Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Гидропоника: барча майдонда экиннинг бир хил ривожланишини кафолатлайди

20/Aprel/2024 14:18
  643

Давлатимиз раҳбари жойларда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёни, бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида Сирдарё вилоятига ташрифи чоғида Ховос туманидаги “Gran Ruta De La Seda” корхонаси томонидан замонавий усулда ташкил этилган гидропоника иссиқхона мажмуасини ҳам кўздан кечирди. Уни кенгайтириш, Жанубий Кореядан келтирилиб, фойдаланилаётган замонавий технологияларни ўзимизда ишлаб чиқариш ва харажатни камайтириш юзасидан кўрсатмалар берди. Бу ҳақда «Халқ сўзи» газетаси хабар берди.

Гидропоника усулидаги иссиқхоналарнинг афзаллиги шундаки, у ер танламайди, — дейди корхона раҳбари Собир Шокиров. — Негаки, бундай мажмуаларда кўчат табиий тупроққа жойлаштирилмайди, аксинча, махсус токчалардаги озуқага экилади. Бу эса бўш ётган майдонлардан ҳам фойдаланишда айни муддаодир.

Бу усулда суғориш, озиқлантириш жараёни аниқ ҳамда сифатли бажарилади. Бу икки вазифа компьютерлаштирилган тизим орқали амалга оширилади. Автомат “хабарчи” биронта кўчатга сув бормаётган бўлса, унинг жойлашган нуқтасигача агрономларга ахборот беради. Яна бир жиҳати, минг-минглаб кўчатларнинг ҳар бири 50 грамм сув ичиши лозим бўлса, уларнинг илдизига шунча миқдордаги обиҳаёт берилади. Бу эса барча майдонда экиннинг бир хил ривожланишини кафолатлайди. Энг муҳими, ҳосил сифати ҳам бир хил — аъло бўлади.

Гидропониканинг самарадорлигини ифодаловчи, у ҳақда тасаввур уйғота оладиган рақамлар талайгина. Масалан, анъанавий иссиқхона шароитида бир туп помидор кўчати ўртача 3 килограмм ҳосил тугса, гидропоникада бу 12 килограммгача етади. Бошқача айтганда, кўчат илдизи ҳам, танасию барги ҳам турли зараркунанда ва касалликлардан мустаҳкам иҳоталанган (ёки ҳимояланган) кўчатларнинг умри узоқ бўлади. Буни ноябрда ўтқазилган кўчат қарийб бир йил яшнаб туриши билан изоҳласак бўлади. Бинобарин, дастлабки 3-4 ой кўчатларнинг ҳосилга кириш даври бўлса, сўнгра ундан 6-7 ой давомида сархил помидор узиш мумкин. Бўйи шифтга етмаслиги учун эса ҳосилдан бўшаган поянинг пастки қисми ер томон тушириб борилади. Шундай қилиб, гидропоника орқали деҳқоннинг ҳисоб-китоб дафтарида бир гектардан 120 — 140 тонна помидор, 80 — 100 тонна бодринг олинганлиги тўғрисидаги қайдлар пайдо бўлади. Ўз навбатида, ҳосил бериш даври қисқа бўлганлиги боис бодрингни бир йилда уч марта экиш имконияти ҳам мавжуд. Яна денг, такрор бўлса ҳам айтиш ўринлики, ташландиқ ва экин ўстириш учун яроқсиз майдонлар ҳисобига.

Манба: www.xs.uz

Улашиш: