Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Фундук тупроқ танламайди

22/Noyabr/2024 00:15
  1628

Ўрмон ёнғоғи ҳисобланган фундук бутасимон ва дарахт ҳолида ўсади. Меваси бениҳоя фойдали, шифобахш ва тўйимли. Хуштаъмлиги ҳамда ҳиди билан бодомни эслатувчи фундук меваси таркибидаги ёғ тами, ранги узоқ вақт ўз хусусиятини йўқотмаслиги боис тиббиёт ва рассомчиликда кенг фойдаланилади. Ёғи тез қуриб қолмайди. Мағзида 77-80% ёғ, 8-20% оқсил борлиги учун қандолатчиликда ҳам кенг фойдаланилади.

Фундук ёнғоғи дарахтининг пўсти, барги, новдаси таркибида 8-16 фоизгача танид моддаси мавжуд. Новдалари бир йилда 2-4 метргача ўсади ва у эластик қайишқоқ ва эгилувчанлик хусусиятига эга. Ундан ҳар хил саватлар ва иҳота учун четанлар ясаш мумкин. Фундук баҳорда эрта гуллайди, гулчанги кўп бўлади. Асаларилар мўл асал йиғади. Фундукнинг “Разнокистная”, “Обыкновенная”, “Манчжурская”, “Деревовидная” ва маданийлаштирилган “Черкас-2”, “Кудрявчин” (бурама), “Гибрид”, “Мичурин”, “Санц” каби навлари мавжуд. Фундуқ мевасининг диаметри 2-6 см бўлиб, шакли овал-юмалоқ, ранги яшил, оч-яшил, пўсти қалин-зич.

Фундукнинг бир тупидан 8-10 килограммгача мева олиш мумкин. Бир гектар майдонга 600 туп кўчати экилади. Ҳар гектар фундукзордан 2-3 тонна ҳосил олиш мумкин. Дарахти бутасимон, дарахт сифатида ўстирилади. Бўйи 2-4 метргача ўсади. Меваси август-октябрь ойларида пишади.

Тупроқ танламайди. Тоғли, тошлоқ ҳудудларда ҳам ўсаверади. Чунки томир қисмида майда-майда замбуруғга ўхшаш шишлар (тугунча) мавжуд бўлиб, улар ердан фойдали элементлар ва сувни тезда қабул қилиб ривожланади. Экишдан олдин ҳар туп ниҳоли остига 1-1,5 килограммдан ўрмон тупроғини солиш шарт. Сабаби – ўрмон тупроғи таркиби ҳар хил минерал моддалар, тузлар ва микроэлементларга бой. Гуллаш даврида 0 даража совуқ кузатилса ҳам, таъсир кўрсатади. Ўрмон ёнғоғи кўчатларининг икки йиллиги экилади. Томир қисмидан чиққан ёш новдани пархеш усули ва уруғидан кўпайтириш мумкин.

Ҳосилли новдаларни кўпайтириш учун ниҳолни чуқур экиш тавсия этилмайди, акс ҳолда дарахти кеч ҳосилга киради. Ўрмон ёнғоғини озиқлантириш тупроқ структурасига қараб амалга оширилади. Дарахт таги 15-20 сантиметргача юмшатилади.То ҳосилга киргунича парранда гўнги, минерал ва маҳаллий ўғитлар солиш тавсия этилмайди. Ҳосилли фундук дарахтига эрта баҳорда ҳар бир тупига 10 килограммдан маҳаллий ўғит, 50-60 грамм калий, 100-150 грамм азот, 200-250 грамм фосфор бериб борилади.

Ҳосилни териб олишда мевалари ранги ўзгаришига қараб, яъни яшил-қизғиш ҳолга келганда новдасини сал силкитиб, қоқиб олинади. Меваси озгина намлигича қолса ҳам икки-уч кунда сифатсиз ҳолга келиб қолади. Шунинг учун ёнғоқ меваларини қуритиш майдончаларида яхши қуритиб олиш лозим.

Н.Астанақулов,

Академик М.Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти Сурхондарё илмий тажриба станцияси илмий ходими


Улашиш: