Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Помидорларда озиқа элементларининг етишмаслиги белгилари

23/Noyabr/2024 04:13
  1197

Қуйида сизнинг эътиборингизга помидорларда турли хил озиқа элементларининг етишмаслиги ҳоллари ва бундай етишмасликлар экинда қандай аломатлар орқали намоён бўлишини акс эттирувчи, ўрнак расмлар билан берилган маълумотларни тақдим этамиз. Бу ерда сиз помидор экинидаги ташқи белгиларга кўра қайси микроэлементларнинг етишмаётганлигига оид ташхис қўйиш имкониятини берувчи маълумотлардан ташқари, озиқа элементлари етишмаслигини бартараф этиш йўллари билан ҳам танишишингиз мумкин. Умид қиламизки, ушбу маълумотлар сизларнинг кўпроқ ва сифатлироқ помидор ҳосилини олишингизга ёрдам беради.

«Помидорларда озиқа элементларининг етишмаслиги» маълумотнома жадвали

Элемент ва расм

Етишмаслик (дефицит)  аломатлари

Бартараф қилиш

Азот етишмаслиги (N) 
1-nedos-azota-plo.jpg (12 KB)

Помидорнинг эски баргларини четлари куйиб, сарғаяди, тўкилади. Экинлар узайиб нимжон кўринишга эга бўлади, барглар майдалашиб сариқроқ тусли оч яшил ранг олади, поя юмшаб қолади. Баргнинг қуйи қисмидаги томирлари қизғиш-кўкимтир рангда бўлади.

Азотли ўғит билан помидорларни озиқлантириш. Масалан, мочевина билан озиқлантириш (10 литр сувга 1 ош қошиқ миқдоридаги аралашма тайёрланади).

Фосфор етишмаслиги (P)
2-nedos-fosfor-zsdc27.jpg (14 KB)

Помидорларнинг барглари ва поялари кўк тусли тўқ-яшил рангга киради, эски баргларнинг қуйи тарафлари сиёҳранг тус олади. Барглар ич тарафга қараб буралади, поя қаттиқлашиб синувчан ҳолга келади, илдизлар заифлашади. Барглар ва поя сиёҳранг бўлиб қолиши мумкин. Барглар юқорига кўтарилиб, пояга ёпишади.

Помидорларни таркибида фосфор бўлган ўғит билан озиқлантириш. Озиқлантириш аралашмасини тайёрлаш учун 1 стакан суперфосфатга 1 литр қайнатилган сув қуйиб,  8-12 соатга дамлаб қўйиш лозим. Олинган дамламани 10 литр сувда аралаштириб, ҳар бир туп остига 0.5 литрдан қуйиб чиқиш лозим.

Калий етишмаслиги (K)
3-nedos-kaliy-bgfv35.jpg (17 KB)

Помидорларнинг ёш баргалари найсимон шаклда ичкарига қараб буралади, эски барглар эса сарғаяди, четларидан қурийди. Аввал барглар тўқлашади, кейин атрофларида сариқ-жигарранг доғлар пайдо бўлади ва улар аста-секин катталашиб, барг атрофида ҳошияни ҳосил қилади.

Калийли селитра аралашмаси билан (1 ош қошиқ ўғитни 10 литр сувга аралаштирилади) ҳар бир туп остига 0.5 литрдан қуйиб озиқлантириш, хлорли калий аралашмаси (1 чой қошиқни 1 литрга аралаштирилади) баргларга сепилади.

Магний етишмаслиги (Mg)
4-magniy-bnjjk56.jpg (114 KB)

Помидор барглари юқорига қараб букилади ва томирлари ораси сарғайиб бошлайди.

Барг орқали нитрат-магний аралашмаси билан озиқлантириш (10 литр сувга 1 чой қошиқ миқдорида) яхши ёрдам беради (баргларга сепиш) ёки ўша нисбатда тайёрланган инглиз тузи аралашмасини сепиш мумкин.

Рух (цинк) етишмаслиги (Zn)
5-nedos-cink-qwsa68.jpg (18 KB)

Помидор баргларида кулранг-қўнғир рангдаги турли катталикда доғлар пайдо бўлади, доғлар барг томирларига ҳам ўтади. Барг четлари юқорига қараб буралади, барглар қуриб, ўла бошлайди. Янги пайдо бўлаётган баргчалар жуда кичкина бўлиб қолади, улар майда сариқ доғчалар билан қопланиши мумкин.

Барг орқали озиқлантириш учун рух сульфати (сульфат цинка/сернокислый цинк) аралашмаси (10 литр сувга 5 грамм миқдорида) қўлланилади.

Молибден етишмаслиги (Mo)
6-nedos-molibden-efad81.jpg (13 KB)

Барглар очлашади, сарғаяди, четлари тепага қараб буралади.  Барг томирлари орасида сариқ доғчалар пайдо бўлади, томирларда ўзгариш бўлмайди.

Молибден етишмаслиги камдан кам ҳолларда юз беради. Агар барча белгилар молибден етишмаслигига ишора бераётган бўлса, у ҳолда помидорларни 0.02% ли молибдат аммоний аралашмаси билан озиқлантириш мумкин (10 литр сувга 2 грамм миқдорида).

Кальций етишмаслиги (Ca)
7-nedos-kalciy-uyhf75.jpg (21 KB)

Ёш барглар учларидан куйгандек бўлади, уларда оч сариқ доғлар пайдо бўлади. Эски баргларни рангги эса аксинча тўқ-яшил бўлиб бошлайди. Ҳосилнинг (меваларда) уч (юқори) тарафидан чириш пайдо бўлади- юқори тараф қораяди ва қуриб бошлайди.

Калцийли селитра билан баргдан озиқлантириш тавсия этилади (10 литр сувга 20 грамм миқдорида).

Бор етишмаслиги (B)
8-nedos-bor-klj20.jpg (16 KB)

Гуллар мева тугмасдан тўкилиб бошлайди. Ўсимликларнинг учлари (юқори қисми) пастга қараб буралиб қолади, юқоридаги барглар оч яшил рангга киради, уч қисмдан асосга қараб буралиб бошлайди. Баргларнинг асосий томирларини рангги тўқлашади. Барг синувчан бўлиб қолади. Кўп шохчалар (бачкилар) пайдо бўлади, асосий ўсиш нуқтаси эса ўлади.

Одатда бор етишмаслиги ўсимликнинг мева туга олмаслигида намоён бўлади. Шунинг учун гуллаш вақтида баргларга бор кислотаси аралашмасини сепиб туриш тавсия қилинади (10 литр сувга 5 грамм миқдорида).

Олтингугурт етишмаслиги (S) 
9-nedos-sera-lat88.jpg (15 KB)

Олтингугурт етишмаслиги белгилари азот етишмаслиги аломатларига ўхшаб кетади: сариқ рангга ўтиб бораётган баргларнинг оч яшил рангги,  қизғиш-кўк томирлар. Бироқ олтингугурт етишмаслиги аввал ёш баргларда намоён бўлади (азот етишмаслигида тескариси бўлади) ҳамда ўсимлик пояси юқалашиб кетади – поя нозик, синувчан ва тахтасимон бўлиб қотиб қолади.

Барглардан сулфат магний аралашмасини сепиш ёрдам беради (1 литр сувга 1 грамм миқдорида).

Темир етишмаслиги (Fe)
10-nedos-temir-zndj69.jpg (15 KB)

Барглар асосидан бошлаб яшил-сариқ, лимон-сариқ, сариқ ёки ҳатто оқ рангга киради. Барг томирлари яшил рангда қолади. Ўсимликни юқори қисми сарғаяди. Туп ўсиши секинлашади.

Барглардан темир купороси/темир сулфати (железный купорос/сульфат железа) аралашмаси билан озиқлантириш тавсия этилади (10 литр сувга 5 грамм).

Мис етишмаслиги (Cu)
11-nedos-med-pom26.jpg (16 KB)

Барглар сўлиган кўринади, найча бўлиб ички тарафга қараб буралади, учлари оқаради. Ёш барглар майдалашади, кўк-яшил тус олади. Новдалар заифлашади, гуллар тўкилади.

Баргларга кўктош (медный купорос) аралашмаси сепилади (1-2 грамм 10 литр сувга аралаштирилади).

Марганец етишмаслиги (Mn)
12-nedos-marganec-4syv3.jpg (17 KB)

Ёш барглар асосидан сарғайиб бошлайди, шу билан бирга барг томирлари ҳар хил рангга эга бўлади.  Барг чипор (ола) ва мозайкали бўлиб қолади.

Барглардан марганец сулфати (сульфат марганца/ сернокислый марганец) аралашмаси билан озиқлантириш орқали бартараф қилинади (5 граммни 10 литр сувга аралаштирилади).

Хлор етишмаслиги (Cl)
13-nedos-hlor-7loa0.jpg (8 KB)

Ёш барглар яхши ривожланмаган, томирлар орасида сариқ доғларга эга бўлган бузилган шаклда бўлади. Юқоридаги баргларнинг сўлиши кузатилиши мумкин.

Помидорларда хлор етишмаслиги камдан кам ҳолларда кузатилиши мумкин. Бу ҳол хлорли калий аралашмасини (1 чой қошиқни 1 литр сувга аралаштирилади) баргларга сепиш билан бартараф этилади.

Шуни билингки, азот, фосфор, магний, калий ва рух (цинк) элементларининг етишмаслиги аввал тупнинг қуйи қисмидаги барглардан ўзларини намоён қилиб бошлайди. Бироқ қолган барча микроэлементларнинг етишмаслиги тупнинг юқори қисмидаги ёш барглар ва янги новдаларда яққолроқ кўринади.

Агар сиз помидор етиштиришда минерал ўғитларни ишлатишни истамасангиз, унда қуйидагиларни билиб қўйинг:

·   азотли ўғитлар сифатида мол, товуқ гўнгини, яшил (барра) ўтни ачитиб (настой) бериш, гранулали биогумус ва компост бериш мумкин;

·   ўсимликларни калий ва фосфор билан таъминлаш учун уларни  илдиздан ва барглардан ёғоч кули билан озиқлантириш мумкин. Бундан ташқари асосида гуматлар бўлган ўғитлар билан озиқлантириш мумкин;

·   тупроқ таркибида калций миқдорини ошириш учун ерга майдаланган тухум пўстлоқларини солиш лозим;

·   мис етишмаслигида помидор тупини ёнига бир бўлак мис симни суқиб қўйиш мумкин.

 

Манба: dachnye-sovety.ru

Улашиш: