Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Янги экилган дарахтларни буташ тартиби

23/Noyabr/2024 05:42
  1087

Дастлабки буташ, дарахтлар экилгандан сўнг амалга оширилади. Агар экилгандан сўнг зарур бўлса, олма ва нок дарахтларини об-ҳаво совуқ бўлмаса буташ мумкин.  Олхўри, гилос ва бошқа данакли мевали дарахтларни қиш оҳирида куртак ҳаракатга келишни бошлаганда буташ самарали натижа беради.

Янги экилган дарахтларни буташ зарурияти бир қатор омилларга боғлиқ – экилаётган дарахт ёши, унинг пайвандтаги, унга танланган шакл бериш тури ва очиқ илдизда ёки тувакда олинганлигига боғлиқ.

Деярли барча янги экилган бир ёшли дарахтларни буташ тавсия қилинади, икки ёшли дарахтларни эса ҳар доим ҳам буталмайди. Дастлабки буташ бир ёшли дарахтлар учун жуда муҳим, агар буталмаса уларнинг тутиб кетиши қийин бўлади.

Агар янги экилган дарахтларингизни буташга қарор қабул қилган бўлсангиз, қуйидагилар билан танишинг.

 экилган дарахтларни кесиш-05.png

Дарахтларни эккандан сўнг ёки биринчи қишдан сўнг дарахт куртаклари ҳаракатга келганда бир ёшли дарахтларни кесинг, бу “қисқартириш” деб номланади. Бунинг иккита фойдаси бор.

1.     Дарахтнинг остки (илдиз қисми) ва устки қисми ўртасидаги мувозанатни тиклашга ёрдам беради, чунки илдизлар одатда бир жойдан иккинчи жойга кўчирилганда безовта бўлади.

2.     Баҳорда шакл беришга қулай бўлиши учун режалаштирилган масофадан ён шохларни шакллантиришга ёрдам беради. Албатта янги экилган дарахтнинг бир қисмини кесиб ташлаш ғалати туюлиши мумкин, лекин дарахтнинг саломатлиги учун бу жуда муҳим. Агар янги экилган дарахтлар кесилмаса уларнинг тутиб кетиш имконияти камаяди.

Дарахтга қандай шакл беришни истасангиз, уни шу шакл бериш турига мос баландликда кесиб қисқартирасиз. Агар янги экилган дарахтларни қайси баландликда кесиш хусусида хулоса қабул қила олмасангиз унда уни 60-70 см баландликда кесиш аксарият мевали дарахтлар учун тўғри келади.

Дарахт кесиш учун ўткир қайчидан фойдаланинг ва ўзигиз истаган баландликда жойлашган куртак устидан кесинг. Агар шубҳалансангиз, бир оз юқоридаги шохларда олдин кесишни синаб машқ қилишингиз мумкин.

Қўшимча маслаҳат

Олхўри ва гилос дарахтларини қишда буташ мумкинми?

Олхўри, тоғ олча ва гилос дарахтлари одатда қишда буталмайди. Chondrostereum purpureum (сиёҳранг барг)  каби бир қатор замбуруғ касалликлар қиш ва куз ойларида жуда фаол бўлади. Олхўри ва гилос дарахтлари  замбуруғ касалликларга жуда мойил бўлганлиги сабабли қишда уларни буталаш тавсия қилинмайди. Шундай бўлсада кеч куз ва қишда кўчат экилганда ёш ниҳолларда мева берувчи шохларни авж олдириш учун уларни буташ зарур. Буташни амалга ошириш мақсадида ёш ниҳолларни замбуруғ касалликларга жуда мойил ҳам қилиб қўймаслик даркор. Бу оилага мансуб дарахтларни эҳтиёт қилиш учун дарахтларни буташни қишнинг охири, ҳаво илиб қуруқ бўлган вақтда амалга ошириш тавсия қилинади.

Агар қиш ойида буташни бажаришни истамасангиз, уни баҳорда куртаклар бўртиб ҳаракатга келишни бошлаган вақтгача кечиктиришингиз мумкин.

Манба: mevazor.uz

Улашиш: