Курка – кони барака
Курка гўшти парҳез маҳсулот ҳисобланиб, ўзининг сифати, таъми билан бошқа қишлоқ хўжалик паррандаларининг гўштидан устун туради. Гўшти таркибида юқори миқдорда, яъни 28 % протеин, ўрта меъёрда (2-5 %) ёғ бўлади, В витаминларига бой бўлиб, холестерин миқдори жуда оздир.
Куркаларни гўштга боқишда интенсив ва экстенсив (яйловда ўтлатиш) усуллар қўлланилади. Бунда айниқса, жўжаларини боқишга алоҳида эътибор қаратилади. Чунки жўжалари организмининг хусусияти шундаки, улар бошқа паррандаларга нисбатан нимжон, ҳарорат ўзгаришларига сезгир, шамоллашга мойил, бир жойда тез-тез тўпланиб туради.
Шу сабабли биринчи кундан бошлаб уларга қулай шароит яратиш, парваришланаётган хонада ҳарорат 32-35 даража иссиқ бўлиши керак. Кейинчалик ҳар ҳафтада 2-3 даражага пасайтирилиб борилади. Курка жўжалари парваришланаётган хонанинг ҳарорати қуйидагича бўлиши тавсия этилади: 1-3-кунда 35-32, 4-5-кунда 32-30, 6-10-кунда 30-27, 11-15-кунда 27-24, 16-20-кунда 24-22оС.
Курка жўжаларини полда қалин тўшамада ўстириш мумкин. Бинодаги 1 м2 майдонда ўстириш зичлиги: 1-30 кунда – 12 бош, 31-45 кунда – 5 бош бўлиши тавсия этилади. 1-2 ҳафталик ёшида ёруғлик узунлиги (режими) 17-20 соат, кейинчалик камайтирилиб бир кунда 14–15 соат бўлиши тавсия қилинади. Хонадаги ҳаво ҳароратидан ташқаридаги ҳаво ҳароратига аста-секин ўргатилади.
Жўжаларни 20 кунликдан бошлаб ташқаридаги ҳавонинг ҳароратига қараб, 10-20 минутга чиқариб, ҳар куни аста-секин кўпайтирилиб борилади. Куркалар гўштга яйловда ўтлатиш усулида 180-200 кунлик ёшгача ўстирилади. Ўстириш даврида уларга концентрат озуқалар ҳам берилади. Боқиш даврида ҳар доим охурларда озуқа бўлиши керак. Яхши ўсиб-ривожланиши ва сақланиши юқори бўлиши учун уларни тўла қийматли озуқа билан озиқлантириш зарур.
Курка жўжаларнинг организми товуқ жўжаларига қараганда кўпроқ оқсил ва витаминларни талаб қилади. Уларга донли озуқалардан майдаланган маккажўхори, буғдой, арпа донларининг аралашмаси берилади. Биринчи уч кунликда уларга қайнатилган тухумни донли озуқа билан аралаштириб бериш мумкин. 5 кунликдан бошлаб эса кўк беда бериш тавсия этилади.
Биринчи ҳафтадан бошлаб ичак касалликлари олдини олиш учун улар кўк пиёз билан озиқлантирилади. Кейинчалик кўк пиёз кўк ўт билан алмаштирилади. Оқсилли озуқалардан рационга шротларни (соя, кунгабоқар) киритиш мумкин. Курка жўжалари 10 кунлик ёшигача ҳар 2-3 соатда озиқлантирилади. Кейинчалик 2 ойлик ёшигача кунига 3-4 марта озуқа берилади. Катта ёшдаги курка рационининг асосий қисмини донли озуқалар (буғдой, маккажўхори, арпа) ташкил қилади.
Кўк ўтлардан беда курка учун энг мақбули ҳисобланади. Куркаларни яйловда ўтлатиб боқиш, иши ҳам яхши натижа беради. Жанубий минтақаларда яйловлардан тўғри фойдаланилганда, концентрат озуқаларни 30 % гача иқтисод қилиш мумкин.
Насл олиш даврида куркаларни тўйимли моддалар, айниқса, оқсил ва витаминларга бўлган эҳтиёжини қондириш лозим. Бу даврда она куркалар бир кунда 350-400 граммгача концентрат озуқалар ва 500 граммгача кўк озуқаларни истеъмол қилади. Улар яйловларда ўтлатилганда концентрат озуқа миқдорини камайтириш мақсадга мувофиқ.
Она куркалар яхши парваришланса, улардан 60-70 донагача тухум олиш мумкин. Улар озиқлантириш рационлари ва асраш шароитларини ўзгаришига, юқумли ва юқумсиз касалликларга жуда сезгир бўлади. Ўстириш ва парваришлаш даврида уларни сақланиши яхши бўлиши учун албатта ветеринария мутахассислари билан маслаҳатлашиб иш олиб бориш мақсадга мувофиқ.