Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Африка лаққаси балиғини қандай шароитларда етиштириш мумкин?

23/Noyabr/2024 20:04
  1219

Аҳоли хонадонлари ва томорқа участкаларида ер майдонининг мавжудлиги ва сув билан таъминлаш имкониятидан келиб чиққан ҳолда бир неча йўналишда африка лаққаси балиғини етиштириш мумкин. Шу йўналишда бир неча вариантларни таклиф этамиз:

1. Ёпиқ сув таъминоти тизими (УЗВ) – ушбу тизмда 3 дона пластик бассейнлар, 1 дона сув тиндириш, тозалаш бассейни, мехник ва биологик фильтр, сув қиздириш ускунаси ҳамда насосни ўз ичига олган тизим.  8 тонна сув сиғимга эга.  Тизим бино, ертўла ёки иссиқхоналар ичига қурилади. Ушбу тизимнинг асосий афзаллиги сувни кам сарфлаши ва балиқни йил давомида етиштириш имконияти мавжудлигидадир. Тақдим этиладиган тизимда бир мавсумда (6 ойда) 2 тонна балиқ етиштириш имконияти мавжуд бўлиб, бир йилда икки мавсум фойдаланиладиган бўлса 4 тонна балиқ етиштириш имконияти мавжуд бўлади.

2. Бетон бассейнлар – балиқ етиштириш билан доимий шуғулланиш истаги бўлган ташаббускорлар томорқанинг маълум бир қисмида бетон бассейнлар қуришлари мумкин. Ушбу бассейнларнинг устини енгил конструкция билан ёпиш мақсадга мувофиқ бўлиб, ёз ойларида қуёш нурларининг тўғридан-тўғри тушишидан асраса, куз ойларида плёнка билан ўраган ҳолда зарур ҳароратни ушлаш имконияти туғилади. Бетон бассейнларда ҳам балиқни тиғиз ўтқазиш ҳисобига юқори ҳосилдорликка эришилади.

3. Полиэтилен бассейнлар – ҳозирги кунда балиқ боқиш учун INTEX компанияси томонидан ишлаб чиқариладиган турли ўлчамдаги бассейнлардан фойдаланиш тажрибаси кенг қўлланилмоқда. Ушбу бассейнлар мобиллиги, фойдаланиш қулайлиги, бино ёки бошқа иншоотлардан балиқ боқиш мавсумида вақтинчалик фойдаланиш, мавсумдан ташқари вақтларда йиғиштириб қўйиш имконияти мавжудлиги билан ажралиб туради.  Бундан ташқари ёғоч ёки темирдан ясалаган каркасларга юқори қалинликка эга полиэтилен матолар қоплаш ҳисобига кичик бассейнлар ясалиб балиқ боқиш тажрибаси ҳам мавжуд.

4. Тупроқ ҳавзалар – қуёш энергиясидан самарали фойдаланиш ҳисобига балиқ етиштириш учун арзон ҳовуз яратиш имконияти. Бунда томорқа участкасининг сув билан таъминлаш мумкин бўлган қисмидан турли ўлчамларда ҳовуз қуриш учун ердан чуқурлиги 50 см қилиб ковланади, ковлаш натижасида чиқарилган тупроқдан дамба қилиш ҳисобига қурилган ҳовузда сув сақланадиган чуқурлик 1 метрдан ортади. Ҳовуз сув билан тўлдирилганда атрофдаги ер майдонларида сизот сувлари миқдорини ортиб кетишини олдини олиш мақсадида ҳовуз плёнка ёки геомембрана каби сув ўтказмайдиган матолар билан қопланади. Ҳовузни сув ўтказмайдиган мато билан ёпиш мақсадида томонларининг нишаблигини камида 70 градус бўлишини таъминлаш лозим. Ҳовуздан сув чиқиб кетишини таъминлаш мақсадида тубидан қувур (труба) ўтказиш лозим. Қувур учи атрофини чиқиндилар йиғиладиган алоҳида нишаб жой қилинади, ушбу жойга сувдаги чиқиндилар йиғилиб қувур орқали чиқариб юборилди. Зарур ҳолларда ҳовуздаги сув тўлиқ чиқарилишини самарали таъминлаш мақсадида ҳовуз дамбасидан 1-1,5 метр масофада камида 1х1 метр ўлчамли кичик ҳовузча ковланади, ушбу ҳовузчага қувурнинг бир учи чиқарилиб, қувур учига сифон уланади. Ушбу сифон ҳовуздаги сув сатҳини ушлаб ёки ўзгартириб туришга ёрдам беради. Ушбу кичик ҳовузча ҳам сув ўтказмайдиган мато билан қопланиши мақсадга мувофиқ. Сифон орқали ҳовуздаги ифлосланган сувни чиқариш, кичик ҳовузчада сувни тиндириб, тинган сувни яна қайта ҳовузга солиш ҳам мумкин.

Аҳоли мавжуд имкониятдан келиб чиқиб қисман ерни ковлаб турли ғиштлар ва бетон блоклардан ҳовузлар ясаб устига плёнка ёки геомембрана каби сув ўтказмайдиган матолардан қоплаш ҳисобига ҳам балиқ боқишни йўлга қўйиши мумкин.

Дилмурод Шохимардонов

Улашиш: