Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Энди саҳрода тарвуз етиштирилади

23/Noyabr/2024 00:54
  1263

Газетамизнинг 2018 йил 1 февраль 5-сонида нукуслик ихтирочи-тадбиркор Рашид Қартбоев ҳақидаги «Чиқиндидан шифер, хазондан девор...» деб номланган мақолани эътиборингизга ҳавола этган эдик. Тадбиркор чиндан ҳам, ваъдасининг устидан чиқибди. Очиғи, унча-мунча одам ишонмайдиган ҳолат — 7 сотихдан 70 тонна тарвуз!.. Тадбиркорнинг ўзига қўнғироқ қилдик.

— Ҳа, шундай бўлди, — дейди ихтирочи-тадбиркор Рашид ­Қартбоев. — Очиғи, биз билмайдиган нарсалар кўп. Агар изланса­нгиз, албатта, қидирганингизни топасиз. Топгач, синаб кўриш мумкин.

— Буни қандай уддаладингиз?

— Олдин бир ҳолатни тушуниб олиш керак. Бизда одамлар қадимдан тарвуз етиштиришнинг, асосан, битта усулидан фойдаланиб келади: кузда ерни шудгорлаб, эрта баҳор экади. Зарурат туғилганда суғоради... бўлди. Аммо усуллар жуда кўп. Мен танлаган усул тарвуз парваришида бошқача усулни қўллашга асосланади. Баҳорда тарвуз экишга мўлжалланган ер атрофида 1,2 метр чуқурликда ариқ қазилади ва унинг ён деворларига плёнка қопланади. Бу сув исроф бўлмаслиги учун. Хуллас, ўша ариқ сув билан тўлдирилади. Тўғри, чуқур ариқ ичидаги сувнинг беш фоизи буғланиб кетади. Қолгани эса ҳеч қаёққа кетмайди ва ўсимлик илдизларини намлик билан таъминлашга сарфланади. Сув ҳам анча тежалади.

— Бўлди, шу билан юқори ҳосил олинади, демоқчимисиз?

— Йўқ, албатта. Парваришнинг бошқа усулларга ўхшамайдиган томонлари бор, масалан, палакни озиқлантириш. Экинга тупроққа аралаштириб, биогумус солинади. Уни олиш қийин эмас. Чорва тезаги сувга аралаштирилиб, биогази ажралгандан сўнг тагида қуйқаси қолади. Ўша суюқ қуйқа тупроққа аралаштириб солинади. Кейин суякни майдалаб, ун қилиб тупроққа аралаштириб солинади. Суяк бутунлигича тураверади. Агар унга айлантириб, тупроққа солинса, чириб кучли ўғитга айланади. Кейин кул солинади.

— Оддий кул демоқчисиз-да?

— Унчалик эмас. Кулни икки хил усулда олиш мумкин: очиқ ҳавода ва вакуум шароитида. Синаб кўрдик, очиқ ҳавода ҳосил қилинганидан кўра, вакуум шароитида олингани фойдалироқ экан. У ҳам тупроққа аралаштирилса, кучли қўзғатувчи ўғитга айланади. Яъни, палакнинг озуқаларга нисбатан «иштаҳасини очиб юборади». Натижада ҳосилдорлик ошади. Темир зангидан ҳам тупроққа аралаштирилиб, фойдаланилади. Яна бир ҳолат. Челакдаги оҳак юқини қоқиб олиб, майдалаб, тупроққа аралаштириб, палак атрофига солинса, тупроқдаги зараркунандаларни ўлдиради.

— Бир туп палакдан нечтагача тарвуз олдингиз?

— Юқорида айтиб ўтган усулда парваришлаб, бир туп палакдан 20 тагача 5-6 килограмм келадиган тарвуз олдик. Бу усул ҳозирча янгилик.

— Бундай ихтироларингизга атрофдагилар қандай муносабат билдиришади?

— Аввало, ишонишмайди. Уларга: «Агар менинг бу ишларимга ишонмасангиз, эрта баҳорда келинг ва ўз кўзларингиз билан кўринг. Борди-ю алдасам, бу кўриниб туради», дейман. Чиндан ҳам келишсин, кўришсин ва хулоса қилишсин. Келиб, ишимни кўрганлари, ўрганганлари бу усулни ўз томорқасида татбиқ этяпти.

Тиниб-тинчимас тадбиркорнинг режалари кўп. Энди у саҳрода тарвуз экишни синаяпти. Бу билан саҳродан ҳам унумли фойдаланиш мумкинлигини исботламоқчи. Буни қандай амалга оширилаётгани билан қизиқдик.

— Бунинг йўли оддий: қум ва табиий ўғит аралашмаси челакка ва халтага жойлаштирилиб, ерга кўмилади ва устидан сув қуйилади, — дейди тадбиркор Р.Қартбоев. — Қумни уч жойдан танлаб олдик. Дарёнинг ултони (таги)дан, саҳро қуми ва оддий тупроқ. Энг яхши натижа берадигани — дарё тубининг қуми бўлиб чиқди. У сув ва ўғитни кам талаб қилади ҳамда ўсимлик 3 кун ичида бўй кўрсатяпти.

Нурбек Ғаффоров,

“Оила даврасида” газетаси

Улашиш: