Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Полиз экинларининг альтернариоз касаллиги

24/Noyabr/2024 03:45
  1213

Полиз экинлари альтернариозини Alternaria cucumerina гифомицет замбуруғи қўзғатади. Касаллик дунёнинг кўп мамлакатларида асосан мушк қовунни (Cucumis melo var. cantalupensis), камроқ ҳолларда қовуннинг бошқа турлари, тарвуз, қовоқ ва бодрингни зарарлайди.

Баргнинг устки томонида кичик, думалоқ, оч-жигарранг, ўртаси очроқ тусли, бироз ботиқ, сўнгра қизғиш-қўнғир тус ва концентрик шакл олувчи доғлар ривожланади. Улар ўсади ва баргни қоплаб олади, барглар сарғаяди ва сўлиб қолади. Зарарланган мушк қовун меваларида думалоқ, қўнғир, ботиқ яралар пайдо бўлади. Юқори намлик шароитида доғ ва яралар устида замбуруғнинг мицелий, конидиофора ва конидияларидан ташкил топган тўқзайтун ёки қорамтир тусли моғор ривожланади.

Экин ичида замбуруғ конидиялари шамол, ёмғир ва тупроққа ишлов бериш асбоб-ускуналари билан тарқалади. Касаллик учун ҳаво ҳарорати 25-28оС, нисбий намлик 85-100% бўлиши муътадил шароит ҳисобланади. Замбуруғ полиз экинларида, ўсимлик қолдиқларида ва бегона ўтларда, уруғ устида ва иссиқхоналарда сақланади.

Кураш чоралари. Чидамли навлар яратиш ва қўллаш; уруғни экишдан олдин самарали фунгицид билан дорилаш; ўсимлик қолдиқларини даладан чиқариб, йўқотиш тавсия қилинади.

Манба: 

Ҳасанов Б. А., Очилов Р.О., Гулмуродов Р.А. (2009). Сабзавот, картошка ҳамда полиз экинларининг касалликлари ва уларга қарши кураш. Тошкент.

Улашиш: