Баҳорги буғдойни етиштириш
Баҳорги буғдой бизнинг мамлакатимизда катта майдонга экилмайди. Унинг унидан макарон, вермишел тайёрланади. Айрим ҳолларда биринчи йили экиладиган бедага қўшиб экилади.
Баҳорги буғдойнинг пояси паст, бошоғи калта, кам тупланади. Ҳосилдорлик ҳам деярли икки марта камдир. Пишиб етилиши 8—10 кунга кечикади.
Биологияси. Баҳорги буғдой уруғи 4—5°С да униб чиқади. Майсалар 8—10°С совуққа чидайди. Яхши ўсиб ривожланиши учун 20—25°С иссиқлик талаб қилади. Лекин вегетация даврининг иккинчи яримларида, ҳaттo 40°С иссиқликка ҳам чидайди. Намга талабчан. Барча истеъмол қилинадиган сувнинг 5—7 фоизи майса ҳосил қилиш учун, 15—20 фоизи туплаш даврида, 50—60 фоизи найга чиқиш ва бошоқ олишда. 20—30 фоизи доннинг сутсимон пишишида ва 3—5 фоизи доннинг мумсимон пишиқлигида сарфланади. Айниқса, туплаш ва найга чиқишда нам етарли бўлиши шарт. Акс ҳолда дон пуч бўлиб қолади. Кейинги берилган сувнинг фойдаси кам бўлади. Транспирация коэффициента 406—415.
Барча озуқа элементларига талабчан. Айниқса, учинчи барг чиқаргандан бошлаб, токи гуллагунча кўп озуқа моддалар талаб қилади. Бу пайтда жуда тез ўсади ва жадал қуруқ модда тўплайди.
Баҳорги буғдой ёруғликка талабчан, унинг ривожланишини тезлаштиради. Унумдор, шўрланмаган, маданийлашган, бегона ўтлардан ҳоли тупрокдарни ёқтиради.
Баҳорги буғдойнинг вегетация даври 75—115 кунга туғри келади.
Баҳорги буғдойнинг навлари. Юмшоқ буғдойлар: Саратов-29, Саратов-36, Безенчинская-98, Ленинградка, Московская-35, Скала, Мильтрум, Альбидум-43, Қизил шарқ, Сурхон-5688, Олтин буғдой, Козоғистон-З, Қозоғистон-126, Кзилбас ва бошқалар. Қаттиқ буғдойлар: Бахт, Харьковская-46, Мелянопус-26, Овиачик- 65, Леукурум-3 ва бошқалар.
Етиштириш технологияси. Баҳорги буғдой учун ўз оиласига мансуб бўлган экинлардан ташқариси яхши ўтмишдош ҳисобланади. Айниқса дуккакли, полиз, сабзавот, қатор ораларига ишланадиган экинлардан кейин экилса жуда яхши натижа беради.
Органик ва минерал уғитлар сепилиб 28—30 см чуқурликда кузда шудгор килиб, текислаб қўйилган ерларга экилади. Ўғитлашнинг миқдори қуйидагича белгиланади: гўнг 15—30 т/га, фосфор ва калий 70 кг/га.
Баҳорда экишдан олдин 30 кг/га азот ўғити сепилади, бороналанади ва молаланади. Бегона ўтлар кўп бўлса ёки ер анча зичлашиб қолган бўлса, чизелланади ёки ёппасига культивация қилинади. Сўнгра устидан бороналанади ва молаланади.
Уруғ экишдан олдин тозаланади, сараланади, куёшда 4—5 кун ёйилиб қиздирилади, касаллик ва ҳашаротларга қарши дориланади.
Баҳорги буғдойни экишга даланинг юзи қуриганда, техника кириб юриш мумкин бўлганда киришилади. Бу муддат жанубий вилоятларда февраль ойининг биринчи ўн кунлигига, марказий вилоятларда февралнинг ўрталарига, шимолда эса учинчи ўн кунлигига тўғри келади.
Экиш чуқурлиги 4—6 см, экиш усули кузги буғдойники каби бўлади. Уpyғ экиш миқдори ҳар гектарга лалми ерларнинг текислик жойларида 1,5—2,0 млн., тоғ олди майдонларда 2,0—2,5 млн., суғориладиган ерларда эса 4,0—5,0 млн донани ташкил қилади.
Манба:О. Рамазонов, О. Юсупбеков (2003). Тупроқшунослик ва деҳкончилик: олий ўқув юртлари учун дарслик.Тошкент: «Шарқ».