Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Райҳон - хушбўй ва шифобахш ўсимлик

24/Noyabr/2024 01:48
  1305

Одатда ёши улуғ кексаларимиз турар жой саҳнларига, кўчадаги ариқ бўйларига турфа хил райҳонларни экишиб, парваришларди. Бу хушбўй ўсимликнинг шохлари силкитилса атрофга ўзгача ифор тараларди. Хуш бўйи одамга завқ бағишларди.

Бугунги кунга келиб ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш мавсумида турли хил гул кўчатлари экамиз. Тўғриси, уларнинг ҳаммасини ҳам номма-ном билмаймиз. Лекин шундоқ манзарали, хушбўй  райҳоннинг қадрига етмаётгандекмиз.

Бу гул чанг-ғуборларни камайтириб, яхши кайфият бериш билан бирга, микроиқлимни яхшилайди. Масалан, райҳоннинг уч юздан ортиқ нави бўлиб, оқ райҳон, садарайҳон, ҳожи райҳон, қора райҳон кабилар бизда кўп учрайди. Муқаддас китобларда фарзандларга “жаннат райҳонлари” дея таъриф берилади. Номи “вужуди хушбуй ўсимлик”, “доимий қувонч” маъноларини англатувчи бу гул халқимизда доривор ва зираворлиги билан ҳам жуда қадрланади.

Мутахассисларнинг аниқ­лаш­­­ларича, райҳон инсон саломатлиги учун кони фойда экан. Иссиқ ҳароратдан пайдо бўлувчи бош оғриғини райҳон ҳидлаб аритиш мумкин. Сафар чоғидаги чарчоқ ва кўнгил беҳузурлигини ҳам бир шох райҳон ҳиди бартараф этишга қодир. Замонавий тиббиётда у тинчлантирувчи восита сифатида ишлатилади. Бундан ташқари, бадбўйликни аритиш хусусиятига ҳам эга. Масалан, тиш тошлари ва милк касалликлари оқибатида пайдо бўлувчи оғиз ҳидланишидан райҳон чайнаб вақтинча халос бўлиш мумкин.

Уй ичида бир даста райҳон сақлаш орқали нафақат хона ҳавосини хушбўйлантириш, балки ҳашаротлардан ҳам қутулиш мумкин.

Шундай экан, ҳовли жойларимизга райҳон экиб, атрофдаги одамларга ҳам хуш кайфият бағишлайлик. Зеро бу ҳам эзгу савоб амаллардан бири эканлигини унутмайлик.

Муаллиф:  А. Ҳалимов. Манба: andijontongi.uz

Улашиш: