Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Гулижавҳар (бархатец) гули ҳақида

24/Noyabr/2024 02:42
  1374

Гулижавҳар (бархатец), тагетес қўқонгуллилар оиласига мансуб бир йиллик ўсимлик. Марказий Америкадан келтирилган. Ўсимликнинг шундай тур ва навлари мавжудки, улар баландлиги, тупининг тузилиши, гулбарглари шакли ва ҳоказолар бўйича фарқи катта. Ўсимлик баландлиги 15 дан 120 см. гача, туплари зич ёки тарвақайлаган, поялари кучли шохланган. Гулбарглар тупнинг юқори қисмида жойлашган бўлиб, гул оёқчалари узундир. Оддий ва серяпроқдир, гулбаргларнинг диаметри 2 дан 12 см. гача, сариқ, олов ранг ва жигар рангларнинг турли тусларидаги навлари бор. Гулчиликда қуйидаги турлари экилади: тўғри гулижавҳарлар, баланд бўйли (70-80 см. гача ва юқори), оддий ва серяпроқ гулбаргли; тарвақайлаган гулижавҳарлар, шохланган, баландлиги 40-45 см. оддий, япроқлари кам ва серяпроқ гулбаргли; пастак гулижавҳарлар, баландлиги 15-20 см. иҳчам тупга эга.

143979998barhatcy-gulijavhar.jpg (118 KB)

Майдан октябр ойи охиригача гуллайди. Сўлиган гулбаргларни юқори шохлардаги новдалар беркитгани учун ўсимликнинг манзаралилиги камаймайди. Ўсимлик ўзига хос ўткир ҳидга эга. Уруғларни яшиклар ёки иссиқхона ерига апрел ойи бошларида экиш билан кўпайтирилади. Яшикларга, иссиқхона ва кўчатзор ерларига кўчириб ўтқазилади.

Очиқ ерга баҳорги совуқлар тугагандан сўнг апрел ойининг биринчи ўн кунлигида экилади. Ўсимликлар орасидаги масофалар (см. ларда): баланд бўйлилар учун — 50; ўрта бўйлилар — 30; пастаклар учун — 20. Улар жуда тез ўсади. Тупроққа талабчан эмас, лекин енгил ва нам тупроқлар мақсадга мувофиқдир. Очиқ, қуёш яхши тушадиган иссиқ майдонларни афзал кўради, лекин ярим сояда ҳам ўсиб гуллай олади. Парваришга муҳтож, аммо намлик камчилигида уларнинг манзаралилиги деярли пасаймайди. Пастаклари — ҳимоялаш учун клумбалар, гуруқлар ва тувак ўсимлиги сифатида; ўрта бўйлилари — кесиш учун рабаткалар ва даҳаларда экиш учун; баланд бўйлилари — рабаткалар, даҳалар, гузарлар ва кесиш учун қўлланилади.

Манба:

Бўриев Ҳ., Абдураҳмонов Л., Жононбекова А. (1999). Гулчилик. Тошкент, «Меҳнат».

Улашиш: