Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Лейшманиоз касаллиги ҳақида

23/Noyabr/2024 04:11
  2636

Лейшманиоз - сурункали  оқимда  ўтадиган  антропозооноз,  трансмиссив касаллик  бўлиб,  тери,  шиллиқ  пардалар,  ички  органларнинг яллиғланиши билан  характерланади. Тиббиётда лейшманиознинг  бир  хили,  тери лейшманиози-ёмон жароҳат, Боровский  касаллиги,  Тошкент  яраси,  Қўқон  яраси, Ашхобод яраси, Пенди яраси номи билан ҳам маълум.

Касаллик инфекцияни  тарқатувчи москитлар (искабтопарлар) бор жойда-Европанинг  Ўрта  денгиз  бўйидаги  мамлакатларида, Шимолий Африкада, шунингдек,  Ўрта  Осиё  ва  Кавказ орти  мамлакатларида  учрайди.

Ветеринар кўригидан ўтмаган дайди итлар, барча турдаги кемирувчилар ва ёввойи ҳайвонлар ушбу касалликлар манбалари ҳисобланади. Касалликни олиб ўтувчи москитлар (искабтопарлар) қум ва уй каламушлари, сичқон, типратикан, тошбақа, жайра, тулки, қашқир, бўри инларида кўпаяди. Аҳоли яшаш жойларида чиқинди қутилари, табиий ўғит  (гунг) тўплами, ҳаробаларда учрайди. Кемирувчилар ва ёввойи ҳайвонлар инларида эгалари қонини сўриб, озиқланади, шу ерда тухум қўяди. Агар ушбу ҳайвонлар лейшманиозлар билан касалланган бўлса, уларнинг қони билан лейшманиялар искабтопар танасига ўтади. Искабтопарлар чаққанда, лейшманиялар одамга ўтади. Лейшманиознинг иккала тури билан ҳам зарарланиш мумкин.

wwerffvbhjk-5468.jpg (94 KB)

Лейшманиялар одам ва бошқа  иссиқ  қонлиларнинг  организмига  кириб  жигар, талоқ, илик, қон томир ва лимфатик системаларида  кўпаяди.

Табиий  ҳолда  лейшманиоз билан асосан  инсонлар  ва  итлар,  мушуклар,  ёввойи  кемирувчилар  касалланади.

Табиатда ёввойи кемирувчилар касаллик қўзғатувчиларини ташувчилар бўлиб  ҳисобланади.  Москитлар  ёввойи  кемирувчиларда  қон  сўриш билан  бир  вақтда  лейшманияларни   қабул  қилади  ва  кейинчалик инсонлар,  итлар  ёки  кемирувчиларни  чақиш  йўли  билан  бир  вақтда инвазияни ўтказади.

komar-olp359.jpg (41 KB)

Касалликнинг белгилари. Итларда касалликнинг ташқи (тери) формасида лейшманиялар кирган жойларда (бошда, бурун бўлимларида, кўз ва қулоқ атрофида) дастлаб тугунчалар пайдо бўлади, сўнгра ярага айланади ва жун қоплами тушиб ялтираб қолади. Сурункали кечиб (1 йилгача ва ундан ортиқ), касал ҳайвоннинг ўлими қайд этилмайди.

leyshnioz-itlar.png (641 KB)

Лейшманиознинг ички (висцерал) формаси анча оғир кечиб ўткир даври-бир неча ҳафтагача, сурункалиси-ойлаб кечиб, жигар, талоқ, қизил илик, лимфа тугунлари каби ҳаётий зарур аъзоларнинг жароҳатланиши (зарарланиши) билан ҳарактерланади. Касал ҳайвон иситмалайди, кучли ориқлайди, кўзининг шиллиқ пардаси яллиғланади, бош ва бел қисмларида яралар ҳосил бўлиб, жуни тушиб кетади. Буруннинг шиллиқ қавати ва жинсий аъзони қоплаб турувчи тери бурмаси (ғилоф) яллиғланади. Шунингдек бир томонлама ёки тўла паралич кузатилиши мумкин.

Одамларда лейшманиознинг икки хили: шаҳарга хос хили (қуруқ хили, Ашхобод яраси)-яширин даври 6-8 ой, касаллик 8-12 ой (баъзан ундан ҳам ортиқ) давом этади, инфекция бемордан тарқалади ва чўлга  ёки  қишлокда  хос хили (ҳўл хили, Пенди яраси) - яширин даври 10-12 кун, касаллик 2-4 ой давом  этади. Инфекциянинг бу тури лейшмания юққан кемирувчи  ҳайвонлар (қум  сичқон, юмронқозиқ  ва  б.) дан, шунингдек, касал  кишилардан  тарқалади. Лейшманиоздан ғуддалигида даволанмаса, яра битгач, ўрни чандиқ бўлиб қолади.

Касалликни олдини олиш ва унга қарши кўрашиш тадбирлари ветеринария ва тиббиёт ходимлари томонидан ободонлаштириш бошқармалари билан биргаликда амалга оширилиши лозим. Оғир  яллиғланган  итлар  йўқ қилинади. Ҳашаротларга қарши инсектицид дорилар қўлланилади. Уй-жой атрофидаги кемирувчилар, уларнинг уяси ва искабтопарларни йўқотиш, пашшахона тутиш, репеллентлар (ҳашаротлардан  сақланиш учун  баданнинг  очиқ  жойларига  суртиладиган ва кийим-бошларга пуркаладиган кимёвий моддалар)дан фойдаланиш зарур.

Энг зарур тадбирлардан бири - аҳоли яшаш жойларида санитария талабларига қатъий риоя қилиш, чиқиндилар йиғилиб қолишига йўл қўймаслик зарур.

 

Джураев Икром Хайитович,

Навоий вилоят давлат ветеринария бошқармаси бошлиғи.

Улашиш: