Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Иссиқхоналарда сабзавот етиштириш (1-мақола)

22/Noyabr/2024 01:31
  1521

Ўзбекистон аҳолисининг озиқ-овқат таъминотини яхшилаш, қишлоқ хўжалик ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишда қишлоқ хўжалик тармоқларини такомиллаштириш асосий омил ҳисобланади.

Сабзавотларни илмий асосланган йиллик истеъмол меъёри уларни йил давомида бир хилда истеъмол этилишини тақозо этади. Бунга эришиш учун очиқ ва ҳимояланган майдон сабзавотчилигини мутаносиб равишда ривожлантириш лозим.

Аҳолини йилнинг кеч куз, қиш ва эрта баҳор ойларида сабзавот билан таъмин этишда ҳимояланган майдон сабзавотчилиги муҳим аҳамиятга эга.

Кейинги йилларда ҳимояланган майдонлар сабзавотчилигида катта ўзгаришлар содир бўлди. У ривожланиб келаётган тармоқдан илмий ва индустриал асосда ривожланган тармоққа айланди, яъни иситиладиган майдонларни турлари такомиллаштирилди, ҳимояланган майдонлар учун янги нав ва дурагайлар яратилди, парваришлашни янада янги, маҳсулот таннархи пасайишини таъминловчи илғор усуллари ишлаб чиқилди. Ҳимояланган майдонларнинг замонавий босқичдаги алоҳида хусусияти унинг майдонлари кўпайганидир.

АҚШ, Италия, Франция, Руминия, Болгария, Венгрия ва БМТга аъзо давлатларда бир йўла ҳам ойнаванд, ҳам плёнкали иссиқхоналар қурилмоқда. Япония давлатида эса фойдаланиладиган ҳимояланган майдоннинг асосий тури – плёнкали иссиқхоналардир. Замонавий лойиҳада қурилаётган иссиқхоналарда барча ишлаб чиқариш жараёнлари ва иқлим шароитларини бошқариш механизм ва автоматлар зиммасига юклатилгандир. Иссиқхоналардаги автоматлар у ердаги ўсимликларнинг навига, ўсиш даврига ва келиб чиқишига мувофиқ равишда ўсиб-ривожланиши учун қулай шароит яратиш имкониятига эгадир.

Иссиқхоналарнинг Голландияда яратилган лойиҳаси бутун дунё бўйича кенг тарқалгандир. Ушбу туркумга мансуб иссиқхоналар бизда ҳам кенг тарқалган бўлиб, жуда кам чиқимдир, кейинчалик уларнинг кўриниши бироз ўзгартирилиб, 2-3 гектарли корпуслар ўрнига бир гектардан иборат 6 та корпус қурилган.

Япониядаги иссиқхоналарда иқлим шароитларини бошқариш компьютерлари орқали амалга оширилади, ишлаб чиқариш жараёнларини юқори даражада механизациялаштирилиши ва автоматлаштирилиши у ердаги хизматчилар сонини 1 гектар майдон ҳисобига 7 тагача қисқартириш имконини беради, бизда эса бу кўрсаткич икки баробар юқоридир.

Ҳозирги вақтда ишлаб чиқарилаётган плёнкаларнинг сифати яхши, бақувватлаштирилган бўлиб, ушбу плёнкаларни 3-5 йилгача фойдаланса бўлади. Ҳозирги кунларда иссиқхоналарни ёпишда ойна ўрнига ундан анча арзон ва бир неча маротаба енгил бўлган пластик ойналардан фойдаланилмоқца.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, бошқа давлатлардан фарқли ўлароқ, Ўзбекистонда асосан кичик ҳажмли, майдони 6 гектардан иборат бўлган иссиқхона комбинатлари қурилгандир, бундан ташқари, республикамизда оилаларимизни сабзавот маҳсулотлари билан таъмин этиш ва тижорат мақсадида турли кичик ҳажмдаги 50 м2 дан 500 м2 гача майдонга эга бўлган иссиқхоналар кўплаб қурилмоқда.

Иссиқхоналар сабзавот етиштириш самарадорлигини ошириш, уларда экиладиган навларни кўпайтириш, янги навлар ва парваришлаш усулларини қўллашга боғлиқцир.

Кейинги йилларда Сабзавот-полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институтида иссиқхоналарда экиш учун помидорнинг янги навлари яратилиб, уларнинг уруғларини тайёрлаш йўлга қўйилган бўлиб, иссиқхона комбинатларини уруғ билан таъминлаш имконига эгадир.

Шу жумладан, помидорнинг янги яратилган Гулқанд, Тошкент тепличнийси ва АВЕ-Мария, Субҳидам каби навлари амалиётда кенг қўлланилмоқда.

