Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Карп балиқларида учрайдиган баъзи касалликлар

20/Noyabr/2024 16:19
  1100

Ҳовузларда ва табиий сув ҳавзаларида балиқларнинг барча касалликлари ўз табиатига кўра иккита асосий гуруҳга бўлинади: юқумли ва юқумсиз.

Юқумли касалликларга қўзғатувчилар томонидан юқтириладиган касалликлар киради. Юқумсиз касалликлар қўзғатувчиларга эга эмас ва улар ташқи муҳитнинг ноқулай таъсири, жароҳатлар, заҳарларниш, сифатсиз озуқалардан фойдаланиш натижасида пайдо бўлади.

Юқумли касалликлар ўз навбатида инфекцион ва инвазион касалликларга бўлинади. Инфекцион касалликларни вируслар, бактериялар ва замбуруғлар келтириб чиқаради. Инвазион касалликларни содда ҳайвонлар  (бир хўжайрали организмлар,хивчин оёқлилар, миксоспроидиялар, микроспоридиялар, инфузориялар ва б.) гельминтлар (тремотодлар, моногенеялар, лентасимон чувалчанглар, зулуклар ва б.), қисқичбақалар (эшкакоёқли ва тенг оёқли қисқичбақалар), моллюскалар келтириб чиқаради. Мазкур мақолада фақат республикамиз ҳудудида кенг тарқалган касалликлар кўриб чиқилган.

Асфикция - сувда кислород танқислиги (йўқлиги) заморга олиб келади ва балиқлар асфиксияси (буғилиш, нафас қайтиши)ни келтириб чиқаради. Кислород танқислигига унинг сув манбасида етарли миқдорда бўлмаслиги, ҳовузларнинг яхши тайёрланмаганлиги, балиқларни ҳаддан зиёд тиғиз ўтқазиш ва ҳоказолар сабаб бўлиши мумкин. Бунда яхши семирган балиқлар кам миқдорда нобуд бўлади. Кислород танқислиги чоғида балиқлар оқимларга тўпланиб, ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас ола бошлайди. Касалланган балиқларнинг ойқулоқлари оқиш ва шишган бўлади. Балиқ шалпайиб қолади ва яхши озиқланмайди. Мадорсизланган балиқни шамол қирғоқларга олиб чиқариб ташлайди ва бу ерда у нобуд бўлади (1-расм).

1-0814521-986575321-89631.jpg (30 KB)

1-расм. Балиқларда асфикция

Сув таркибида кислороднинг меъёрдан ортиқча бўлиши ҳам қон томирларнинг кислород пуфакчалари билан тиқилиши натижасида балиқларнинг нобуд бўлишига олиб келиши мумкин. Кислород миқдори керагидан ортиқча бўлган сувда узоқ ушлаб турилганда балиқлар безовталана бошлайди ва талвасаланиб ҳаракат қилади.

Амурларнинг бактериал энтерити - Pseudomonas f бактерия касаллик қўзғатувчиси ҳисобланади. Intestinalis – бир хивчинли қисқача ҳаракатчан таёқча. Бу касалликка бир йиллик ва икки ёшли оқ ва қора амурлар тез чалинади.  Касалликнинг шиддатили ривожланиши йилнинг энг иссиқ даврида, сув ҳарорати 22-260С бўлган вақтга тўғри келади ва балиқларнинг 90 фоизигача нобуд бўлиши билан кузатилади. Касалланишнинг авж олишига сувнинг юқори ҳарорати ва озуқанинг етишмаслиги сабаб бўлади.

Касалланган балиқ озуқани оғзига олмайди, қирғоқларга яқинлашади, осон тутилади. Танасининг устки қатлами диярли қоп-қора бўлади. Ташқи тешик атрофида шишик ва қизаришлар кўзга ташланади. Қорнидан босилганда ташқи тешикдан қоннинг тўдалари ва сариқ шилимшиқлар ажралиб чиқади. Касал балиқни ёришда қорин бўшлиғида экссудат тўдалари қайд этилади. Жигар ва талоқ гиперемирланган. Ичаклар кучли яллиғланган ва қизил-бинафшарангда бўлади.

Диплостомоз – балиқлар кўзларига жойлашиб олувчи Diplostomum турига мансуб трематод личинкалари келтириб чиқарадиган касаллик. Диплостомознинг бир неча шакллари маълум. Кўз хрусталигига жойлашиб олувчи метацеркариялар томонидан юқтириладиган паразит катаракта кенг тарқалган (2-расм). Диплостомоз қўзғатувчилари ҳовуз балиқларининг барча турларида паразитлик қилади, лекин карп бунга энг кам, оқ дўнгпешона ва оқ амур энг кўп чалинади. Касалланган балиқларда хрусталикнинг қисман ёки тўлиқ хираланиши (оқариши) қайд этилади. Кучли зарарланиш ҳолларида балиқлар кўр бўлиб қолади. Баъзан экзофтальмия (кўзнинг чўччайиши), хрусталикнинг тушиб қолиши кузатилади.

