Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Пушти катарантус ўсимлиги: қўлланилиши ва етиштириш технологияси

24/Noyabr/2024 00:38
  1111

Қўлланилиши. Катарантус доривор препаратлари баъзи рак касалликларини (лимфогранулематоз, гематосаркома, миеломада розевин-винбластин ҳамда нейробластома, лейкоз, Вильсон шиши, меланома, кўкрак сут бези раки ва бошқа шишларда, винкристин) даволашда қўлланилади. Бу препаратлар цитотоксик (рак ҳужайраларини ўлдириш) таъсирига эга.

Етиштириш технологияси. Пушти катарантус ёруғсевар, унумдор ерларга ва минерал ўғитларга талабчан ўсимлик ҳисобланади.

Ўзбекистоннинг суғориладиган тиниқ ва ўтлоқи тупроқларда экиб ўстириш тавсия қилинади. Ўсимлик кўп йиллик бўлганлиги учун уни уруғини кузда ҳамда баҳорда экиш мумкин. Уруғларини иссиқ хоналарда экиб кўчат тайёрлаб ҳам экилади.

Пушти катарантус ўсимлигини ҳайдаб экиладиган экинлардан бўшаган ва бегона ўтлардан тозаланган ерларга экиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Ўсимлик экиладиган ерларни кузда тайёрланади ва ҳайдаш олдидан тупроқ унумдорлигини бир хил ҳолатда сақлаб туриш мақсадида ўсимликни ўсиш даврида яхши ривожланиши учун гектар ҳисобига 15—20 тонна маҳаллий ўғит ва фосфор ўғитини йиллик нормасини 70% ини бериб, 25—27 см чуқурликда сифатли қилиб ҳайдаб қўйилади.

Эрта баҳорда бегона ўтларнинг илдизларидан тозаланиб, икки марта борона ва мола бостириб ер текисланади.

Уруғни апрель ойининг бошларида тупроқ ҳарорати 18—20°С бўлганда қатор оралари 50—60 см дан қилиб сабзавот экадиган ускуналарда тупроқ юзасига 0,5—1 см чуқурликда экилади ва гектар ҳисобига сараланган уруғдан 4—5 кг сарфланади. Уруғ тупроқ юзасига бир текис тушиши учун чириган гўнг, қум ва бошқа маҳсулотлар билан аралаштириб экишни тавсия қиламиз.

Уруғларни суғориш мақсадида экиш агрегатларига окучниклар тиркаб эгатлар олинади. Экилган уруғлар тупроқ остида қолиб кетмаслиги учун эгатлар майда олинади. Уруғлар униб чиққунга қадар жилдиратиб турилади. Майсалар 20—25 кундан кейин пайдо бўлади. Бу субтропик ўсимлик бўлганлиги сабабли тупроқ ҳарорати 20—25°С дан юқори бўлишига ҳаракат қилиш лозим. Майсалар униб чиқиши учун тупроқ юзаси нам ҳолда сақланади.

Ўсимликда 3—4 та чин барг ҳосил бўлганда ҳар 15—20 см оралиқдаги ҳар бир уяга 1—2 тадан ўсимлик қолдириб ягана ўтказилади. Ўсимликларнинг илдиз тизимига зарар етказмасдан эҳтиёткорлик билан қатор ораларига ишлов бериш тавсия қилинади. Тупроқнинг намлиги ва ўсимликнинг ривожланиш ҳолатига қараб суғоришни табақалаб ўтказиш лозим. Вегетация давомида катарантус ўсимлигини 10—12 марта суғорилади.

Ўсимликнинг хомашёси барг ва новдаларнинг баргли тана қисмлари ва 2 мм гача қалинликдаги поялари бўлганлиги учун ва улардан юқори ҳосил етиштириш мақсадида биринчи озиқлантиришни шоналаш фазасида гектар ҳисобига 50 кг азот, 20 кг калий ўғити бериш билан амалга оширилади. Иккинчи озиқлантириш хомашёси ўрилгандан кейин ҳар бир гектар ерга 50 кгазот, 30 кг фосфор ва 30 кг калий берилади. Озиқлантириш суғоришдан олдин амалга оширилади.

Умуман мавсум давомида пушти катарантус экилган ерларга 100 кг азот, 80 кг фосфор ва 50 кг калий ўғити билан озиқлантирилса, юқори ҳосил олишга мувофиқ бўлади.

Пушти бўригул 9—10 жуфт барглар ҳосил қилса (60—65 кун) шоналаш бошлайди, 70—75 кунда гуллайди. Ён новдалари 80- куни ўсиб чиқади, 125 кундан кейин мевалари тўлиқ пишиб етилади.

Ўсимликнинг ер устки қисми август ойининг ўрталарида мева пиша бошлаган даврда ўриб олинади. Ўриб олинган маҳсулот шийпонларга ташиб келтириб „Волгар“ ускунасида 3 см гача майдаланади, кейин ёпиб қуритилади.

Қуриган хомашё майдаланган барглардан, мева бўлаклари, майдаланган поя, тўпгул ва шоналардан иборат бўлади. Хомашёнинг ранги тўқ яшил бўлиб (қуриган гуллари борлиги туфайли) оч қўнғир ранглилари ҳам учрайди.

Манба: moodle.pharmi.uz

Улашиш: