Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Бройлер жўжаларини ўстиришнинг муҳим хусусиятлари

23/Noyabr/2024 08:08
  1982

Парранда маҳсулоти парҳез ҳисобланиб, таркибида тез ҳазмланувчи оқсил, ёғ, витаминлар, минерал моддалар ва алмаштириб бўлмайдиган аминокислоталар мавжуд бўлиб, инсон организмида 98-99% ҳазмланади. Турли турдаги паррандаларнинг гўшт маҳсулоти ўзига хос кимёвий, морфологик таркибга эга бўлиб, нафақат сақлаш, парваришлаш, бўрдоқилаш, озиқлантириш, қолаверса, зоти, линияси ва кроссларининг хусусиятларига боғлиқдир.

Бройлер жўжаларини ўстириш, бўрдоқилаш ва озиқлантириш учун бир кунлик соғлом жўжаларни танлаб олишга эътиборни қаратиш муҳимдир.Одатда, соғлом жўжалар кўзлари чақнаб туради. Яхши пар билан қопланган, сезгир, ҳаракатчан бўлади. Бройлер жўжалари сақланадиган хона икки кун олдин 3,5-5,0% ли хлорамин ёки 1,2-2,0% ли хлор эритмаси билан зарарсизлантирилди. Жўжалар турар жойига 2-3 см қалинликда сўндирилган оҳак тўшалиб, устидан 6-8 см тўшама, (ёғоч қириндиси, сомон, похол, майдаланган маккажўхори пояси, шоли қипиғи) кабилар ишлатилди.

Бройлер жўжаларини озиқлантиришда маҳаллий озиқалардан фойдаландик. Рационининг тўла қийматлилигини ошириш мақсадида соя шроти қўшиб бериш билан алмашинув энергияси ва хом протеинни меъёрлаштириб, тирик вазни ва кунлик ўсишини ошириш имкониятлари ўрганилди.

Тажриба жараёнида "ROSS-308" кроссли бройлер жўжаларидан бир кг қўшимча тирик вазн олиш учун 2,4 кг, ”Ҳабборт” кроссли бройлер жўжалари учун 1 кг тирик вазн олиш учун 2,9 кг омихта ем сарфланди. “Ҳабборт” кроссли бройлер жўжаларига нисбатан "ROSS-308" кроссли бройлер жўжаларига 0,5 кг кам омихта ем сарфланди.

Ўтказилган тажрибалардан, илмий тадқиқот изланишлари ва амалиётда синаб кўрилган хўжалик маълумотларига кўра, паррандаларнинг ўсиши, бошқа сут эмизувчи хайвонларга нисбатан юқори бўлиши исботланган. Шу сабабли, паррандаларни турларига кўра, маҳсулдорлик йўналишига қараб ўстириш, улардан меъёрда маҳсулот олишга эришиш мумкин. Паррандаларнинг тирик вазни ва кунлик ўсиши асосий кўрсаткичлардан бири бўлиб, бу насл ирсиятларига боғлиқдир.

Тажрибадаги бройлер жўжаларини ўстиришнинг биринчи ҳафтасида назорат гуруҳидаги бройлер жўжаларининг тирик вазнига нисбатан тажриба гуруҳи бройлер жўжаларидаги тирик вазн 12,2 г ни, кунлик ўсиши эса 1,8 г, юқори. Ўстиришнинг иккинчи ҳафтасида назорат гуруҳидаги жўжаларга нисбатан тажриба гуруҳидаги жўжаларида тирик вазн миқдори 15,1 г га, кунлик ўсиши эса 0,4 г га кўп бўлди. Учинчи, тўртинчи ва бешинчи ҳафталикларидаги назорат гуруҳидаги жўжаларга нисбатан тажриба гуруҳидаги жўжаларнинг тирик вазни 24,8 г; 70,0 г ва 139,7 г га кўп бўлиб,кунлик ўсиш кўрсаткичлари эса 1,7 г; 6,3 г; ва 10,0 г га кўп. Назорат гуруҳидаги жўжаларга нисбатан тажриба гуруҳидаги жўжаларнинг тирик вазни олтинчи ва еттинчи ҳафталикларида 190 гг кунлик ўсиши эса 7,5 га юқори бўлди.

Парранданинг гўшт маҳсулдорлиги унинг биргина наслига эмас, балки, ўстириш ва озиқлантириш шароитларига ҳам боғлиқ бўлади. Гўшт йўналишидаги жўжалар ҳаётининг биринчи 5-6 хафталигида жадал ўсади ва вазнининг ўсиш бирлиги ҳисобига кам озуқа сарфлайди. Паррандалар қанча эрта ёшида сўйилса, маҳсулот бирлиги шунча кам озуқа сарфланади.

Бир кг қўшимча тирик вазин олиш учун омихта ем сарфи тажриба гуруҳига 0.5 кг кам сарифланди. Олинган даромад назорат гуруҳига нисбатан, тажриба гуруҳда кўп бўлиб, бир кг бройлер гўштидан олинган фойда тажриба гуруҳида 400 сўмга кўп бўлиб, рентабеллик даражаси назорат гуруҳидаги бройлер жўжаларига нисбатан 5,6 % тажриба гуруҳида юқори бўлди.

Хулоса: фермер, деҳқон – оила ва ёрдамчи паррандачилик хўжаликларида истиқболли "ROSS-308" ва “Ҳабборт” кроссларидан фойдаланиб, бройлер гўшти ишлаб чиқариш яхши самара беради.

Д.С.Тошбеков, Ф.Ш.Бердиқулов,

Ю.А.Эрматов


Улашиш: