Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Қулупнай оналик боғларини барпо этиш

22/Noyabr/2024 06:21
  1049

Қулупнай кўчатларининг Ўзбекистонда энг қулай экиш муддати 15 июлдан 15 августгача. Август ойидан кейин экилган кўчатлар яхши ривожлана олмайди ҳамда  келаси йили ҳосили кам бўлади. Қишда айрим совуқ кучли бўлган вақтда қулупнай тупларини совуқ уруши натижасида қуриб қолиши мумкин.

Қулупнай оналик боғини яратишда энг аввало оналик майдони учун ер танлаб олинади, ҳайдашдан олдин тупроқ унумдорлигига қараб гектарига  40-60 тонна ярим чириган гўнг ва 600-1000 кг суперфосфат солинган тупроқ 30 см чуқурликда ҳайдалиб, кейин чизель қилиниб, текисланади. Ундан сўнг ариқ олиниб суғорилади. Ариқларнинг кенглиги 70 см, кўчатлар ораси 30 см бўлиши керак.Тупроқ тўлиқ захлагач, майдонга қулупнай кўчатлари олиб келиниб 70х30 см схемасида кўчатлар экилади. Кўчатлар яхши ривожланган илдиз тизими камида 4-5 см ўсган, 2-3 та барги бўлган бўлиши керак.

Кўчатлар экилгач 3 кунгача майдонга жилдиратиб сув қўйилиб турилади.Экилган кўчатлар 10 кундан сўнг текшириб чиқилиб ҳар бир навдан кўкармай қолган кўчатлар хисоб китоб қилиниб, қуриган кўчатлар ўрни тўлдирилади.

Экилган кўчатлар тупроқ намлигига қараб ҳар 7-8 кунда суғориб турилади. Бир ойдан сўнг қулупнай кўчатларига енгил ишлов берилади. Бунда кўчат атрофи юмшатилиб, бегона ўтлардан тозаланади. Кузга бориб ҳаво совуй бошлагач ҳар 15-20 кунда бир маротаба сув берилади.

Қулупнай қатор ораларини ишлаш билан бир вақтда азотли ва фосфорли ўғитлар билан N60P30 ҳисобида озиқлантирилади. Бундай озиқлантириш натижасида илдиз системаси, барглар ҳамда янги ҳосил куртакларининг ривожланишига имконият яратилади.

Кузда қатор оралари чуқур ҳайдалиб туп атрофлари кўмма чопиқ қилинади. Ёш ўсимликларнинг илдиз ва новдаларини қорсиз қишнинг совуқ кунларидан сақлаш мақсадида похол ёки чириган гўнг гектарига 10-15 тонна солиб, ўсимликни қишки совуқдан сақланади.

Эрта баҳорда қулупнай  майдонига солинган поҳол йиғиб олинади. Қулупнайзор қатор ораси 10-12 см чуқурликда юмшатилиб, ўсимлик атрофидаги тупроққа ишлов берилади. Бунда қатор ораларини юмшатиш, жўяклар олиш, минерал ўғитлар солиш каби ишларнинг барчаси КЕН-4,2, КОН-2,8 маркали культиваторлар билан амалга оширилади.

Қулупнай оналик боғида баҳорда иккинчи маротаба чопиқ қилиниб юмшатилади. Қулупнай гул бандлари шаклланиб гуллаш олдидан ҳар бир тупда бир донадан гул банд қолдириб қолганлари кесиб ташланади. Бунда навнинг тозалигини аниқлаш билан бирга кўчат гуллай бошлаши билан бирга қўлтиқ барг ёнидан ипсимон ўсимталар (мўйловчалар) ўсиб ривожлана бошлайди. Қулупнай оналик боғидан кўпроқ кўчат олиш мақсадида эрта баҳордан ўсиб ривожланаётган ипсимон ўсимталар ҳар 10 кунда тупроққа қадаб борилади. Ушбу ипсимон ўсимталарни яхши ўсиб ривожланиши учун агротехник тадбирлар ўз вақтида бажариб турилади.

razm425noz852henie-klub743niki-usa425mi.jpg (261 KB)

Қулупнай меваси пишиб, териб олингач ипсимон ўсимталарни кучли ривожланиши учун июнь ойи бошида қулупнайзорга минерал ўғитлардан азот 60 кг, фосфор 30 кг соф ҳолда солиниб, қатор оралари юмшатилиб, бегона ўтлардан тозаланиб, ипсимон ўсимталарни ўсимлик ён атрофига тараб ерга қадаб борилади. Тупроқ намлигига қараб ҳар 7-8 кунда бир маротаба сув берилади.

Академик Махмуд Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институтида олиб олиб борилган тажрибага кўра, Ўзбекистон (назорат), Ўзбекистон гўзали, Баунтифул, Редгоунтлет, Кобра,  Медвей, Великан,  Бомба, Виктория, Память Шредера номли 10 та истиқболли қулупнай навларидан ташкил этилган оналик боғида эрта баҳордан то август ойигача ҳар бир навда ўртача 4,6 донадан 8,2 донагача ипсимон ўсимталар ҳосил бўлди.

Ўрганилган қулупнай навлари ичида ипсимон ўсимталар 4,6 донадан 8,2 донагача, узунлиги 398,0 смдан 984,4 см гача, ҳосил бўлган кўчатлар сони 20,0 донадан 42,8 донагача ташкил этди.

Оналик қулупнай боғида бир гектар майдонда 47619 дона кўчат бўлганида энг кам бир тупдан 4,1 дона кўчат олиб, уни 1 гектарга кўпайтирилганда 195237 дона, энг кўп 5,8 дона бўлганида 276190 дона кўчат чиқди.

Оналик қулупнай майдонидан ўртача бир гектардан 250 мингдан 300 минггача стандарт талабларига жавоб берадиган кўчат тайёрласа  бўлади. Бир туп қулупнай кўчатининг баҳоси 500 сўмдан бўлганда бир гектар оналик майдонидан 125 млн сўмдан 150 млн сўмгача даромад қилинади.

Янги кўчатларни бошқа жойга кўчиришдан 1-2 ҳафта олдин уларга она кўчатдан келган ўсимталарни кесиб ташлаш лозим. Шундай қилинса, янги кўчатлар тўлиқ равишда ўз томирларидан озиқланишга мослашиб олади.

0a00a-b3b255-3dd97X65-24XL.jpg (322 KB)

Стандарт талабга мос кўчат

Р.М. Абдуллаев, Х.Р. Абдуллаева (2015). Қулупнай навларининг оналик боғларини барпо этиш технологияси бўйича тавсиянома. Тошкент.

Улашиш: