Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Ўзбекистон иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ масалаларни ҳал учун Яшил иқлим жамғармаси билан ҳамкорлик қилмоқчи

23/Noyabr/2024 09:16
  1014

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати маркази томонидан иқлим ўзгаришларига мослашиш, уларни келгусида Яшил иқлим жамғармасига бериш масалалари билан боғлиқ 10 та лойиҳа ишлаб чиқилмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Бу борадаги ишлар БМТТД қўшма лойиҳаси, БМТнинг Атроф-муҳит бўйича дастури ва Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати марказининг “Ўзбекистонни Яшил иқлим жамғармаси ресурсларидан фойдаланишга тайёрлаш дастури” доирасида олиб борилмоқда.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати маркази бош директорининг биринчи ўринбосари Б.Нишонов сўзларига кўра, сўнгги йилларда дунёда муҳим иқлим ўзгаришлари кузатилмоқда. Бу эса деҳқончиликка сезиларли равишда таъсир кўрсатиб, қишлоқ хўжалиги фаолиятида ерга ишлов бериш самарадорлигини ошириш, сув ресурсларидан тўғри фойдаланиш ва экологик мувозанатга эришишни таъминлайдиган янги технологияларни ишлаб чиқиш ва қўллашни талаб қилади.

Ўзбекистон ҳам ушбу муаммога дуч келган бўлиб, бу айрим вилоятларда айниқса яққол намоён бўлмоқда. Мамлакатимизда иқлим исиши билан боғлиқ тенденция ўтган асрнинг ўрталарида кузатилиб, ҳар ўн йилда ҳарорат ўртача 0.29 даражага кўтарилмоқда. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида глобал иқлим ўзгаришлари ва Орол денгизи қуришининг салбий оқибатларини юмшатиш бўйича тизимли чора-тадбирлар қабул қилиш кўзда тутилган. Ўзбекистон бошқа 170 мамлакат қаторида чиқиндиларни камайтириш, технологик қайта жиҳозлаш ва иқлим ўзгаришларига мослашиш бўйича чора-тадбирларни қабул қилиш мажбуриятини олган ҳолда, иқлим бўйича Париж битимини ратификация қилган.

Айни вақтда мамлакатимизда глобал иқлим ўзгаришлари келтириб чиқарувчи муаммоларни ҳал этиш жараёнида билвосита ёки бевосита машғул бўлган кўплаб ташкилот ва кўнгиллилар мавжуд. Минг афсуски, уларнинг ҳаммаси ҳам иқлим ўзгаришларига энг мойил ҳудудлар учун муҳим бўлган лойиҳаларни амалга ошириш учун етарли маблағ ва ресурсларга эга эмас. Бу масалада уларга Яшил иқлим жамғармаси ёрдам бериши мумкин. У иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ масалаларни ҳал этишга йўналтирилган ягона глобал ташаббускордир. Яшил иқлим жамғармаси томонидан молиялаштириладиган лойиҳалар нафақат иқлим ўзгаришларининг олдини олиш, балки уларнинг оқибатларига мослашишга ҳам мўлжалланган.

“Ўзбекистонни Яшил иқлим жамғармаси ресурсларидан фойдаланишга тайёрлаш дастури” доирасида иқлимнинг глобал ўзгаришларига мослашиш, уларни келгусида Яшил иқлим жамғармасига беришга қаратилган ғоя ва таклифларни тайёрлаш ишлари амалга оширилмоқда.

Манба: www.uza.uz

Улашиш: