Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Боғ ва токзорларда декабрь-январь ойларида бажариладиган агротехник тадбирлар

23/Noyabr/2024 02:21
  1080

Қишнинг биринчи ойи – декабрда боғ ва токзорларда кузда бажариладиган ишлар тугалланмаган бўлса, ушбу ойда давом эттирилади. Бунда боғ-токзорлар ерини ҳайдашдан олдин 5–10 тонна маҳаллий ўғит солиб, боғ қатор оралари  25–30 см чуқурликда ҳайдалади.

Янги боғ ва токзорлар барпо этишга ажратилган ерларга 30–40 тонна маҳаллий ўғит ҳамда 300–400 кг фосфор ва калийли ўғитлар солиб,тупроқ  40–50 см чуқурликда ҳайдалади.

Боғ ва токзорлар учун ажратилган ерлар борди-ю шўрланган бўлса, декабрь ҳамда январь ойларида гектарига 10–12 минг куб сув сарфланган ҳолда ювилади. Ҳосилли боғларда тупроқ қатлами чуқур бўлган бўз тупроқларда ёз давомида сувни тежаш ва керакли қатламда намлик даражасини меъёрда сақлаш мақсадида, қиш ойларида қишки нам йиғиш, яъни яхоб суви билан суғориш зарур. Декабрь ва январь ойларида бир мартадан гектарига 1500–2000 м3 миқдорда суғорилганда намлик 1,5–2 м чуқурликка етади. Бу ўз вақтида эрта баҳорги (қиш қуруқ келган йиллар) суғоришдан ва ёз ойида бир-икки маротаба сув миқдорини тежашга имкон беради.

Резавор мевалилардан қорағатзорларда декабрь ойида тупроқ намлигига қараб, агарда тупроқда намлик етарли бўлмаса, у ҳолда яхоб суви берилади.

Малиназор тупроқ намлигига қараб суғорилади. Малинанинг илдизи тупроқ устки қатламига яқин жойлашганлиги боис тупроқда нам кам бўлса,тупроқ ёрилади,натижада малина илдизи узилиб зарарланади. Тупроқда намни сақлаш мақсадида малина тупи тагига органик ўғит (гўнг) солиб мульчаланади. Шунда тупроқда нам яхши сақланади ҳамда малина илдизлари озиқланиб, келаси йили яхши ривожланиб, мўл ҳосил беради.

Об-ҳаво иссиқ кунлари жанубий минтақаларимизда катта ёшдаги боғларда: уруғли мева дарахтларига шакл бериб буташ ишларини бошласа ҳам бўлади. Бунда катта ёшдаги уруғли мевалилардан олма, нок дарахтлари буталади.

Ҳаво очиқ ва илиқ кунлари боғларни зараркунанда ва касалликлар захирасига қарши ишловлар ноябрь ойи учун кўрсатилган тавсиялар асосида бажарилади.

Боғларда охирги йиллари кенг тарқалган манилиоз, клястереоспориоз, парша, дарахт таналарини шикастлайдиган рак касалликларига қарши ишлов беришга жиддий эътибор бериш зарур. Бунда бордо суюқлигининг 3–4 фоизли суспензияси билан дарахтларни жиққа ҳўллаш керак.

Бордо суюқлигининг ўрнига мис купороси 1 фоизли ёки темир купоросини 3 фоизли қилиб сепса ҳам яхши натижа беради. Маълумки, касаллик юқумлари баргларда сақланади. Шунинг учун барча боғларда дарахт атрофидаги тупроқ ағдарилиб чопилиши ва шу йўл билан барглар йўқ қилиниши керак.

Токзорларда қишнинг илиқ кунлари жанубий минтақалардаги кўмилмайдиган токларни кесиш, шакл бериш ишлари олиб борилади. Токзорларда таъмирлаш ишлари, яъни темир-бетон устунларни симларни тортиб тўғрилаш ишлари бажарилади.

Токзорлар қатор ораларига 10–15 тонна гўнг солиб, 25–30 см чуқурликда ҳайдалади.

 

Р. Абдуллаев, Ж. Файзиев, У. Набиев

Улашиш: