятининг оғир тупроқли ерларида эса камроқ, лекин экин қонгунча ўтказиш зарур.
Суғориш вақти ҳаво ҳарорати ва тупроқ намлигига боғлиқдир. Биринчи суғориш мева туга бошлаганда – апрель ойида, лекин баҳор эрта ва қуруқ келганда март ойида бир марта суғорилади, май ойида 3-4 маротаба, июнда 2-3, июлда 3, августда 2, сентябрь ва октябрь ойларида бир маротабадан суғорилади. Ҳосил пишиш даврида жўяк оралатиб суғорилади.