Иссиқхоналарда экиладиган барча помидор навлари 2 га бўлинади:

- индетерминант навлар ёки чекланмаган, палаги доимий равишда ўсувчи, гулшодаси ҳар 3 та баргдан кейин жойлашган навлар;

- детерминант навлар ёки палагининг ўсиши гулшода пайдо бўлиши билан тугалланувчи, гулшодаси ҳар 1-2 та баргдан кейин пайдо бўлувчи навлардир.

Юқорида таъкидланган иккала туркумга мансуб навлар иссиқхоналарда кенг қўлланилади, лекин помидорнинг индетерминант навлари асосан ойнаванд иссиқхоналарда қиш-баҳор ҳамда оралиқ экиш даврларида, детерминант навлар эса тезпишар ва ҳосили бир хил пишиб етиладиган бўлгани учун уларни кузги-қишки, қишки-баҳорги ва баҳорги экиш муддатларида плёнкали иссиқхоналарга экилади. Помидор навлари баъзи хусусиятларига кўра (қайси ўсувчи туркумга мансублиги ва касалликка чидамлилиги) ва уларни намойиш варақасидан тезда фарқлаб олишда нав номларидан кейин қисқартирилган кўрсаткич белги қўйилади:

Ps – дстерминант туркумга мансуб навлар;

Ps+ – индетерминант туркумга хос ўсувчи навлар;

Тм – тамаки мозаикаси вирусига чидамлилиги (ВТМ);

F1, F2 – фузариозни биринчи ёки иккинчи шудрингига чидамлилиги; С2,С3,С4-С4 – кладоспориозни турли шудрингларига чидамлилиги;

N – нематодага чидамлилиги;

V– вертициллёзга чидамлилиги.

Помидор навларининг қисқача тавсифи

АВЕ-Мария нави – иссиқхоналарда иккала экиш муддатида етиштириш учун мўлжалланган. Ўсимлиги индетерминант ўсувчи туркумга мансуб бўлиб, ўртача ўсувчи, яъни баландлиги 2 метрни ташкил этиб, барг сони ўртача. Барги тўқ яшил рангда, оддий ўртача катталикда. Меваси уруғи ердан униб чиққач, 122-125 куни пишиб етилади. Мевасининг ўртача оғирлиги 100-120 г бўлиб, тўқ қизил рангда. Биринчи гулшодаси баландлиги 7-8 та баргдан кейин, кейингилари эса ҳар 2 та баргдан кейин ҳосил бўлади.

Ўзбекистонда етиштириладиган иссиқхона помидор навларидан унинг асосий фарқи тупида кам новдалар ҳосил қилиш хусусияти бўлиб, ўсимликдаги навдаларни қисқартириш ва тупга шакл бериш каби иш турлари учун сарфланадиган маблағни тежашни таъмин этиб, тупи юқори мева ҳосил қилиш хусусиятига эгадир. Иссиқхонадаги ноқулай шароит, яъни юқори ҳаво ҳарорати ва намликнинг ошиб кетиши ҳоллари унинг мева пайдо этиш жараёнига таъсир этмайди ёки камайтирмайди.

Меваси ясси юмалоқ шаклда бўлиб, мазаси жуда яхши (дегустация баҳоси 4-5 балл, таркибида 6 фоиз қуруқ моддаси, 3,5 фоизгача умумий қанди бўлиб, шу жумладан 0,2 фоизгача саҳароза, 25-27 мг/% гача аскорбин кислотаси, ўртача парваришлаш шароитида ҳўл меваси таркибидаги нитрат азоти миқдори 10 мг/кг. дан ошмайди (ушбу кўрсаткичнинг Ўзбекистонда рухсат этилган юқори меъёри ҳар бир кг ҳўл миқдори ҳисобига 60 мг. дан ошмаслиги лозим).

Ушбу навнинг қишки-баҳорги экиш мавсумидаги ҳосилдорлиги ҳар 1 м2 майдондан 12-15 кг.гача етади.

Эртапишар Субҳидам нави – иккала экиш мавсумида ойнаванд ва иситиладиган ҳамда иситилмайдиган плёнкали иссиқхоналарда ва очиқ майдонда плёнка остида етиштиришга мўлжалланган. Ўсимлик ўртача барг қосил этувчи, гулшодаси оддий бўлиб, 4-5 та мева ҳосил қилади. Меваси думалоқ шаклда, текис, мевасининг ўртача оғирлиги 100-120 г. Асосий новдасининг баландлиги 1-1,2 метр.