2-15742846733302589623-7523.jpg (39 KB)

2-расм. Балиқлар диплостомози

Зарарланган балиқ сувнинг устки қатламида туради, унинг ҳаракатларини мувофиқлаштириш бузилган. Метацеркарияларнинг паразитлик қилиши балиқларда кўрликни келтириб чиқаради. Касал балиқларда ўсиш суъатлари ҳам пасаяди, узунлиги ва танасининг вазни камаяди. Зарарланган балиқ балиқхўр қушлар ва йиртқич балиқлар учун осон ўлжага айланади. Касаллик балиқларнинг оммавий қирилиши билан кузатилиши мумкин.

Амурлар қизилчаси - Касаллик 2 та мустақил касалликка бўлинади: геморрагик септицемия ва ярали шакл. Геморрагик септицемия ҳамма жойда тарқалган ва ярали шаклга қараганда тез-тез қайд этилади. Геморрагик септицемиянинг қўзғатувчиси бўлиб Pseudomonas fluorescens бактерияси ҳисобланади. Бу бир хивчинли, калта ҳаракатчан узунлиги 0,7-0,75 мкм бўлган айлана учли таёқча.

Геморрагик септицемияда айниқса қорин қисмида тери қопламаларининг гиперемияси кузатилади. Зарарланган жойларда тангачалар тушиб кетади. Сузгичлар гиперемирланади. Айрим ҳолатларда сузгичлар некрохи кузатилади.

Ярали шаклнинг клиник белгилари абсцессларнинг ҳосил бўлиши билан тери ва мускул тўқималарининг шамоллаши кўринишида намоён бўлади, бунда абсцесслар ёрилганидан сўнг танада яралар ҳосил бўлади. Сузгичлар гиперемияси қайд этилади.

Лигулез - Касалликни чучук сув балиқларининг кўплаб турлари, айниқса карп балиқларининг тана бўшлиғида паразитлик қилувчи Ligula туридаги ремнецлар келтириб чиқаради. Жинсий етилган зотлар балиқхўр қушларнинг ичакларида яшайди. Ҳовуз хўжаликларида касаллик асосан оқ ва чипор дўнгпешоналарда, оқ амурда қайд этилади. Қўзғатувчилар Ligula intestinalis туридаги плероцеркоидлар – узунлиги 10-120 см бўлган оқ рангли йирик, мускулли қайишсимон гельминтлар (3-расм). Ремнецларнинг ривожланиши мураккаб ва иккита оралиқ хўжайиннинг иштирокида кечади. Инвазиянинг манбаси бўлиб балиқхўр қушлар ҳисобланади. Ҳовуз хўжаликларида балиқнинг зарарланиши 40-100 фоизга етади. Карп ва оқ амур зоопланктон билан озиқланадиган чавақ ёшида ремнецлар билан касалланиши мумкин. Агар улар каттароқ ёшда ушбу касалликка чалинса, бу ҳовузда зообентоснинг етишмаслигидан ёки сунъий озуқаларнинг мавжуд эмаслигидан ва шунинг учун зоопланктон билан озиқланишга мажбурликдан далолат беради. Бу ҳол оқ амурга ҳам тегишли бўлиб, у катта ёшида юқори сув ўсимликларини истеъмол қилади. Касалликнинг авжга чиқиши ва балиқларнинг нобуд бўлиши одатда баҳорда ва ёзда қайд этилади, чунки бу вақтда плероцеркоидлар жуда фаоллашади. Касалланган балиқнинг қорни дамлаб, ушлаб кўрилганда жуда қаттиқ бўлади. Касал балиқлар сувнинг юзачига сузиб чиқади, озиқланмай қўяди ва вазни бўйича соғлом балиқлардан ортда қолади. Ремнецларнинг балиқларга асосан механик таъсир этади, яъни бунда хўжайиндан озуқа моддаларининг бир қисми сўриб олинади, углевод-мой алмашуви бузилади, қон таркибида ўзгариш юз беради, жинсий безлар ривожланмай қолади. Тана бўшлиғига мослашиб ва у ерда катталашиб, плероцеркоидлар ички органларга зиён етказади, айниқса жигар, сузгич пуфаги, жинсий безлар функцияларини бузади, бу кўпинча ички органларнинг дистрофиясига олиб келади, бунинг оқибатида паразитар кастрация юзага келади. Кўп ҳолларда кучли инвазия вақтида балиқ танасининг девори ёрилади ва плероцеркоидлар сувга тушади. Механик таъсирдан ташқари гельминтлар алоҳида органлар ишлаши ва моддаларнинг умумий алмашувини бузган ҳолда организм фаолияти маҳсулотлари билан интексикацияни келтириб чиқаради.

3-bolezni7892ryb3-12025489.jpg (38 KB)

3-расм. Балиқлар лигулези

Балиқларнинг шамоллаши - Ҳаддан ташқари совуб кетиш иссиқни севувчи балиқларда қиш даврида асосан шу йилги зотларида кузатилади. Узоқ вақт мобайнида паст ҳароратлар (0,20С дан паст) таъсири остида шу йилги балиқлар ҳаракат мувофиқлашувини йўқотади, ёнбош бўлиб сузади, бунда балиқ танасининг устки қатлами хиралашади ва тери юзасида ясси яралар ҳосил бўлади. Ойқулоқларда шишиш кузатилади. Ҳаддан ташқари совуб кетган, музлаган участкаларга (кўпинча бошнинг юқори қисмида, ойқулоқларда) паразит замбуруғлар, бактериялар ва бошқа паразитлар жойлашиб олади.

Д. Шохимардонов

Улашиш: