Харид Қилиш Саватчаси

Жами

2019-2020 йилларда 11 минг 500 гектардан ортиқ экин майдони сув билан таъминланади

22/Noyabr/2024 19:54
  1202

Бугунги кунда мамлакатимизда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш мақсадида деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари экин майдонларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда суғориш тизимини яратиш, сув насосларини ўрнатиш, артезиан қудуқларини қазиш ва томчилатиб суғоришни йўлга қўйиш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу ҳақида ЎзА хабар берди.

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши бир қатор ҳамкор вазирлик ва ташкилотлар билан бирга мамлакатимиздаги сув таъминоти оғир бўлган 2 мингдан ортиқ маҳаллани аниқлади. Маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда 2019-2020 йиллар учун мўлжаланган томорқа ерлари ва чорвачилик учун сув чиқариш бўйича режа ишлаб чиқди. Қашқадарё вилоятининг Ғузор, Қамаши туманлари, Самарқанд вилоятининг Қўшработ тумани ва Сурхондарё вилоятидаги бир қатор сув таъминоти қийин жойларда тизимли ишлар олиб борилади. Бунинг натижасида келгусида 11 минг 500 гектардан ортиқ майдонни суғориш имкони яратилади.

Мазкур тадбирлар доирасида суғориш мосламалари харид қилиш учун ҳокимликлар ҳузуридаги жамғармалардан имтиёзли кредит ажратиш чоралари кўрилмоқда. Ушбу ишлар натижасида 2019-2020 йилларда мамлакатимиз бўйича 85 тумандаги 400 дан зиёд маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида артезиан қудуқларини қазиш ташкил этилади. Шунингдек, 95 минг 400 дан зиёд хонадон эгасининг 11 минг 500 гектардан ортиқ экин майдони ва иссиқхонаси сув билан таъминланади. Қазилган сув қудуқларини ишлатишда қайта тикланувчи энергия манбаларидан бири ҳисобланган қуёш энергиясидан фойдаланиш орқали сув чиқариш тизими ташкил этилади.

Тавсия этилган тизим сув ва электр энергияси мавжуд бўлмаган ҳудудларда ер ости суви захираси 100 метргача чуқурликдаги сув манбаларидан соатига 1 куб метр сувни тортиб олиш имкониятига эга. Қуёш энергияси тизими ёрдамида қудуқлардан чиқариладиган сувдан томчилатиб суғориш технологиясини қўллаш йўли билан 1 гектардаги боғларга сув етказиб бериш мумкин. Айниқса, олис қишлоқларда ер ости сувларидан оқилона фойдаланишни назорат қилиш, камайиб кетиши ва ифлосланишдан муҳофаза қилиш чоралари кўрилмоқда. Бу эса жойларда ноқонуний сув иншоотлари қурилишининг олдини олади.

Ушбу саъй-ҳаракатлар халқимизнинг озиқ-овқатга бўлган талабини қондириш, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва маҳсулот экспорти ҳажмининг ортишига ёрдам беради.

Манба: www.uza.uz

Улашиш: