Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Иссиқхоналарда сабзавот етиштириш (3-мақола)

24/Noyabr/2024 10:15
  1593

Уруғни экишга тайёрлаш

Юқори униб чиқиш ва ўсиш қувватига эга бўлган бодринг уруғларини экишдан олдин турли инфекциялар билан зарарланишига қарши (олдини олиш учун) уларни қуритиш шкафида олдин 2–3 сутка давомида 50°С иссиқликдан кейин бир сутка 75-80оС иссиқликда қиздирилиши лозим. Шундай қиздиришда иссиқлик таъсирида касаллик вируслари барчаси ўлади, лекин уруғнинг униб чиқиш қобилияти пасаймайди.

Уруғларни экишдан бир неча кун олдин ҳар бир кг уруғ ҳисобига 3 г меъёрда Меркуран ёки 8 г ТМТД препаратлари билан дорилаш керак. Касалликларга қарши уруғларни дорилаш ишлари қопқоғи зич ёпилган ойнали, пластмассали ёки эмалланган идишларда бажарилиши зарур.

Қишки-баҳорги экиш мавсуми

Қишки-баҳорги экиш мавсуми давридаги иссиқҳоналардаги ёруғлик тупроқ ва ҳаво ҳароратини аста-секин кўпайиб бориши ўсимликлар маҳсулдорлиги кўтарилишини таъминлайди.

Бодрингнинг партенокарпик Стелла дурагайини қулай экиш муддати декабрь ойининг охирги ўн кунлиги-январнинг биринчи ўн кунлиги даври бўлиб, кўчат тайёрлаш бўлимида тайёрланган тувакчаларга 30 кунлик кўчатлар билан экилади. Экилган уруғларни тўлиқ униб чиқишини таъминлаш учун ҳарорат 26-27°С дан пасайиб кетишига йўл қўймаслик шарт. Тувакчалар усти полиэтилсн плёнка билан ёпиб қўйилгани маъқул. Шунда тувакчалар ҳарорати юқори, намлиги эса меъёрда сақланиб, тувакларнинг юзасидан 1,5-2 см чуқурликдаги намлигини тезда парланиб қуриб қолишдан сақлайди, тувакларга уруғни бир донадан экилади. Экиш олдидан тувакчалар яхшилаб намланади, уруғ униб чиқаётганда суғориш амалга оширилади.

Дастлабки уруғлар униб чиқа бошлаш даврида плёнка олиб ташланади. Стелла дурагайи жуда тез ўсади ва орадан икки ҳафта ўтгач тувакларни ўсимлиги билан шундай қайта жойлаштириш керакки, ҳар 1 м2 га 30 та донадан ошиб кетмаслиги керак.

Кўчат етиштириш даврида ҳароратни ва намликни энг қулай меъерда бўлишини таъмин этиш лозим. Жумладан, ҳаво ҳароратини кундуз қуёшли куни 20-23°С, ҳаво булут кунлари 19-20°С ва кечалари 18-19оС, тупроқ ҳарорати 20-22°С дан пасайиб кетмаслиги, ҳавонинг нисбий намлиги эса 70-75 фоиз атрофида сақланиши лозим.

Бодринг кўчатлари бир текис ўсиши лозим. Экиш учун тайёрланган кўчат сифатли 25-30 кунлик бўлиб баландлиги 25-30 см, беш-олтита чинбарги бўлиши керак. Стелла дурагайини Ўзбекистон шароитида энг қулай экиш оралиғи ((80+80)-2)×50 см бўлиб, ҳар бир м2 майдонга 2,5 тадан ўсимлик жойлаштирилади. Сабзавотчилик илмий текшириш институти (Россия) олимлари эса бодрингнинг барча партенокарпик дурагайларини 160×40 см ва 100×50 см оралиқларда экишни тавсия этадилар.

Ўсимликларни парваришлаш

Бодринг ўсимликларини парваришлашда ҳароратнинг энг қулай меъёрда сақланишига алоҳида эътибор бериш лозим, яъни қуёшли кунларда 25-28°С, ҳаво булут кунлари 20-22°С, кечаси 18-20°С бўлиши керак.

Ҳароратни 18°С дан пасайиб кетишига йўл қўйиш керак эмас, чунки иссиқлик етишмаслигидан ўсимликлар нимжон бўлиб қувватсизланади ва касалликларга чидамлилиги камаяди.

Ҳарорат 15°С дан паст бўлса, ўсимликлар жуда совуқ қотади, 45°С дан юқори бўлганда эса улар қизиб кетиб, мева тугмай қўяди. Бодринг учун иссиқхоналар ичидаги ҳаво намлиги 85-92 фоиздан кам бўлмаслиги лозим.

Бодринг суғориш йил даврига кўра амалга оширилиб, тупроқ намлиги ЧДНСнинг 85-90 фоизидан пасайиб кетишига йўл қўймайди. Стелла дурагайининг фарқланувчи хусусияти – тез ўсиб, жуда кўп кўк масса ҳосил қилишидир. Шунинг учун кўчатларни асосий майдонга экилгандан кейин, ўсимликларни бир ҳафта давомида сўриларга боғлаб чиқилиши ва ҳафта оралатиб уларни осилиб турган каноп ип атрофига ўраб чиқилиши керак. Акс ҳолда ўсимликлар эгилиб ўсиб, ерга тушиб қолади. Каноп ип атрофига ўраб чиқиш кечикиб бажарилиши ўсимликнинг қийшиқ ўсишига ва унинг новдалари ёрилиб кетишига сабаб бўлади. Ўсимликларни сўрига боғлаб чиқиш кечикиши эса ҳосил миқдорини 20 фоизга камайишига олиб келади.

Ҳосилдорликни ошиб боришини ва унинг юқори бўлишини таъмин этувчи энг муҳим агротехник тадбирлардан бири бу ўсимликларга шакл беришдир. Бодринг ўсимликларидан бизнинг шаротимизда эртаги ва мўл ҳосил йигиб олиш мақсадида қуйидагича шакл берилади. Энг пастки ён новдалардан 2 та барг ва 2 та мевачаси, ўрта қисмида 2-3 дона мева ва шунча барг қолдириб чилпинади. Шакл бериш билан бирга бодринг мўйловчаларини ҳам олиб ташлаш керак, негаки улар орқали ўраб олинган баргларда инфекциялар кўп тўпланади.

Ўсимликлардан қийшиқ меваларини ўз вақтида олиб ташлаш жуда муҳимдир, чунки уларнинг ўсишига фотосинтез фаолиятида ҳосил бўлувчи пластик модда сарф бўлмаслиги керак.

Ўсув даврида бериладиган озиқа моддалари

Ўсув даври давомида ўсимликларнинг озиқланиши бир хил эмас. Уруғлари ердан униб чиққандан то гуллагунча ўсимликлар озиқа моддаларининг 10, мева туга бошлагунча 20 фоизини, меваларни териш даврида эса озиқанинг асосий қисмини, яъни 80 фоизини қабул қилади.

Стелла дурагайи озиқланишга жуда талабчан, шунинг учун у нафақат илдизи орқали, балки поя ва барглари орқали ҳам озиқа берилишини талаб қилади. Илдиздан ташқари озиқлантириш айниқса ёруғлик кам бўлиб, тупроқ ва ҳаво қароратлари меъёридан паст бўлган даврларда амалга оширилиши самарали таъсир этади, чунки бундай ташқи шароитнинг пастлиги илдиз фаолияти учун ноқулай ҳисобланади.

Озиқлантириш учун озиқали аралашма тайёрлашда 10 л сувга макроўғитлардан 10-12 г суперфосфат, 7-8 г аммоний сульфати 5-7 г аммиак селитраси ва бор, марганец, мис, цинк, молибден, кобальт каби микро ўғитлар ҳам аралаштирилади. Илдиздан ташқари озиқлантиришдан олдин турли микроэлементлар йиғиндиси ёрдамида ҳар биридан қуйидаги миқдоррда қўшиб аралашма (оналик) тайёрлаб олинади: ҳар 1 л аралашмага 2,86 г борат кислотаси, 1,8 г марганец сульфати, 0,08 г мис купороси, 0,1 г нордон аммоний молибдени, кейин эса ҳар 10 л ишчи аралашмага 10 мл ушбу аралашмадан қўшилади.

1000 м2 майдондаги иссиқхона ўсимликларига ишлов бериш учун одатда 250-300 литр макро- ва микроўғитлар аралашмасидан тайёрланган тайёр ишчи аралашма сарфланади.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, илдиздан ташқари озиқлантириш тадбири фақат кечқурун соат 17 дан кейин бажарилиши керак.

Иссиқхона тупроғига ишлов бериш ва катта миқдордаги минерал ўғитларни солиш, тупроқнинг сув, физик ва кимёвий хусусиятларини бироз ёмонлашишига, баъзан эса унинг шўрланишига сабаб бўлади. Шунинг учун ўсув даври давомида ҳар ойда бир маротаба тупроқ таркибининг агрокимёвий ҳолатини текшириб бориш парваришлашнинг бажарилиши шарт бўлган тадбир ҳисобланади.

Иссиқхона тупроғи таркибидаги тузлари миқдори қуйидаги формула ёрдамида аниқланади:

К=(2В+15)/100.

бунда В – тупроқ таркибидаги органик моддалар миқдори, %.

Иссиқхона тупроғи шўрланмаслиги учун унга таркибида таъсир кучи кам бўлган ўғитларни, жумладан, оддий суперфосфат ва таркибида калий тузи бўлган, калий хлор ва бошқаларни солмаслик керак.

Ўсимликларни суғориш учун ҳам сифати тоза, яъни таркибидаги туз миқдори ҳар бир литр ҳисобига 1,2 граммдан кўп бўлмаган сувдан фойдаланиш лозим бўлади. Акс ҳолда тузи кўп сувлари олдин тиндириб (тозалаб) кейин фойдаланишга тавсия этилади.

Ҳосилни териш

Мевалари қизиб кетмасдан ҳосилни эрта билан терган маъқул, чунки куннинг иккинчи ярмида тсрилган мевалар кўп сақланмайди, тез айниб қолади.

Тайёр маҳсулот сифатига катта эътибор билан қараш зарур, яъни кўк мевани жуда ўсиб кетишига йўл қўйиш керак эмас, чунки ўсиб кетса, унинг сифати ва мазаси йўқолади. Шуни эсдан чиқармаслик керакки, партенокарпик бодринглардаги битта чангланган меваси бошқа 20 та тугилган меванинг нобуд бўлишига олиб келади, биринчи мевасининг ўсиб катта бўлиб кетиши ўсимликни ўсишдан тўхтатиб қўяди, шунинг учун тез-тез териб туриш керак.

Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш

Оқ канот – кенг тарқалган жуда хавфли зараркунандадир. Иссиқхоналарда бутун йил давомида ривожланади ва учраб туради. Ўсимлик шираси билан озиқланиб, ўзидан қандга ўхшаш модда ажратади ва бу моддада кейинчалик ўсимталар ривожланиб, барглар қора майда ғубор билан қопланади. Кураш чоралари: ўсув даврида меваларини теришдан 4 кун олдин 50 фоизли Актеллик билан (гектарига 3-6 л) пуркаш ва кейин ўсимликларни ювиб юбориш керак. 0,1 фоизли Толстарга 0,05 фоизли Апплауд препаратини қўшиб пуркаш яхши самара беради. Оқ қанотга қарши курашишда яна биологик усул – ашерсония ҳам қўлланилади, у оқ қанот личинкаларини ўлдиради. Спор суспензиясининг сув билан аралашмаси ўсимликларга пуркалади (гектарига 1800–2000 л, 5-7 кун оралатиб 3-4 маротаба пуркалади.)

Занг кана – помидор мевалари ва барглари шаклини ўзгартириб ўстирмай қўяди. Унга хос асосий хусусият ўсимлик барги ва меваларида катта-катта гуруҳ шаклида тўпланишидир. Агарда ўз вақтида унга қарши кураш чоралари қўлланилмаса, ҳосилнинг бутунлай ҳаммасини нобуд қилиши мумкин.

Занг канага қарши курашишда ўсимликларни 0,1 фоизли Неорон, Ниссаран препаратлари билан пуркаб ишлов берилса, сепилгандан сўнг 2-куни каналар бутунлай қирилади. Бу препаратларни ҳосилни теришдан бир ой олдин қўллаш лозим. Занг канага қарши курашда синовдан ўтказилган препаратлар бўйича энг яхши натижа таркибида олтингугурти бўлган препаратлар бўйича олинди. Жумладан, бир қисм майдаланган олтингугуртга икки қисм тупроқ аралаштириб чанглатиш жуда яхши натижа беради.

Ўргимчаккана – республикамиздаги иссиқхоналарда кенг тарқалган. У баргларнинг пастки қисмига жойлашиб олиб, ўсимлик шираси билан озиқланади, у билан кучли зарарланган ўсимлик қисми ўргимчак тўри билан қопланади. Ўргимчакканага қарши курашишда 0,1 фоизли Ниссаран, Неорон, 0,2 фоизли Акрекс препаратларидан фойдаланилади.

Полиз шираси – республикамиз иссиқхоналарида йилнинг иссиқ ойларидан ташқари барча даврларида жуда кенг тарқалади. Ўсимликларнинг барча новдаларини, баргини, гулларини ва янги тугилган меваларини зарарлайди. Ўсимликлар шираси билан озиқланади, зарарланган барглар ўралиб қолади.

Курашиш чораси: 0,1 фоизли Актеллик препаратини пуркаш ва 0,2 фоизли Децис препарати билан ишлов бериш лозим.

Қўнғир доғланиш – касаллик аломатлари баргларнинг пастки қисмида қўнғир-сарғиш доғлар пайдо бўлиши билан бошланиб, кейинчалик қораяди ва қурийди. Бу касаллик ривожланиши учун ҳаво намлиги юқори (95 фоизгача) ва ҳарорат 22-25°С бўлиши жуда қулай шароит ҳисобланади. Ушбу касалликка қарши курашишнинг асосий омилларидан бири парваришлаш шароитлари (ҳаво ҳарорати, намлиги ва бошқалар) меъёрида бўлишини таъминлашдир.

Кимёвий курашнинг самарали чораси 0,4 фоизли ярим карбацин (меваларни теришдан 3 кун олдин) ёки 1-2 маротаба 0,1 фоизли Беномил препаратлари билан меваларни теришдан 10 кун олдин ишлов бериш лозим.

Ушбу касалликка қарши курашишнинг энг самарали чораси касалликка чидамли навлардан фойдаланишдир.

Фитофтороз – замбуруғ касаллиги бўлиб, кўпинча иссиқхоналарда ҳарорат юқори бўлиши оқибатида янги ўтказилган кўчатларда учраб туради. Касаллик қорасон касаллигиини эслатади, яъни новдалар ингичкалашиб қурийди ва ёш ўсимликлар бутунлай нобуд бўлади. Кейинчалик касаллик меваларни ҳам зарарлайди, натижада мевалари чирийди ва тўкилиб кетади, айниқса пастки мева шохларидагиси.

Курашиш чораси: кўчатлар мис купоросининг 0,25 фоизли аралашмаси билан суғорилиши, 0,05 фоиз Топаз, Фоликор препаратлари билан ишлов бериш лозим.

Ун шудринг – бодринг ўсимликларида кенг тарқалган касаллик бўлиб, иссиқхоналарда ҳароратнинг тез-тез ўзгариши ва ҳаво намлигининг меъёридан юқори бўлиши ушбу замбуруғ касаллиги ривожланиши учун қулай шароит яратади.

Касалланган ўсимлик барглари аввал оқ ғубор билан қопланади, кейин эса аста-секин сўлийди ва қуриб қолади.

Кураш чоралари: таркибида (коллоид олтингугурт) олтингугурти бўлган Каратин, Беномил, Омайт ва бошқа шунга ўхшаш препаратларни пуркаш керак. Касалликнинг оддини олишнинг энг самарали усули – тупроқни юмшатиб, ҳарорат ва намликларни энг қулай меъёрда бўлишини таъминлаш ёки Бордо суюқлигининг 0,5 фоизли аралашмасини пуркаш.

Тамаки мозаикаси вируси – жуда кенг миқёсда тарқалган бўлиб, айниқса кунлар исиб, ҳарорат кўтарилиши уни жуда кучайтириб юборади. Бу вирус касаллик бўлиб, уруғи орқали, тупроқ орқали, шу билан бирга касалланган ўсимликдан атрофидаги соғ ўсимликларга юқиш йўли билан тарқалади. Ўсимликлар новдаларини, баргларини, меваларини зарарлайди. Касалланган ўсимликлар маҳсулдорлиги кескин пасайиб кетади. Касаллик баргларни сийраклаштириб, шаклини ўзгартириб ёки баргларни ипсимон ҳолатга келтириши билан ўзини намоён этади.

Курашиш чораси: касалликнинг олдини олиш учун уруғларни экишдан олдин ишлов бериш, кўчат етиштириладиган майдон тупроқларини ҳам ишлов бериб зарарсизлантириш, фақат микроэлементлар аралашмасида ивитилган соғлом уруғларни экиш. Помидор кўчатларини 10 фоизли (10 л сувга 1 л ёғсизлантирилган сут қўшиб) пуркаш, уларни доимий жойига экишга 10 кун қолганда эса Боррат кислотаси аралашмаси пуркалади (1 л сувга 100 мг қўшиб).

Ўсув даври давомида ўсимликларни яхшилаб парваришлаш ҳам уларнинг касалликларга чидамлилик самарадорлигини оширади.

Помидорнинг юқоридан чириши – касаллик кўк меваларнинг юқори қисмида енгил ботиқ кўкимтир доғлар кўринишида намоён бўлади, улар секин-аста катталашади, натижада меваларнинг устки қисми силлиқлашади. Касалланган мевалар ўсишдан тўхтайди ва улар соғлом меваларга нисбатан олдинроқ қизаради.

Курашиш чораси: юқоридан чириш касаллигига қарши курашишда ўсимликлар жуда кучли ўсган даврида ҳар 1 га майдон ҳисобига 950 л сувга 4,5 кг миқдорда кальций хлор аралаштириб пуркаш лозим. Бундан ташқари, помидор ўсимликларининг 0,02 фоизли нордон олтингугурт цинки ва 0,02 фоизли Боррат кислоталари билан илдиздан ташқари кўк қисмлари орқали озиқлантирилиши (пуркалиши) меваларнинг юқоридан чиришини камайтириб, ҳосилдорлигини оширади.

Р.Ҳакимов, Ф.Расулов


Улашиш: