Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Мевали дарахтларни совуқдан ҳимоялаш тадбирлари

21/Noyabr/2024 01:10
  1374

Мевали боғларни совуқдан зарарланиш даражаси кўпгина омилларга боғлиқ. Булардан асосан тупроқ унумдорлиги, пайвандтагнинг совуққа чидамлилиги, навлар, ернинг шўрланиш даражаси ва ўтказилаётган агротехник тадбирлар шулар жумласидандир.

Мевали боғларнинг совуққа чидамлилиги ва чидамсизлилиги экиннинг кузлашганлигига боғлиқ. Агар ўсимлик кузлашини узайтирса навларни совуққа чидамлилиги паст, кузлаш тезроқ бўлса совуққа чидамлилиги баланд бўлади. Ўз вақтида кузлашса новдалар тўлиқ етилади, бу новдалар фойдали моддалар тўлиқ таъминланиб совуққа чидамли бўлиш даражаси ошади.

Доимий нам, қаттиқ, қумли ва унумдорлиги паст тупроқларда ёш ва ҳосил берадиган новдалар тўлиқ пишиб етилмайди ва натижада совуққа чидамлилиги пасайиб кетади.

Шунингдек, шўрлик даражаси баланд, қумоқ, қуруқ, унумдорлиги паст тупроқларда новда ўсуви пасаяди ва кам миқдорда фойдали элементлар билан қишгача бориши туфайли совуққа чидамлилик даражаси камаяди.

Кўп ҳолатларда ҳайдалмаган бегона ўтлар билан қопланган боғларга совуқ кўпроқ таъсир қилади. Минерал ва маҳаллий ўғитлар билан таъминланган, зарарли ҳашаротларга, касалликларга қарши кураш ишлари ўз вақтида бажарилган боғларда совуққа чидамлилик даражаси юқори бўлади.

Тоғли ва тоғ олди майдонларда, яъни шамоллардан ҳимояланмаган мевали боғлар совуқдан  кўпроқ зарарланади, чунки мевали дарахтнинг тиним даври эртароқ тугаши туфайли баҳорги совуқларнинг таъсири юқори бўлади.

Дарахтни танасига жануб совуғининг таъсири кучли бўлади, сабаби қуёш нури ҳисобидан иссиқлик томир қисмига таъсир этиб тиним даврига ўтиши узаяди ва совуқнинг таъсири юқори бўлади. Шунинг учун пайванднинг совуққа чидамлилигини ошириш, фосфорли ва калийли ўғитларни ўз вақтида бериш муҳим аҳамиятга эга.

Мевали боғлар новдаларини нотўғри кесиш, хусусан ўз вақтидан эртароқ ёки муддатидан олдин кесиш совуққа чидамлилигини пасайтиради.

Дарахтлар шаклининг ҳам совуқдан асрашда ўрни бор. Агар пирамидал шаклда бўлса, совуққа чидамли, шарсимон ҳолатдагисига совуқнинг таъсири кучлироқ бўлади.

Шуни эътиборга олиш лозимки, баъзида етилган меваларни дарахтда то қишгача қолдириш ҳам совуққа чидамлилигини пасайтириб юборади. Чунки дарахт танасидаги моддалар мевани сақлашга сарфланади ва пировардида ҳосил камайиб кетишига олиб келади.

Мевали дарахтларнинг танасини оқлаш кўп ҳолларда совуқдан ҳимоялаш ва қуёш нурини тўғридан-тўғри тушишини пасайтиришнинг энг яхши усули ҳисобланади. Бу тадбир ҳисобига мевали дарахтни уйғониш даври, яъни тиним даври узаяди. Кўп ҳолларда мева териш даврида йўғон шохлари синади ва то тиним давригача синган шохлар кесиб олинади ва албатта кесилган жойларини, яъни 2 см дан ошган ҳолларда мойли бўёқ ёки алиф билан суртиб чиқиш совуқдан зарарланишини камайтиради.

Мевали дарахтларни ёшартириш ишларини бирданига эмас, балки 2–3 йилда амалга ошириш зарур. Чунки бирданига ёшартириш дарахтнинг қуришига ёҳуд совуққа чидамлилигини пасайтириб юборади.

Агар мевали дарахтлар тана қисми ёки қалин шохларининг танаси шилинса, совуқ таъсирида ёрилиб, захм пайдо бўлса, захланган қисмини тозалаб 5% мис купороси, 5% Бордо суюқлиги билан тозалаб ювиб, оҳакли бўтқа суртиш керак. Мевали боғларни вегетация даврида 2–3 маротаба азотли ўғитлар, маҳаллий ўғитни шарбат усулида, фосфорли ва калий ўғитларни 40–50 см чуқурликда дарахтнинг томир қисмига яқин масофада чуқур қазиб берилса, куз пайтида фойдали элементлар билан тўйинган ҳолда тиним даврига тез тайёр бўлади.

Шафтоли, олча ва ўрик дарахтлари совуқдан зарарланса, буни қайта тиклаш қийинроқ, олма ва нокка нисбатан совуқдан зарарланган дарахтларни эрта баҳорда кесиб ташламасдан, парвариш қилинса, тирик қолган камбе қаватлари ҳисобига яхши ҳолатга келтириш мумкин.

Эрта баҳор совуқларидан ҳимоялашнинг оддий усуллари:

- мевали дарахтлар эртароқ уйғонмаслиги учун тупроқ, оҳакли аралашма, яъни оқ тупроқ қўшилмаси билан бўяш (пуркаш) 1/3;

- кечалари ҳафтасига бир маротаба оддий сув сепиш;

- тутундан фойдаланиш (кечки вақтларда);

- яхоб суви бериш (тиним даврида).

Ушбу усуллар мевали дарахтлар уйғонишининг тиним даврини 5–6 кунга кечиктиради ва эрта баҳордаги, яъни март-апрель ойлардаги совуқдан ҳимоялайди.

Н. Астанақулов

Улашиш: