Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Бодом дарахтига шакл бериш

27/Noyabr/2024 03:10
  1188

Биринчи 2-3 йил давомида бодом дарахтининг шох-шаббаларига ўзгарувчан лидер ёки пирамида шаклида, кўп шохловчи навларга эса очиқ косасимон ҳолатда шакл берилади. Шакл беришда марказий лидер новда ва шохчалар ўртасидаги ўзаро тобе мутаносиблик сақланиши лозим. Дастлабки асосий шох кўчат илдиз бўғинидан 60-70 см баландликда, кейингилари эса ҳар 20-30 см оралиқда 90-120 градус бурчак остида спирал шаклда қолдирилиб қирқилади.

Ёш дарахтлар шох-шаббасининг ичкари томонидан ўсиб чиққан ортиқча новдалари аста-секин олиб ташланади.

Ёш мевали дарахтларнинг новдаларини 3-4 йил жуда қисқартириб кесилиши тавсия қилинмайди, чунки бу ҳолат уларнинг ўсишини кескин кучайтириб юборади ва ҳосилга киришини кечиктиради.

Ҳосилга кирган боғларда кесиш ишлари шикастланган, қуриган, зарарланган шохларини қирқиб сийраклаштириб боришдан иборат бўлади. Суст ўсувчи ва кам ҳосил берувчи 30-35 ва ундан катта ёшдаги боғларда ёшартириш ишларини олиб бориш лозим, яъни эрта баҳорда (феврал-март) дарахтларнинг 2-4 яшар шохларини қисман кемтикланади ва уйқуда ётган куртаклардан янги новдалар ўсиб чиқиши таъминланади. Булар ҳисобига қариган дарахтларнинг шоҳ-шаббалари тикланиб, яна бир неча йил ҳосил беришини таъминлайди.

Пайванд қилинмай ўтказилган кўчатларни, ҳамда ёввойи бодом дарахтларини сифатли навлар билан жойида пайвандлаш ҳам мумкин. Бунда 5-6 ёшли дарахтлар тезда ўсиб турган ёки уйғонмаган куртак билан танасига ёки илдиз бўйнига пайванд қилинади. Кўчатлар шохлаб кетган бўлса, пайвандуст унинг асосий шохига уланади ва ортиқча шохлар эса кесиб ташланади. Тагидан ўсиб чиққан бачки новдалари бутаб турилади. Меъёрида парваришланган дарахтлар 2-3 йилдаёк ҳосилга кириши мумкин.

Манба:

Абдурасулов А.А. (2010). Ўзбекистонда бодомни боғ типида плантацияларини барпо қилиш бўйича тавсиялар. Тошкент.

Улашиш: