Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Буғдой етиштириш технологияси (3-мақола)

22/Noyabr/2024 19:03
  1373

Уруғ экиш меъёри. Уруғ экиш меъёри уруғликнинг сифатига, тупроқ унумдорлигига ва сув билан таъминланишига қараб ҳар хил бўлади. Лалми ерлар унумсиз ва сув билан таъминланмаганлиги сабабли гектарига сарф қилинадиган уруғ миқдори суғориладиган ерларга нисбатан кам бўлади. Уруғни экиш меъёри лалми ерларнинг шароитига қараб ҳар хил бўлади. Тоғ олди ва тоғли зоналарда кўпроқ, текислик ва дўнгли текис зоналарда камроқ уруғ сарфланади. Шунга кўра бундай ерларда  бир гектар ерга 2,0-3,0 млн. дона, яъни 60-70 кг дан 120-125 кг гача уруғ сарфланади.

Суғориладиган ерларнинг унумдорлиги  юқори ва сув билан таъминланганлиги сабабли, ўсимлик қалинлигини ошириш ҳисобига юқори ҳосил олинади. Шунинг учун суғориладиган ерларда уруғ экиш меъёри лалми ерларга нисбатан икки баробар кўп, яъни гектарига 4-5 млн.дона уруғ экилиши керак. Ўзбекистон «Ғалла» илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси ва ТошДАУ тажриба станциясида ўтказилган тажрибаларга қараганда, гектарига экиладиган уруғ меъёри 3 млн. донадан 6 млн. донагача оширилиши билан буғдой ҳосили ҳам ошганлиги аниқланган.

Демак, кузги буғдойни экиш меъёри уруғликнинг сифат ҳамда экиш шароитига қараб 200-250 кг/ га бўлиши керак.

Кузги буғдой экиш чуқурлиги, унинг совуққа чидамли бўлишида катта аҳамиятга эга. Уруғ чуқурроқ экилганда тупланиш бўғини ҳам чуқурроқ жойлашади. Кузги - қишги совуқлар пояларга таъсир қилган вақтда ҳам тупланиш бўғинига таъсир қилмаса, ўсимлик нобуд бўлмайди. Шуни ҳисобга олган ҳолда кузги буғдойнинг уруғи экиш вақтида 6-7 см га, лалми ерларда эрта экилганда эса 6-8 см га кўмилиши керак.

Ҳар бир минтақа учун нав танлаш, экиш муддатлари ва меъёрлари

1.  Ҳар бир минтақа учун навларни тўғри танлаш, қурғоқчиликка мос навларни минтақалар бўйича жойлаштириш.

2.  Эртапишар навлар:  Чиллаки, Кума, Есаул.

3.  Ўртапишар навлар:

Бобур, Марс-1, Андижон-4, Жайхун, Яксарт, Матонат, Селянка,  Туркистон,  Муфтало навлари, Замин-1, Крошка, Таня, Память, Нота, Москвич, Андижон-2, Аср, Грация, Гром, Сила, Васса навлари.

4.  Ўрта кечпишар навлар: Краснодар-99, Половчанка, Андижон-1, Дурдона, Восторг  навлари.

1-жадвал. Экиш меъёрини аниқлашда қуйидаги жадвалдан фойдаланиш мумкин, кг/га

1000 дона доннинг вазни, гр. Гектарига 3 млн. ёки 1 м2 да 300 дона уруғ Гектарига 4 млн. ёки 1 м2 да 400 дона уруғ Гектарига 5 млн. ёки 1 м2 да 500 дона уруғ Гектарига 6 млн. ёки 1 м2 да 600 дона уруғ
38 114 152 190 228
39 117 156 195 234
40 120 160 200 240
41 123 164 205 246
42 126 168 210 252
43 129 172 215 258
44 132 176 220 264
45 135 180 225 270
46 138 184 230 276
47 141 188 235 282
48 144 192 240 288
49 147 196 245 294
50 150 200 250 300

Экиш меъёрларини белгилаш

1.     Экиш меъёри уруғ унувчанлиги ҳамда 1000 дона дон вазнини ҳисобга олган ҳолда белгиланади.

2.     Экиш муддатига қараб:

• эрта муддатларда  гектарига 4,5 млн. унувчан уруғ, яъни 200-210 кг ҳисобида белгиланади;

• ўрта муддатларда гектарига 5,0 млн. унувчан уруғ, яъни 220-230 кг ҳисобида белгиланади;

• кечки муддатларда гектарига 6,0 млн. унувчан уруғ, яъни 240-250 кг ҳисобида белгиланади.

3.     Ғўза қатор орасига экишда уруғ сарфи 10-15 фоизга ошириш тавсия этилади.

Экинларни парвариш қилиш.  Кузги буғдойни парвариш қилиш - бороналаш, озиқлантириш ва суғоришдан иборат. Кузги буғдой тупланиш даврида бороналанади. Лекин, ўсимликларни тупланиш даври ҳам ҳар хил муддатга тўғри келиши мумкин. Кузги буғдой оптимал муддатда экилиб, намлик етарли бўлса, кеч кузгача ўсимликлар туплана бошлайди ва шу ҳолатда қишлайди, бундай вақтда эрта баҳорда, кечроқ экилганда ҳам баҳорда ўсимликлар тупланиш даврида янги бороналар билан бороналаш яхши самара бериши аниқланган. Бунинг натижасида тупроқ усти юмшатилади, ўғит солинади, ўсимликнинг илдиз бўғзи етилади ва улар яхши тупланади. Юқорида айтиб ўтилганидек, экинлар икки муддатда озиқлантирилади. Биринчи марта тупланиш даврида бороналашдан олдин ва иккинчи марта най ўраш даври бошланганда озиқлантирилади. Озиқлантиришда экишдан олдин берилгандан сўнг қолган ўғитлар баробарига икки қисмга бўлиниб, икки марта берилади.

Кузги экинлар тупроқ-иқлим шароитига қараб 2-3 мартагача суғорилади. Ер ости сувлари юза жойлашган ерлар ўсув даврида 2 марта, ер ости сувлари чуқур жойлашган ерларда 3 мартагача суғорилади.

Кузги буғдой оптимал муддатда сентябр ойининг охири октябр ойининг бошларида экилганда, экишдан сўнг суғорилади, бундан ташқари, ўсиш даврида буғдойни уч мартагача суғориш мумкин. Экин биринчи марта тупланиш даврида, иккинчи марта най ўpaш даврида ва учинчи марта бошоқланиш даврида суғорилади. Суғориш меъёри тупроқ муҳитига қараб, гектарига 700-800 м3  дан 1000-1200 м3/га ни ташкил этиши мумкин. Буғдой экиш вақтида колдирилган эгатлар орқали суғopилади. Бу уcyл энг яхши усул ҳисобланиб, сув тежаб сарфланади. Ер бетида катқалоқ ҳосил бўлмайди ва сув бир текис тақсимланади.

Кузги буғдой ҳосилини йиғиб-териб олиш. Кузги буғдой ҳосилини йиғиб-териб олиш дон етиштириш ва унинг ялпи ҳосили оширишдаги энг сўнгги ва энг маъсулиятли давр ҳисобланади. Ўрим-йиғим ишларини ўз вақтида ва қисқа муддатда тугаллаш, нобудгарчиликнинг олдини олиш, буғдойдан мўл ҳосил етиштиришнинг асосий гаровидир. Кузги буғдой ҳосили олдин ўрилиб, кейин йиғиб олиниши асосий усул ҳисобланади. Бу усулда экинлар дони мум пишиқлик даврида махсус ўриш машиналарида ердан 15-20 см баландликда ўрилиб, қуритиш учун анғизга йўл-йўл қилиб ташлаб кетилади. Бу вақтда ўрилган буғдой ерга тўкилмайди. Ўрилгандан бир неча кун ўтгандан сўнг, доннинг қуришига қараб, подборшчик ўрнатилган комбайнларда йиғилади ва янчилади.

Ҳосилни олдин ўриб, кейин йиғиб олиш усулининг афзаллиги шундаки, у тўғридан-тўғри ўриб янчишга қараган ўримни 5-6 кун эрта бошлашга имкон беради, такрорий экинлар учун ер очилади, нобудгарчилик кескин камаяди.

Мамлакатимизда ҳосил тўла етилган майдонларда ҳосилни бир йўла энг замонавий Кейс, Класс, Доминатор комбайнларида йиғиб олиш жорий этилган.

Манба:

Адилов М.М. ва бошқалар (2013). Қишлоқ хўжалик экинлари етиштиришда инновацион технологиялар. Қўлланма.

Улашиш: