Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Сабзавотларни сақлашнинг маҳаллий усуллари

24/Noyabr/2024 03:32
  1286

Помидорни сақлаш

Янги помидорлар ўз ҳолатини кўп сақламайди. Яхши шароитда ёки музлаткичда сақланганда ярим ой туриши мумкин. Яшил помидорлар қизилларига нисбатан яхши сақланади. Уй шароитида сақланганида ҳам улар 2-2,5 ой ўз ҳолатини йўқотмайди. Шунда яшил помидорлар яхши етилади.  Сақлашга мўлжалланган помидорни ҳаво ҳарорати +7 +8оС дан пасаймаган вақтда териб олиш лозим. Сал сўлиган, юмшаган помидор пўсти қаттиқ ва бўз рангли бўлиб, кўк помидорга нисбатан ҳаво ўтказмайди. Шунинг учун бундай помидорда спирт ва этилен гази йиғила бошлайди ва бу тўқималардаги мураккаб моддаларни оддий моддаларга ўтказишни тезлаштиради. Бу жараён туфайли помидор нозикроқ ва ширин бўла бошлайди. Сунъий ҳолда сақланган помидор худди ўсимликда туриб ривожланганга ўхшаб, яхши етилиб боради. Катта ва ўртача помидорлар кичикларига нисбатан тезроқ етила бошлайди. Чунки кичик помидорда ривожланиш учун етарли моддалар кам бўлади. Шуни инобатга олган ҳолда йирик, ўрта ва кичик помидорларни алоҳида-алоҳида сақлаган маъқул. Помидорни сақлаш ҳарорати унинг пишганлик даражасига кўра турлича бўлади: пишган ва деярли пишиб қолган помидорлар +1 +2оС да (1,5 ойгача), яхши пишмаган помидорлар +4 +6оС да ва кўк помидорлар +10 +12оС да сақланади. Бунда ҳавонинг оптимал нисбий намлиги 80-90% ни ташкил этади. Шуни ёдда тутингки, ёруғлик помидорнинг пишишини тезлаштиради ҳамда унинг сақланиш муддатини қисқартиради. Қоронғуда помидорлар секин бўлсада, бир текисда  қизаради. Узоқ муддатга сақлашга мўлжаллангин помидорларни 3 қаватдан ортиқ териб бўлмайди. Яшикларга терилган помидорлар устига юпқа полиэтилен пленка тортиб қўйиш ҳам мумкин.

Сабзини сақлаш

Сабзини томири ва баргларидан тозалаб, бир-бирига теккизмай  ётқизиб,  устига  2-3  сантиметр  қуруқ  қум  солинади. Шу тартибда 75 сантиметргача баландликда (бир қатор териб устига қум солиб ва ҳоказо) қумда апрел-май ойларигача сақланиши мумкин. Бизнинг шароитимизда сабзини кузда кавлаб олмай, устига похол, сомон ва бошқа хашаклар тўшаб, ер остида сақлаш ҳам мумкин. Баҳорда кавлаб олиб иккинчи сақлаш усулига (қуруқ қумга кўмиш ёки салқин хонада сақлаш) ўтилади.  Сабзи яхши сақланиши учун +1 +20оС ҳарорат ва 90-95% нисбий намлик талаб қилинади.

Картошкани сақлаш

Сақлаш учун соғлом картошкалар ажратилади. Хона ҳарорати +3 +4оС илиқ, ҳаво алмашиб турадиган жой бўлиши керак. Назорат қилиб туриш учун яшик ва полкалар бўлгани маъқул. Хона доимий қоронғу бўлиши керак. Акс ҳолда картошка тугунаклари кўк рангга ўтиб кетади. Бу жуда ҳам заҳарли ҳолатга ўтиш бўлиб, озиқ-овқатга ишлатиш мумкин эмас. Агар қоронғу жой таъминланмаса, устига қора қоғоз ёки бошқа бирор нарса ёпиш керак. Картошка сақлашга қўйилиб, 5-6 ҳафта ўтгандан сўнг тўлиқ қайта кўрикдан ўтказилиб, зарарланганлари ажратиб олинади. Кўп массадаги картошкалар соғломлари ажратиб олиниб, 4 - 5 кун роса қуритилиб, сўнг ўраларда сақланади. Картошка катта миқдорда сақланганда баландлиги бир метрдан ошмагани маъқул. Картошка чуқурларда сақланганда, қазилган чуқурлик 1,5 метргача бўлиб, ярмигача картошка солинади. Сўнг устига 10-15 сантиметр қуруқ қум солиб, устидан похол ва бошқа хашаклар билан 50 сантиметр баландликда беркитилади.

Пиёзни сақлаш

Пиёз қанчалик қуруқ бўлса, унинг ривожланишдан тўхтаган даври шунчалик узоқ бўлади, бошқа ўсмайди ва кўп муддатга сақлаш мумкин бўлади.

1. Йиғиштириб олиш ва қуритиш. Сақлаш учун фақат қуруқ пиёзларгина олинади. Дастлаб пиёз далада 3-4 кун  қуритилади. Сўнгра уларни ёпиқ иншоотнинг остига олиб, кесилади ва 50 сантиметр қалинликда ёйиб қўйилади. Қуритиш давомида пиёз вақти-вақти билан айлантириб, аралаштирилиб турилади. Уюмда пиёзлар деярли қурийди. Сўнг пиёз тўлиқ қуриши учун омборхоналарда шамоллатиб туриладиган шароитда стеллажларга 18-25 сантиметр қалинликда ёйилади ҳамда +20 +25оС ҳароратда 10-15 сутка давомида сақланади.

2. Сақлаш. Пиёзларни паст ҳароратда сақлаш усули кенг қўлланилади. Бунинг учун доимий, тебранмайдиган ҳарорат (аччиқ навлари учун -1 -30C, ширин навлари учун эса –10C) ва ҳавонинг оптимал нисбий намлиги (80-90%) бўлиши зарур. Баҳорда омборхонада ҳарорат +20 +250C гача кўтарилади. 200C ва ундан ортиқ бўлган ҳароратда пиёз сақлаш ҳоналарида ҳавонинг нисбий намлиги 60 - 70% гача бўлиши керак. Одатда пиёз сақлаш давомида, агар у кузда яхши қуритилса, сақлаш учун яхши ҳолда омборхонага келтирилган бўлса, сараланмайди.

3.  Кўкат олиш учун сақланадиган пиёз. Кўкат учун мўлжалланган бундай пиёзларни +18 +20оC ли ҳароратда сақлаш маъқулроқдир. Сақлаш давомида бундай шароит пиёзнинг ниш уриши – унинг кўкариши, тез униб чиқишини таъминлайди.

Эслатма: Сабзавотларни сақлашда сичқон ва каламушлардан зарарланишини, ҳарорат кўтарилиб кетишини, маҳсулотларнинг сўлишини, ҳаво намлиги ошиб кетишини, замбуруғлар кўпайиб кетиб, пўпанак босиши ва бошқа ҳолатларни мунтазам назорат қилиш зарур.

Манба:

ЕИ ва БМТ (2010). Сабзавот ва полиз экинларини сақлашнинг маҳаллий усуллари. Турмуш даражасини ошириш дастури, Фарғона.

Улашиш: