Пистазорлар учун тупроқни тайёрлаш ва хандон писта уруғини экиш
Экишдан олдин тупроқни тайёрлаш. Хандон пистанинг экинларини етиштириш учун агротехник тадбирлар биринчи навбатда тупроқнинг унумдорлигини ва унинг максимал даражада намлик заҳирасини сақлашга қаратилиши лозимдир. Ундан ташқари, у ёғин-сочин таъсиридаги қияликларда сув оқимини тартибга солишга, эрозия жараёнини олдини олишга қаратилиши зарур. Агарда хандон пистани плантацияларини қияликлари 18-20° дан ошмаган ерларда етиштирилса, ялпи равишда ер ҳайдалади, қиялиги 20° дан юқори бўлган ерларда тупроқ горизонтал йўналишда зинапоялар (терассалар) ёки кичик майдончалар услубида тайёрланади (1-расм). Майдончаларни катталиги 2х1,5 м бўлиб қияликда шахмат тартибида жойлаштирилади. Қиялик бўйича зинапоялар оралиғи 6-8 м, майдончалар миқдори эса 1 гектарда 600-700 та гача(1000 тагача) бўлади.
Қияликларда Ўрта Осиё ўрмон хўжалиги илмий-текшириш институтининг конструкциясидаги рейка ёрдамида горизонтал йўналишлар белгиланади. Зинапоялар қияликнинг юқори қисмидан бошлаб тайёрланади. Кузда (терассалар тайёрланган йили) плуг ёрдамида терассанинг юза қисми 30 см чуқурликда ҳайдалади, бунда плугдаги ағдарувчи қисми олиб ташланади.
Кейинги йилнинг баҳорида терассалар таъмирланади ва иккинчи марта уларнинг юза қисми 30 см чуқурликкача ҳайдалади. Майдончалар қўл кучи ёрдамида тайёрланади, унинг юза қисмининг қиялиги тескари йўналишда бўлади, яъни қияликдан оқиб тушган сувни йиғиш учун, тупроқ 25 см гача чуқурликда юмшатилади.
1-расм. Қияликда жойлашган хандон пистанинг экинлари
Хандон писта уруғини экиш. Уруғларни экиш эрта баҳорда, одатда февралнинг охири-мартнинг бошида, тоғолди майдонларда, денгиз сатҳидан 500-800 м баландликда эса апрелнинг биринчи ёки иккинчи ўн кунлигида бажарилади. Экиш икки кишилик звено билан амалга оширилади, бири экиш учун ариқчаларни 15-20 см узунликда чуқурлиги 5-8 см қилиб тайёрлайди, уруғларни устини тупроқ билан ёпади. Иккинчиси уруғларни ариқчаларга 6-8 тадан бир текисда (меъёрда) жойлаштириб, иложи борича экилган уруғларни устки қисмига қипиқ ёки чириган гўнг, сомон билан 1-2 см қалинликда қопланади.
Уруғлар терассанинг юза қисмида ўйилган ташқи қияликдан 40-50 см масофада жойланиши лозим. Микротерассаларда - қўлда тайёрланган майдончаларда ҳам уруғлар ўйилган қияликка яқин жойлаштирилиши керакдир.
Хандон пистанинг биологик хусусиятларидан келиб чиқиб текис майдонларда ялпи ҳайдалган ерларда уруғлар 8х8; 8-10 ёки 10х10 м оралиқда жойлаштирилади, экилган қаторлар оралиғи эса терассанинг юзаси бўйича 8-10 м бўлиши керак.
Агарда дарахтзорлар тупроқни ва сувни муҳофаза қилиш мақсадида барпо этилса, уруғлар терассани юза қисми бўйича 3-5 м оралиқда жойлаштирилади.
Манба:
Чернова Г.М. (2010) Ўзбекистонда эрозияга қарши ва сув хавзаларини мухофаза қилишда хандон писта (Рistachio vera l.) экинзорларини барпо қилиш бўйича тавсиянома. Тошкент.