Экилган уруғлар ердан ялписига униб чиққач, орадан 100-105 кун ўтгач мевалари пишиб етилади. Меваси таркибидаги қуруқ модда миқдори 4,0-4,3, умумий қанд 2,6-3,0%, аскорбин кислотаси 15-18 мг/%, ҳўл меваси таркибидаги нитратли азот миқдори эса 12-18 мг/кг. дан ошмайди. Мевасининг дегустация баҳоси 4,7 балл. Ушбу нав яшил доғланиш, юқоридан чириш каби касалликларга чидамлидир. Ҳосилдорлиги 8,5-9,0 кг/м2.

Турон нави – ойнаванд иссиқхоналарда қишки-баҳорги экиш мавсумида парваришлаш учун яратилган. Ушбу нав индетерминант ўсувчи туркумга мансуб бўлиб, ўсимликларда барг ҳосил қилиши ўртача.

Барги оддий ўртача, тўқ-яшил рангда. Гулшодаси 6-8 та мева ҳосил этади. Меваси юмалоқ, текис юзали. Биринчи гулшодаси 8-9 та баргдан кейин ҳосил бўлади. Новда ҳосил қилиш хусусияти суст бўлиб, уни парвариш ишларини сезиларли даражада енгиллаштиради. Мевасининг ўртача оғирлиги 110-130 г. Мевалари уруғи ердан ялписига униб чиққандан 128-132 кун ўтгач пишиб етилади. Турон нави меваларининг етилиши бошқа навлар, масалан, АВЕ-Мария навига нисбатан сезиларли даражада кеч бошланади, лекин мева етилиши узлуксиз давом этгани сабабли умумий ҳосил юқори бўлишини таъмин этади. Ушбу нав помидорнинг асосий касалликлари бўлган тамаки мозаикаси вируси, қўнғир доғланиш ҳамда юқоридан чириш касалликларига чидамли хусусиятга эга.

Мевасининг биокимёвий таркибидаги қуруқ моддаси миқдори 5,7, умумий қанд 2,58%, аскорбин кислотаси 20-23 мг/%, ҳўл меваси таркибидаги нитратли азот миқдори эса 22,0 мг/кг. дан ошмайди. Мевасини дегустация баҳоси 4,0-4,5 балл. Қишки-баҳорги экиш мавсумидаги ҳосилдорлиги ҳар 1 м2 майдондан 15–16 кг. ни ташкил этади.

Тошкент тепличнийси нави – индетерминант туркумга мансуб, мевалари йирик, юқори ҳосил берувчи нав бўлиб, оралиқ ва қишки-баҳорги экиш мавсумларида парваришлаш учун яроқли. Нав жуда сербарг бўлиб, бақувват илдиз қисмига эга, касалликларга жуда чидамли, галловой нематодага эса ўртача чидамли. Мевасининг ўртача оғирлиги 100-120 г бўлиб, унинг мазаси яхши, яъни 4,4 балл.

Гулқанд нави – жуда йирик мевали детерминат нав, оғирлиги 120-140 г, меваси ўта мазали ва сифатли бўлиб, мева таъми баҳоси 5 баллдир. Иккала экиш мавсумида экиш учун ҳам яроқли ҳисобланади.

F1 Гамаюн нави – ўртапишар индетерминант дурагай бўлиб, барча экиш мавсумларида экиш учун яроқли, мевасининг ўртача оғирлиги 90-110 г, бртимиз шароитида ҳосилдорлиги жуда юқори бўлиб, ҳар 1 м2 майдондан 14-15 кг.ни ташкил этади.

F1 Раиса нави – ўртача мевали (120-150 г) индетерминант дурагай, иккала экиш мавсумида ва оралиқ экиш мавсумларида парваришлашга яроқли, ҳар 1 м2 дан энг юқори ҳосили 15-18 кг.ни ташкил этади.

Иккала гибридлар ҳам тамаки мозаикаси вирус касаллиги ҳамда қўнғир доғланишга чидамлидир.

F1 Бэлла нави – ўртапишар индетерминант дурагай нав бўлиб, мевасининг ўртача вазни 120-150 г, қаттиқлиги юқори, узоқ масофага ташиш учун чидамли. Ўртача ҳосилдорлиги 15-18 кг/м2 бўлиб, ҳар икки экиш мавсумига яроқли ҳисобланади.

F1 Вендетта – эрта-ўртапишар юқори ҳосилли дурагай бўлиб, мевасининг ўртача вазни 130-150 г, ҳосилдорлиги 18-20 м/2. Қишки-баҳорги мавсумга яроқли.

F1 Шарлотта FА-1402 – ўртакечпишар дурагай, мевасининг ўртача вазни 120-150 грамм, юқори ҳосилли, қаттиқ мевали, ҳосилдорлиги 15-18 кг/м2 бўлиб, ҳар уч мавсумда экишга яроқли.

Р.Ҳакимов, Ф.Расулов


Улашиш: