Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Помидор касаллиги: кладоспориоз

23/Noyabr/2024 19:40
  1144

Белгилари: Касалликнинг биринчи белгилари қари баргларнинг ташқи юзасида зарарланган жойлар кўринишида пайдо бўлади. Уларнинг ранги оч яшилдан сарғишгача ўзгаради.

Бир вақтнинг ўзида баргнинг остки юзасида замбуруғнинг зайтунранг-яшил конидиялари тўплами ҳосил бўлади. Касаллик ривожланган сари барглар  сарғаяди ва тўкилиб кетади.

Барглардан ташқари ўсимликнинг пояси, гуллари ва мевалари хам зарарланиши мумкин. Зарарланган меваларнинг банди томонида қора рангли пўстдор чириш ҳосил бўлади.

Касалликнинг ривожланиш шароитлари: Касаллик қўзғатувчи замбуруғнинг ҳаётчанлиги тупроқда ва зарарланган ўсимлик қолдиқларида бир йилдан бироз камроқ муддат мобайнида сақланиши мумкин. Замбуруғнинг конидиялари шамол ва ёмғир томчилари билан осон тарқалади. Улар ишчиларнинг кийими ва қишлоқ хўжалик машиналари билан ҳам тарқалиши мумкин. Касалликнинг ривожланишига юқори нисбий намликдаги ҳаво (90%) ва ҳароратнинг юқори (24°С) бўлиши қулай имконият яратади. Унутмаслик лозимки, зарарланиш ҳароратнинг 10-32°С дипазонида юз беради. Ҳавонинг нисбий намлиги 85% дан кам бўлганда касаллик ривожланишдан тўхтайди.

kladosporioz-pomidor-1dkl96.jpg (32 KB)

Кураш чоралари: Фунгицидларни ўз вақтида пуркаш, шунингдек ҳавонинг айланишини таъминлаш ва иссиқхонани иситиш йўли билан ҳавонинг нисбий намлигини 85% дан пасайтириш касалликнинг зарарини камайтирувчи самарали чора бўлиши мумкин.

Имкониятга қараб чидамли навлардан фойдаланиш тавсия этилади, бироқ  бу кўпинча мазкур замбуруғнинг хилма-хил физиологик ирқлари туфайли қийинчилик туғдиради. Чидамли навлардан фойдаланиш мазкур касалликка қарши курашнинг энг самарали усули ҳисобланади.

Манба:

А. Э. Шайхов ва бошқалар (2013). Энерго - тежамкор иссиқхоналарни қуриш ва улардан фойдаланиш бўйича қўлланма. Тошкент.

Улашиш: