Цитрус ўсимликларининг уруғкўчатини етиштириш
Цитрус ўсимликларнинг уруғи унувчанлигини тез йўқотади. Шунинг учун мевадан ажратиб олиниши билан уларни тезда ерга ёки нам қумга экиш керак. Уруғ 5–8оС ҳароратда сақланади.
Ўзбекистоннинг шимолий минтақаларида уруғни очиқ ерга экиш учун апрелнинг биринчи ярми, жанубий вилоятларда эса апрелнинг бошлари энг қулай муддат ҳисобланади. Уруғ қаторининг ён томонига, сув кўтариладиган чизиқдан 2–3 см юқорига, 2–3 см чуқурликка экилади. Уруғ экилгандан кейин эгатлар мульчаланади. Экилгандан 15–20 кундан кейин, яъни майсалар чиққунча эгатлар қондириб суғорилади, қуриб ёки ҳаддан ташқари бўкиб кетишига йўл қўйиб бўлмайди. Майсалар чиққандан кейин қатор оралари культивацияланади, қаторлар юмшатилади. Биринчи жуфт барги чиққанда кўчатлар яганаланиб, оралиғида 20 см дан масофа қолдирилади. Кейинчалик ер тоза, нам ва юмшоқ ҳолда сақланади.
Пайвандтаглар кўчатзорларга кузда ёки баҳорда ўтқазилади, бунда қатор оралиғи 80 см, қатордаги ўсимлик оралиғи 20-25 см бўлиши лозим. Экишдан сўнг тупроқ намлигига боғлиқ бўлмаган ҳолда суғориш ўтказилади, ер етилгач қатор оралари юмшатиб чиқилади. Баҳорги экишдан сўнг 2-3 ҳафта ўтгач пайвандтагларнинг тутиб кетганлиги (баҳоргиси ҳам, кузгиси ҳам) текшириб чиқилади. Тутмаган пайвандтаглар ўрнига ҳатолар учун олиб қўйилган заҳирадан (10%) янгилари олиб келиб ўтқазилади.
Барча парвариш тадбирлари шунга қаратилиши лозимки, барча пайвандтаглар яхши ривожланиб, куртак пайвандга яроқли бўлиши керак. Уруғкўчатларнинг ўсишини тезлаштириш учун азотли ўғитлар икки муддатда берилади: 60 кг/га меъёрда кузги кўчатлар учун апрел ва июнда, май ва июнда баҳорги кўчатлар учун.
Манба:
1. Б.Х. Гулямов, С.Я. Исламов, И.Т. Нормуратов (2018). Цитрус экинларини етиштириш технологияси. Ўқув қўлланма. Тошкент.
2. agro.uz