Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Мошни такрорий экин сифатида етиштириш

24/Noyabr/2024 06:06
  1234

Мамлакатимизнинг тупроқ-иқлим шароити қишлоқ хўжалиги экинларини йил бўйи экиб, бир йилда 2–3 марта ҳосил олиш имконини беради. Шу боис суғориладиган ерларда кузги бошоқли дон экинлари ҳосили йиғиштирилиб олинганидан сўнг анғизда такрорий экин сифатида дуккакли дон экинларидан мош етиштириш самаралидир.

Дуккакли-дон экинлари орасида мош экиладиган майдон ҳажми жиҳатидан жаҳонда соядан кейин иккинчи ўринда туради (25 млн гектарга яқин). Маълумотларга кўра, республикамизда ҳар йили мош такрорий экин сифатида 18–20 минг гектардан ортиқ майдонда етиштирилади.

Мош озиқалик қиймати билан буғдой, ловия, нўхат, кўк нўхат ва жавдар донларидан 1,5–2 баравар, тўйимлилиги бўйича эса 1,5 баравар устун туради. Мош таркибидаги оқсилнинг ҳазмланиши 86 фоизга етади. Мош таркибида оқсил 24–28%, лизин 8%, аргинин 7% бўлади, В1 ва РР витаминлар кўп бўлади.

Илмий манбалардан маълум бўлишича, мош вегетация даврида тупроқда 50–100 кг/га биологик азот ва органик моддалар тўплаб, ернинг табиий унумдорлигини ошириши билан бирга оқсил ва витаминларга бой бўлган шифобахш дон берадиган экиндир.

Мошни такрорий экин сифатида кузги буғдой анғизида етиштирилганида 300–400 ц/га кўк масса ҳосили етиштириб, уни ерга ҳайдаб ташланса, ҳар гектар ер 100 кг биологик соф азот ҳамда чиритилган гўнгнинг бир йиллик меъёрига тенг даражадаги органик моддалар билан бойитади. Мош бутун вегетация даври мобайнида ўзидан кейин тупроқда 2,5–3 тонна миқдорида илдиз ва анғиз қолдиқларини қолдиради.

Кузги буғдойдан сўнг такрорий экин сифатида мош етиштирилиши натижасида тупроқнинг агрофизик ва агрокимёвий хоссалари ижобий томонга ўзгариб, ундаги гумус миқдори тупроқнинг ҳайдов (0–30 см) қатламида 0,008–0,012, умумий азот миқдори 0,006–0,010, умумий фосфор миқдори эса 0,007–0,010 фоизга ортади.

Суғориладиган майдонларнинг сув таъминоти чекланган шароитларида ҳам мошни кузги буғдойдан сўнг етиштириш мумкин. Айни вақтда сув танқис бўлган ҳудудларда мош юқори ҳарорат ва қурғоқчиликка бардошлилиги сабабли кўпроқ такрорий экин сифатида етиштирилмоқда.

Мош уруғи экилганда тупроқни ҳаддан ташқари намиқиб кетиши униб чиқишига салбий таъсир этади. Мош уруғи экилганидан сўнг оғирлигига нисбатан 90–92% нам талаб қилиб, жуда қисқа муддатларда униб чиқади.

Республикамизда такрорий экин сифатида мошнинг Победа–104, Радость, Наврўз, Каҳрабо, Дурдона ва бошқа бир қатор навлари экилади. Мошни кузги бошоқли дон экинлари картошка, сабзавот, силос учун экилган маккажўхори ва бошқа экинлардан бўшаган ерларга экиш мақсадга мувофиқдир.

Тупроқда тегишли нам захирасини тўплаш мақсадида анғиз суғорилади, ер етилганидан кейин эса икки ярусли плуг билан (ПЯ-3-35) 22–25 см чуқурликда ағдариб ҳайдалади ва тупроқда захира нам ҳосил қилишга эришилади.

Бундан ташқари, мошни такрорий экин сифатида кузги буғдойдан сўнг экишда ресурстежамкор технологиялардан фойдаланиш яхши самара беради. Жумладан, кузги буғдой ҳосили йиғиштириб олингандан сўнг дала сомондан тозаланади ва енгил суғорилади. Тупроқни етилиши билан культиваторлар ёрдамида 14–16 см чуқурликда юмшатилиб, СОН–208 русумли сабзавот экиш учун мўлжалланган сеялкаларда мош уруғини экиш мумкин.

Мош такрорий экин сифатида июнь ойининг охири-июль ойининг бошларида кенг қаторлаб экилади. Қатор ораси 60 см, экиш тизими 60x20, 60x15 бўлади. Экиш меъёри гектарига 250000–400000 минг дона. Экиш чуқурлиги 3–4 см. Ўсув даври давомида тупроқ-иқлим шароитларига қараб 1–3 марта суғорилади. Ҳар бир суғориш меъёрлари 500–600 м3/га. ни ташкил этади. Мош ўсимлигини гуллаш ва дон тугиш даврларида сувга бўлган талаби юқори бўлади. Бегона ўтлардан тозалаш мақсадида ўтоқ қилинади ва қатор оралари чопиқ килинади. Экиш олдидан гектарига соф ҳолда 40–60 кг фосфор ва 20–40 кг калийли ўғитлар солинади. Шоналаш ва гуллаш даврларида 30–40 кг азот, 20–30 кг фосфор ва 10–20 кг калийли ўғитлар билан озиқлантирилади. Агар азотли ўғитлар меъёридан ошиб кетса, ўсимлик биологик азотни ўзлаштирмайди.

Мошнинг дуккаклари пишиб етилган вақтда танаси, барглари ва бошқа қисмлари яшил ҳолатда бўлиб, дон ҳосилини тўғридан-тўғри комбайн билан йиғиштириб олиш имконини бермайди. Шу сабабли мош етиштирадиган хўжаликларда кўпчилик ҳолатларда мош ҳосилини йиғиштириб олишда дуккакларининг 70–80 фоизи етилганда, эрталабки кезларда қўл кучи билан йиғиштириб олиниб, ёйиб қўйилади ва қуритилади, сўнгра янчилади.

Юқорида келтирилган маълумотларга асосланган ҳолда хулоса қилиш мумкинки, кузги буғдой анғизида такрорий экин сифатида мошни етиштирилиши бир йилда 2–3 марта ҳосил олиш имконини бериб, кузги буғдойдан 60–70 ц/га, такрорий экин сифатида етиштириладиган мошдан эса 15–20 ц/га дон ҳосили етиштиришни таъминлаб, бир мавсумда ҳосилни 75–90 ц/га етказиш имкониятини беради. Бунинг натижасида 1 га майдондан фойдаланиш самарадорлиги 100 фоизга ошиб, соф даромад 30–40 фоизга кўпаяди. Рентабеллик даражаси 20–25 фоизга ошади ва маҳсулотнинг таннархи 15–20 фоизга камаяди.

Бу эса ўз навбатида республикамизда фаолият юритаётган фермер хўжаликлари тупроқлари унумдорлигини сақлаш ва оширишни таъминлаб, аҳолини озиқ-овқат ва чорвани ем-хашак маҳсулотларига бўлган эҳтиёжларини янада тўлароқ қондиришга, қишлоқ аҳолисининг даромади ва фаровонлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Манба: agro.uz.  Муаллифлар: Б. Ҳолиқов, А. Иминов

Улашиш: