Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Баргхазондан озуқа сифатида фойдаланиш

23/Noyabr/2024 00:02
  1052

Ҳозирги кунда республикамизнинг барча вилоятларида интенсив боғларни ташкил қилиш, етиштирилган меваларнинг сифатли ва дунё бозорларида рақобатбардош бўлишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Маълумки, баъзи бир одамлар куз мавсумида мевали дарахтларининг тўкилган баргларини олиб қуритиб, чорва ҳайвонлари учун қиш мавсумида озуқа сифатида фойдаланадилар. Албатта, бундай одамлар сони жуда кам. Ушбу соҳага яқинроқ ёндашиш мақсадида бир неча хил кузатув ва тажриба ишлари ўтказдик. Ана шундай тажрибалардан бири турли ёшдаги мевали дарахтларда бир йилда, яъни мавсумда тўкиладиган барг хазоннинг миқдорлари, шунингдек, турли хил дарахт баргларининг қалинликлари ва вазнлари аниқлашдан иборат бўлди.

Тажриба натижалари шуни кўрсатдики, ўртача 5 ёшдан 15 ёшгача бўлган гилос ҳамда хурмо дарахтидан бир йилда 5 кгдан 20 кггача баргхазон тўкилиши мумкин экан. Баъзи бир манзарали дарахтлардан бир йилда тўкилиши мумкин бўлган баргхазоннинг миқдори 50-100 кгга бориши ҳам мумкин. Кузатишларда тўкилган барглар қуритилгач бошланғич массасига нисбатан уларнинг 40фоиз қолиши аниқланди. Баргларнинг қалинликлари эса 0,16-0,26 мм эканлиги маълум бўлди.

Ҳулоса қилиб айтиш жоизки, келажакда боғдорчилик фермер хўжаликларидаги мевали дарахт баргларидан самарали фойдаланишга эътиборни қаратиш даркор. Яъни, боғларимиздаги мевали дарахт барглари беҳуда исроф бўлишига ҳеч йўл қўймаслик керак.

Олиб борилган тажрибалар шуни кўрсатадики, биринчи навбатда куз мавсумида мевали дарахтлардан тўкилган баргларни самарали ва сифатли йиғиштириб олишни таъминлаш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, иккинчидан, баргларни йиғиштириб олишни механизациялаштириш, учинчидан, йиғиштириб олинган баргларни сифатли қилиб қуритиш, тўртинчидан, қуритилган баргхазондан озуқа брикети ёки озуқа витамин унини ишлаб чиқаришни ташкил этиш мақсадга мувофиқдир. Чорвачилик соҳасида ҳар бир чорва озуқасининг озуқа бирликлари аллақачон аниқланган. Лекин, шу вақтгача мева дарахти баргларнинг озуқа бирликлари ҳеч бир манбаларда келтирилмаган. Шу мақсадда келажакда чорва ҳайвонлари учун янги озуқа авлодини ташкил этиш мақсадга мувофиқ бўлса керак.

Баргларнинг хусусиятларини ўрганиш мақсадида уларни вегетация даврида баргларидан маълум миқдорда узиб олиниб, 3 кун мобайнида офтобда қуритилиб уларни уқаланадиган даражасига олиб келинди ва ун сифатида майдаланди. Баргхазонлар устида олиб борилган тажрибалар шуни кўрсатадики, куз мавсумида ўзи тўкилиб ерга тушган баргхазон қуритилганидан сўнг унинг бошланғич массасига нисбатан 40-45 фоизи қолса, вегетация даврида қўл билан мажбурий узиб, уни уқаланиш даражасигача қуритилганда уларнинг бошланғич массасига нисбатан оғирлик массасининг 18,5-21,5 фоизи қолиши маълум бўлди. Яъни, вегетация давридаги баргларнинг намлилик даражаси 78,5-81,5 фоизни ташкил қилар экан.

Тажрибалар узум ва гилос барглари устида олиб борилди. Вегетация даврида узиб олинган узум ва гилос барглари қуритилиб улардан турли ўлчамлардаги брикет намуналари тайёрланиб, ҳайвонларда синаб кўрилди. Чорва ҳайвонлари брикетни суюб ейиши маълум бўлди. Чунки брикетни тайёрлашда 15 фоиз ширали шарбатдан фойдаланилди.

briketlar-fjd21-kri942-cn5s.gif (81 KB)

1-расм. Озуқа брикетлари

Боғларининг ҳар бир гектарида тахминан 500-600 тупдан мевали дарахт бўлади. Агарда улардан бир йилда энг камида 5 кгдан барг тўкилишини ҳисобга оладиган бўлсак, тасаввур қилинг, бир гектардан 2750-3250 кг гача баргхазонини тўплаш мумкин. Бу эса 1375-1625 кг озуқа дегани эмасми?

Ўтказилган тажрибалар келажакда чорва ҳайвонлари учун озуқа ресурсларини кўпайтириш мақсадида турли хил мевали дарахтлар баргларидан озуқа унлари тайёрлаш ҳамда уларнинг ҳар бирини лабораториядан ўтказиб озуқа бирликларини аниқлаб давлат стандартларига киритиш мақсадга мувофиқлигини кўрсатмоқда.

Муаллиф: З. Турғунов, Ф. Юнусова. Манба: oqshompress.uz

Улашиш: