Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Қорамолларда қисирлик сабаблари: ғунажинларнинг ривожланмай қолиши

24/Noyabr/2024 02:17
  994

Поданинг меъёрда кўпайиши учун ёш бузоқларни соғлом вояга етиштиришга катта аҳамият бериш керак бўлади.

Ёш ғунажинларни ёмон ва тўлақонли озиқлантирмаслик уларнинг жинсий аъзолари ривожиланишини сусайтиради. Бундай жониворларни уруғлантириш табиий холга қараганда 6–12 ойга кечикади. Бу эса, ўз ўрнида, хўжаликда жониворлардан фойдаланиш самарасини пасайтириб юборади. Агар бола туғиш даври келиши билан бўғоз ғунажинларни боқиш сифати ошмаса, бу уларнинг ўсишини пасайтириб, сут безларининг ривожланмай қолишига олиб келади. Одатда илк болалаш етарлича тана вазни бўлмаган шароитда кечади, шунинг учун ҳам бачадон ва тухумдонларда артофия фаолиятини юзага келишига олиб келувчи қийин ҳолатлар бўлиши мумкин. Натижада ғунажинларнинг 50% қисми қисир бўлиб қолади.

Жинсий аъзолардаги аномалиялар (ноодатий ҳолатлар)

Эмбрионал ёки ҳомила ривожланиши даврида спермиялар, тухум хужайралар ёки зиготаларнинг тўлақонли бўлмаслиги натижасида ғунажинларда жинсий аъзоларнинг фаолияти аномалияси саналадиган инфантилизм, фримартинизм, гермафродитизмлар, кузатилади.

Инфантилизм – организм ва жинсий аъзоларнинг ривожланмай қолиши, жинсий циклларни бўлмаслигидир. Инфантилизмда гипоплазия ҳамда бачадонни ривожланмай қолиши кузатилади.

Фримартинизм белгилари - ғунажинларда клитор керагидан кўпроқ ривожланган бўлиб, қин, бачадон бўйни ва шохлари ривожланмай қолади. Тухумдонлари меъёрда фаолият кўрсатса ҳам, бундай ғунажинлар бепушт бўлади.

Гермафродитизм жониворда ҳар иккала (эркак ва урғочи) жинсий аъзоларнинг мавжудлиги. Ғунажинларда бир вақтнинг ўзида ҳам туҳумдон ҳам мояк бўлади. Гермафродит ғунажинлар бепушт бўлишади ва чиқимга чиқарилади.

Яна бир қанча аномалиялар кузатилган: вульванинг ёки вагинанинг бўлмаслиги, вульва ва вагинанинг қисман ёки бутунлай қўшилиб ўсиб кетиши, бачадон бўйнининг йўқлиги, бир шохли ёки тўрт шохли бачадон, тухум ўтиш йўлининг тўсилиб қолиши ёки умуман мавжуд эмаслиги ва ҳоказо.

Хабибулло Хамдамов

ЕХХТ ветеринария ва чорвачилик бўйича консультанти

Улашиш: