Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Мевали дарахтларга тирговуч қўйишнинг аҳамияти ва шартлари

22/Noyabr/2024 16:00
  990

Дарахт мўл ҳосил берган йили унга катта юк тушади. Меваларнинг оғирлигидан унинг шохлари эгилиб кетади. Бундай дарахтда шох-шаббанинг кўриниши ўзгаради, шохлар яланғочланади, натижада мевалар қуёшдан куяди: мевалар оғирлик қилиб, шохлар эгилади, уларнинг баъзилари синиб кетади. Кузатишларимизга қараганда 300-500 кг ҳосил қилган 15 ёшдаги Розмарин нав олма дарахтига тирговуч қўйилмаса, кузга бориб шохларининг 30% синиб кетади. Ўз ҳолига ташлаб қўйилган тўлиқ ҳосилга кирган дарахтларнинг шох-шаббаси 2-3 йилда шундай кўп синиб кетадики, натижада боғдан олинадиган ҳосил кескин камаяди, дарахтнинг бир қисми бутунлай қуриб қолади. Бундай ҳол юз бермаслиги учун дарахтларнинг ҳосилли шохлари тагига ёғоч ёки хода тирговучлар қўйилади.

Тирговуч қўйиш билан шохларни синишдан сақлабгина қолинмайди, балки шох-шаббанинг ички томонларига ёруғ яхши тушади, мевалари яхши ўсади, бир текис пишади, рангдорлиги яхши бўлади, асосийси эса тирговуч қўйилган дарахтлар шамолда кам тебранади, тўкиладиган мевалар миқдори камаяди, стандарт мевалар миқдори ошади. Тирговучлар тўғри қўйилганда зараркунанда ва касалликларга қарши дарахтларга ҳар хил препаратлар пуркаш ва меваларнн териб олиш ишлари енгиллашади.

Дарахтларга тирговуч қўйилганда битта тирговучга 10-12 кг мева оғирлиги тушиши аниқланган. Тирговучлар узунлиги дарахт бутоғининг баландлиги билан белгиланади, пастки учининг кенглиги эса 6-7 см бўлиши керак. 200 кг ҳосили бўлган дарахтга 20 та тирговуч қўйиш керак. Ҳар бир тирговуч 3-4 йилга етади. Олма, нок, беҳи ва шафтоли дарахтларига, айниқса, қариларига кўпроқ тирговуч қўйилади, чунки ҳосил улар шох-шаббасининг четки қисмларида бўлади.

Тирговучлар ҳосил тўлиқ аниқланиб, тугунчаларнинг физиологик тўкилишидан кейин қўйилади. Апрель-майда тирговуч қўйилган дарахтларнинг ҳосили июнь-июлда қўйилганларига қараганда 8-10% кам тўкилганлиги аниқланган. Эрта муддатларда тирговуч қўйиш кўп йиллик мева шохчаларининг кам синишини, тугилган мевачаларнинг кам тўкилишини таъминлайди. Масалан, мева дарахтларига март-апрелда тирговуч қўйилганда, июн-июлда тирговуч қўйилгандагига қараганда кўп йиллик мева шохчалар 2,5 марта кам синган, мевалар ҳеч тўкилмаган, тирговуч кеч муддатларда қуйилганда май ойида тирговуч қўйилгандагига қараганда мевалар 3-5 марта кўп тўкилган. Тирговучлар биринчи навбатда кўп тўкилиб кетадиган, мевабанди ингичка ва узун, мевалари йирик бўлган эртапишар навлар остига қўйилади. Агар бу иш кечиктириб юборилса, бунда тирговуч қўйган вақтда дарахтдан меваларнинг кўпи тўкилибгина қолмай, уларнинг кўпчилиги куйиб кетади.

Мева дарахтларидан биринчи навбатда тирговучлар нок тагига қўйилади, чунки унинг ёғочлиги бирмунча мўрт бўлади. Агар боғбон мева дарахтларининг келгуси йил ҳосилига ишонса, бунда тирговучлар қишда мева дарахтлари буталгандан кейин қўйилади. Лекин бунда ерни ишлашга халақит бермаслик учун зонтиксимон ёки симга тортиб қўйиладиган тирговучлар қўлланилади.

Тирговучлар боғларни зарарлантирадиган зараркунанда-касалликлар манбаи бўлиб қолмаслиги учун уларнинг пўстлоғи шилинади ва қўйиш олдидан дориланади.

Тирговуч қўйиш системаси. Ўзбекистон боғларида тирговуч қўйишнинг чамбаракка ўхшатиб маҳкамланмайдиган оддий усули кенг тарқалган, бунда тирговучлар ҳосилли шохлар остига маълум системада қўйилмайди. Илғор хўжаликлар тирговуч қўйишнинг чамбаракка ўхшаган ва чамбаракка ўхшамаган, зонтиксимон ҳамда симга тортиб қўйиладиган системасини қўллайдилар.

Тирговуч қўйиш техникаси. Тирговуч қўйишнинг чамбаракка ўхшамаган яхшиланган системаси. Дарахт шохлари беш-саккиз секторга бўлинади. Ҳар бир секторга тирговуч қўйилади ва мевали шохларни унга каноп билан боғлаб қўйилади. Тирговучлар 2,5 дан 8-10 м гача узунликда, пастки - ерга тиралган томон эса 3-5 см йўғонликда бўлиши керак. Секторлар орасидаги тирговучлар ҳосилнинг кам-кўплигига қараб, 2-4 тагача бўлади. Одатда, битта тирговучни тепага бир-мунча қия (ётиқ) қилиб сектордаги шох-шабба четига, иккинчисини эса шох-шабба ичига қўйилади. Ички тирговучлар шохлар узунлигининг ярмини тутиб туради ва ҳосилнинг асосий оғирлиги шуларга тушади. Тирговучлар мустаҳкам бўлиши учун четга қўйилган ҳар бир тирговучнинг асосига 1,5 метр узунликдаги қозиқлар қоқилади, унга тирговуч маҳкам боғлаб қўйилади. Тирговуч қўйишнинг бундай системаси жуда оддий бўлиб, ҳаво дренажини ва шох-шабба ичини ёруғлик билан яхши таъминлайди. Ҳар бир шохни унинг оғирлиги тушадиган марказга тираб қўйилади.

Тирговуч қўйишнинг чамбаракка маҳкамлаб қўйилган ва яхшиланган системаси. Бунда шохларни боғлаш худди чамбараксиз тирговуч қўйишдагидек бўлади. Бу усулнинг фарқи шундаки, бунда четки тирговучлар ер юзидан 1,5-2 м баландликда ингичка тирговучлар ёрдамида чамбаракка ўхшатиб маҳкамланади, у барча тирговучларни жуда мустаҳкам ушлаб туради. Четки тирговучлар ёнидаги қозиқлар битта тирговуч оралатиб қоқилади. Бy система тез-тез ва кучли шамол бўлиб турадиган туманларда тавсия этилади. Юқорида айтиб ўтилган системаларнинг ноқулайлиги шундаки, бунда жуда кўп тирговуч талаб қилинади, бу тана атрофидаги зонани механизация ёрдамида ишлашни ҳам қийинлаштиради.

Зонтсимон тирговуч қўйиш. Буни, кўпинча қримча усул дейилади. Дарахт асосида танаси ёнида йўғон тирговуч (мачта) қўйилади. Унинг узунлиги дарахт бўйидан баланд бўлиши керак. Дарахт танасининг бир неча жойидан арқон билан тортиб мачтага боғлаб қўйилади. Тирговучнинг юқори қисмига енгил ингичка тирговучлар бириктириб қўйилади, уларнинг сони дарахт шохшаббаси ҳажмига боғлиқ бўлади. Шундан кейин улар осилган ҳолатда шохшаббага маҳкамланади, тирговуч марказга тиралиб туради. Бу тирговучлар тиргакларнинг юқори учлари юқоридан туширилган зонтик тирговучларга боғлаб қўйилади. Зонтик шаклида ўрнатилган ингичка тирговучларнинг пастки учлари чамбаракка маҳкамланади. Сўнгра мевали шохлар зонтикдаги тирговучларга тортиб боғланади. Шох-шаббалари катта дарахтларга иккита зонтиксимон тирговуч ўрнатилади. Иккинчи зонтиксимон тирговучни биринчисидан 1-2 м пастроқ қилиб қўйилади. Тез-тез бўрон бўлиб турадиган туманларда зонтлари ерга тиралган тарговучлардан фойдаланилади. Пастки зонтикнинг ҳар бир бурчагига тирговуч-тиргаклар қўйилади. Бу билан шох-шабба мустаҳкам ушлаб турилади, лекин ерни ишлаш учун ноқулай бўлади. Зонтсимон тирговучга қараганда жуда ингичка тиргак керак бўлади, улар 2-3 м ва катта, калта бўлиши мумкин. Бу системада тиргакларнинг сарфи 15-25%, айрим ҳолларда эса 30-40% гача камаяди. Бундан ташқари, шох-шабба остидаги дарахт танаси атрофидаги ерларни ёзда ишлаш мумкин. Бу усул боғларда кўп қўлланилади.

Сим тортиладиган тирговуч. Бунда дарахт танаси ёнига йўғон тирговуч (мачта) қўйилади. Унинг юқори учига тешиклари бўлган металл ҳалқа маҳкамланади. Унга «Г» шаклида икки учи букилган ҳар хил узунликдаги металл илгаклар тақилади. Илгакнинг эгилган жойи пўстлоқни шикастлантирмаслиги учун уларга чипта ёки лента ўраб қўйилади. Бу илгакларнинг иккинчи учига мевали шохлар тортиб боғланади. Асосий тирговучга маҳкамланган бошқа шохларга ҳам мевали шохлар худди шу хилдаги илгаклар ёрдамида тортиб боғланади.

Ҳалқадан чиққан сим илгакларнинг пастки учини йўғон шохларга доимий қилиб маҳкамлаб қўйиш мумкин. Шохлар ўсган сари «Г» шаклидаги симлар узайтирилади. Ҳосил терилиб бўлгач, илгаклар олиб қўйилади. Бунда дарахт эркин ўсади ва шох-шаббанинг шакли ўзгармайди. Сим тортиладиган тирговуч дарахт шох-шаббаси тагидаги ерни ишлаш имконини беради, унга ёғоч тирговучга қараганда меҳнат 4-5 марта кам сарфланади.

Арқон бағаз (тирговуч). Бу усул хўжаликдаги мева дарахтлар юқори ҳосил бериб, шамолда шохлар синиб, мевалар тўкилиб кетиш хавфи бўлганда, ёғоч материал етишмаганда қўлланилади. Бунда дарахт танаси ёнига бир-иккита тирговуч-мачта қўйилади. Тирговучнинг юқорисига арқон боғланади. Арқоннинг пастки учига дарахтнинг бир томонидаги барча шохлар елпиғичсимон бирин-кетин тортилади ва маҳкамланади. Шу тартибда дарахтининг бошқа томонларидаги шохлар боғланади. Арқон ҳар хил зараркунанда ва айниқса, мева қурти (плодожорка) учун уя бўлиб қолиши мумкин. Бундай ҳолларда боғларни зараркунандаларга қарши яхшилаб дорилаш лозим.

Катаксимон, пирамидасимон, бағазсимон тирговучлар камроқ қўлланилади. Ҳосил териб олингандан кейин тирговучлар йиғиштириб олинади ва зараркунанда ҳамда касалликлардан тозалаш учун махсус камераларда дориланади, сўнгра боғдан ташқари ерга тик қилиб териб қўйилади.

Ҳар бир мевачилик хўжалиги тирговуч олиш учун ўзида ёғоч берадиган дарахтлар ўстириши лозим. Тирговуч учун пирамида шаклидаги терак, оқ акация, шумтол дарахти энг яхши турлар ҳисобланади. Бошқа ҳудудлардан ель, қайин, бук, дуб каби тирговучларнинг келтирилиши мақсадга мувофиқдир. 200 та тирговуч учун 1-1,5 кг каноп керак булади. Мева дарахтларига тирговуч қўйиш жуда масъулиятли иш, бунинг учун маълум даражада билим ва техник малакага эга бўлиш лозим. Шунинг учун мевачилик хўжаликларида тирговуч қўйиш бўйича махсус курс ёки семинарлар ўтказиш ёки махсус кадрлар бўлиши лозим. Юқорида баён этилган тирговуч қўйиш усулларини кучли ўсадиган дарахтларда қўлланилади. Дарахт шох-шаббаси пасайтирилса, тирговучга бўлган талаб камаяди, ясен форма дарахтларига ясен шакл берилган боғларда тирговучга зарурат қолмайди.

Манба:

И.Т.Нормуратов, И.Ч.Намозов (2016). Мевачиликда интенсив технологиялар. Ўқув–услубий мажмуа. Тошкент.

Улашиш: