Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Кузда экиладиган сабзавот экинларини етиштириш технологияси

23/Noyabr/2024 22:29
  1643

Сабзавот экинларидан келгуси йили ҳосил олиш учун эрта кузги ва тўқсонбости муддатларда уларни экиш яхши самара беради.

Пиёзнинг эртапишар навларини (Сумбула, Пешпазак) 1-20 сентябрларда уруғи 70 см оралиқдаги эгатларга 2-3 қаторли ёки сочма усулида сепилади. 100 м2 ерга 140-150 г уруғ сарфланади. Уруғ сепилгач, тезликда эгатлар суғорилади ва ниҳол пайдо бўлгунча тупроқ нам ҳолда сақланади. Пиёз ниҳоллари 3-4 барг чиқариб олгунча парвариш қилинади. Қиш ойида ниҳоллар ривожланмайди ва баҳорда кунлар исиши билан ривожланиш давом этади. Пиёз 2 марта ўтдан тозаланади, қатор оралари юмшатилади, минерал ўғит билан озиқлантирилади, 3-4 марта суғорилади. Ҳосил жанубий вилоятларда апрель  охири – майнинг бошларида, марказий вилоятларда май ойининг охирларида пишиб етилади.

Пиёзни ўғитлаш: 100 м2 ерга соф ҳолда 2 кг азот, 1,5 кг фосфор ва 0.7 кг калийли ўғит солинади. Ерни ҳайдашдан олдин фосфорли ўғитни 75%, калийни 100% солинади. Азотли ўғитни 50% пиёз 1-2 барг чиқарганда, баҳорда фосфорли ўғитни қолган 25% ва азотли ўғитни 50% солинади.

Саримсоқ пиёз шимолий вилоятларда сентябрнинг биринчи ўн кунлигида, марказий вилоятда сентябрнинг иккинчи ўн кунлигида ва жанубий вилоятларда сентябрнинг ўнинчи ўн кунлигида экилади.

Экиш схемаси: 70 см. оралиқ эгатларда 50 + 20 х 5 см. 100 м2 ерга 10-12 кг саримсоқ тиши сарфланади. Саримсоқ экилгандан сўнг устига 2-3 см. қалинликда чириган гўнг сепилади ва суғорилади.

Кузда ўсимликларни парвариш қилиш қатор оралари 15-16 см чуқурликда 2-3 марта ишлов бериш, бегона ўтлардан тозалаш, бир марта минерал ўғит билан озиқлантириш ва 3-4 марта сув беришдан иборат. Эрта баҳорда бегона ўтларни ўтоқ қилиб, қатор оралари 2-3 марта юмшатилади, минерал ўғит билан озиқлантирилади ва суғорилади.

Саримсоқни озиқлантириш муддатлари ва меъёрлари пиёз экини билан бир хил.

Сентябрь ойида редис, укроп, кашнич, сельдерей, петрушка каби кўкат сабзавотларни экиш яхши самара беради.

Ушбу сабзавотларни 70 см оралиқдаги эгатларга ёки 1 м кенгликда пол усулида сочма қилиб сепилади.

Редисни эртапишар Лола, Эртапишар, Рубин, укропни Ором, Ўзбекистон, кашнични Орзу, петрушкани Нилуфар, сельдерейни Сербарг навларини экиш тавсия этилади.

Кўкат сабзавотлар ниҳоллар пайдо бўлгандан кейин 30-35 кун ичида ишлатишга яроқли бўлади.

100 м2 га уруғ сарфи: редис 100-120 г., укроп, кашнич 15-20 г, петрушка, сельдерей 0,5 г.

Тўқсонбости муддатларда (ноябрь охири декабр бошида) совуққа чидамли сабзавот экинларидан пиёз, сабзи, ош лавлаги, кўкат сабзавот экинларини уруғлари сепилади. Бу муддатда сепилган сабзавот экинларини уруғлари қиши билан унмайди ва қишки ёғингарчиликлар натижасида уруғлар тупроқдаги намликка тўйинади ва ҳаво ҳарорати 4-50С бўлганда уна бошлайди. Ҳарорат 18-200С бўлганда тўлиқ унади ва баҳорда экилганга нисбатан ҳосил 20-25 кун эрта етилади.

Ушбу сабзавот экинлари 70 см эгатларга 2-3 қаторли ёки сочма усулда сепилади. Уруғ сарфи 100 м2 майдонга сабзи 60 г, пиёз 160-200 г, ош лавлаги 160 г экилади.

Манба:

Аҳоли томорқаларида мева, узум, сабзавот, картошка  ва  полиз  экинларини  етиштириш  бўйича тавсия.

Улашиш: