Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Бройлерларни озиқлантириш (3-мақола)

23/Noyabr/2024 23:47
  1208

Бройлер жўжалар бошқа қишлоқ хўжалик паррандаларига қараганда ўсиш суръатининг тезлиги билан ажралиб туради, шунинг учун уларни биринчи кунданоқ тўлиқ рационли омухта ем, таркиби мувозанатлашган озуқа билан боқиш муҳим аҳамиятга эга.

Бройлер жўжаларини озиқлантириш 3 даврга:

бошланғич - 1-10 кун, ўсиш - 11-24 кун ва якуний - 25 кун ва ундан юқори, ёки 2 даврга бошланғич (1-4 хафталик) ва якуний (5 хафта ва ундан юқори) даврга бўлинади.

Жўжаларнинг биринчи 4 кунлигида уларни озиқлантиришда енгил ҳазм бўладиган озуқа аралашмаларидан файдаланиш мумкин (қуруқ сут маҳсулотлари, маккажўхори ва буғдой ёрмалари, соя шроти, витамин-минерал қўшимчалари-премикс).

1-жадвал. 1-4 кунлик бройлер жўжаларга тавсия қилинадиган рацион (% ҳисобида):

Номлари Миқдори
Буғдой ёрмаси 35
Маккажўхори ёрмаси 35
Соя шроти 25
Қуруқ сут 5
Бундан ташқари витамин-минералли премикс 0,1

Бройлер жўжаларини тўғри озиқлантиришнинг асосий кўрсаткичларига уларни жадал суръатларда ўсиши, суяк тўқималарини яхши ривожланганлиги, оёқларида қувватсизлик холатларини йўқлиги, соғломлиги ва бошқалар киради.

Бройлерни ўсиши асосан оқсил моддасига боғлиқ бўлгани учун рационга юқори биологик тўйимли оқсил моддасига эга бўлган озуқаларни киритиш мақсадга мувофиқ бўлади. Оқсил моддасининг асосий манбаларини ҳайвон ва ўсимликликлардан олинадиган озуқа қўшимчалари ташкил этади. Омухта емнинг таркибидаги хом оқсилнинг 20-25 фоизини ҳайвонларга оид озуқаларга тегишли бўлган оқсиллар ташкил этиши лозим.

Бройлер жўжаларини, келиб чиқиши ҳайвонларга оид бўлган озуқалар ҳамда маккажўхори ва соя шротлари билан керакли миқдорда таъминлашдаги мавжуд қийинчиликларни ҳисобга олиб, улар ўрнига парранда озуқаси учун целлюлоза (клетчатка)га бой бўлган, келиб чиқиши ўсимликларга оид бўлган озуқаларни ишлатишга тўғри келмоқда.

Бройлерлар рационидаги озуқалар таркибига кирувчи протеин миқдорини, келиб чиқиши ҳайвонларга оид (балиқ уни, гўшт-суяк уни, қуруқ сут маҳсулотлари) ва ўсимликларга оид (соя ва кунгабоқар шротлари) бўлган озуқалар ҳамда озуқа хамиртурушлари билан тўлдириш мумкин. Бройлер жўжаларининг гўштидан балиқ хиди келмаслиги учун, балиқ уни охирги 10 кунликда рациондан чиқарилади.

2-жадвал. Хонадонда боқишга мўлжалланган бройлер жўжалар учун озуқа рациони наъмунаси (% ҳисобида)

Озуқа таркиби Жўжалар ёши, ҳафтада
1-4 5 ва ундан юқори
Буғдой дони 35 37
Маккажўхори дони 25 20
Соя шроти 23 20
Кунгабоқар шроти 5 10
Балиқ уни 5 2
Озуқа хамиртуриши 3 5
Минерал озуқалар 1 1
Ўсимлик ёғи 3 5
Бундан ташқари витамин-минералли премикс 0,1 0,1

Рациондаги энергия етишмовчилигини 3-5 фоиз ўсимлик мойларини қўшиш билан қоплаш мумкин. Мойларни жўжалар ёши 1 кунликдан бошлаб 2-3 фоиз, 4 хафталикдан бошлаб 4-5 фоиз рационга қўшиш тавсия этилади.

3-жадвал. Ҳар куни 50 граммдан тирик вазни ўсадиган бройлер-жўжаларига мўлжалланган озуқа рецепти, (% ҳисобида)

Озуқа таркиби Жўжалар ёши, ҳафта
1-3 4-5 6-7
Буғдой 33 32 36
Маккажўхори 25 25 25
Кунгабоқар кунжараси (34% хом протеин) 7 9 10
Соя шроти 23 20 18
Гўшт-суяк уни 1,95 4 4,2
Балиқ уни 4 3 -
Ўсимлик ёғи 3 4,3 4,2
Лизин (монохлоргидрат) 0,25 0,25 0,2
Метионин 0,3 0,25 0,2
Ош тузи 0,3 0,3 0,3
Дефторированный фосфат (Са-30%, Р-18%) 1,2 1,0 1,0
Озуқа охаги (известняк) 1,0 0,9 0,9
Бундан ташқари витамин-минералли премикс 0,1 0,1 0,1

Бройлерларни жадал ўсиши ва меъёрда ривожланиши учун минералли озиқлантириш катта ахамиятга эга. Озуқа рационини минерал моддалар билан мувозанатлаштириш мақсадида бўр, суяк уни, фторсизлантирилган фосфатлар қўшилади, бундан ташқари имкон бўлганда чиғаноқ қўшиш ҳам яхши натижалар беради. Рационда кальций билан фосфор муносабати 2: 1 ни ташкил этиши лозим.

Модда алмашинувини яхшилаш ва хосил бўлаётган энергиядан ҳамда протеиндан юқори самарали фойдаланиш мақсадида бройлерлар рационига таркибида биологик актив моддалар бўлган премиксларни қўшиш яхши натижа беради.

10 кундан бошлаб бройлерларга ҳар бир бош жўжага 1-2 граммдан ҳафтада бир марта майда тошлар (гравий) берилади. Бошланғич даврда бройлерга ҳажми 1,0-2,5 мм бўлган, якуний даврда ҳажми 3,0-3,5 мм бўлган йирикликдаги омухта емлар билан боқиш биологик ва иқтисодий самара беради.

4-жадвал. Бир кунда бир бош бройлер жўжага таҳминий озуқа сарфи

Жўжалар ёши Озуқа сарфи
1 - 7 кун эркин берилади
2 ҳафта 38 грамм
3 ҳафта 107 грамм
4 ҳафта 185 грамм
5 ҳафта 200 грамм

Етиштирилган бройлер жўжаларни технология бўйича 1-2 кун ичида сўйиш тавсия этилади. Аксинча, сўйиш куни чўзилиб кетса, бройлер жўжаларини тутиш жараёнидаги стрессдан тирик вазнини тез фурсатда йўқотади. Бройлер жўжаларини тез, сифатли сўйиш ҳамда патларидан тозалашни жадаллаштириш ва жараённи енгиллаштириш учун патлардан тозалаш машинасини(МОП) ишлатиш тавсия этилади. Бу ускуна резина урувчи бармоқлар ва центрафугадан иборат бўлиб, иссиқ сув ёрдамида кучли айланиш орқали патларни юлади.

5-жадвал.  Бройлер жўжаларини ёшига қараб режадаги тирик вазни

Жўжалар ёши Тирик вазни оғирлиги
7 кун 140-180 грамм
14 кун 400-450 грамм
21 кун 800-870 грамм
28 кун 1300-1400 грамм
35 кун 1900-2000 грамм
42 кун 2300-2500 грамм

Манба: mehnat.uz

Улашиш: