Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Хонаки лимон қандай парваришланишини биласизми?

23/Noyabr/2024 21:25
  1436

Лимон кўп йиллик ўсимлик. Очиқ жойда ўстирилса, баландлиги 2–3 метргача етади. Хонаки лимонларнинг бўйи унчалик баланд бўлмайди. Уй шароитида нафақат гуллай олади, балки тузуккина ҳосил ҳам беради. Уни уй ичида, дераза олдида парваришлаш мумкин.

Хона ичида ўстириладиган лимон дарахти навини тўғри танлай билиш керак. Масалан, Хитойда ўстириладиган Мейера-карлик нави бизнинг шароитга мос келади. Баландлиги 1–1,5 метргача етади, думалоқсимон ва кичик бўлиб ўсади, тиканаклари кам, совуққа чидамли, серҳосил. Дарахт 3–4 ёшга кирганда илк ҳосил бера бошлайди.

Лимон дарахти гуллаганда хонада намлик 60 фоиз бўлиши, ўсимлик 12 соатгача ёруғлик олиши ва меъёрида озиқлантирилиши лозим. Бундан ташқари, лимонни энг ёруғ жойда ўстириш талаб этилади. Қиш ойларида кўпгина лимон меваси нобуд бўлади. Бунинг сабаби бор, албатта. Қишда лимон дарахтига бирмунча салқинроқ, яъни ўртача 3–5 даража ҳарорат керак бўлади. Аёзли кунларда уй ичида бундай ҳароратни ҳосил қилишнинг иложи йўқ, албатта. Шу боис уни яхши ёритилган ва намлик юқори бўлган ерга жойлаштириш лозим. Одатда энг юқори япроғидан 10 сантиметр масофада чироқ ўрнатилади.

Қишда кўп суғориш ҳам зарарли. Ҳатто, вақти-вақти билан лимон дарахти ўстирилаётган тувакда сув тўпланиб қолган-қолмаганини текшириб туриш талаб этилади. Ҳаво эса қўлбола сувпуркагич билан тез-тез намлантирилиб турилиши керак. Шунингдек, кунига икки марта лимон дарахтининг ўзига илиқ сув пуркаб турилади. Уй ичида бу дарахт нотўғри парваришланса, турли касалликларга чалиниши мумкин.

Лимон ривожланаётган даврда уни икки ҳафтада бир марта озиқлантириб туриш талаб этилади. Гуллаб, ҳосил бера бошлаганда эса ҳар 10 кунда «Сударушка» ва «Камирон-люкс» каби маҳсус макро ва микроунсурлар билан озиқлантирилади. Бу ўғитларни «Буцефал», «Каурий», «Фелумб» ва «Цветочная радуга» каби органик тиндирмалар билан алмаштириб ҳам ишлатиш мумкин.

Лимонда пайдо бўлган ортиқча новдалар чилпиб олиб турилади. Баъзан икки-учта япроғи бўлган пакана лимон дарахти гулга киради. Табиийки, бунда ҳосил олишнинг иложи йўқ. Бунда ҳосилига куч етказиб бера олмаслиги сабабли ёш дарахтнинг гулларини юлиб ташлаш мақсадга мувофиқ. Дарахт етарлича япроғу шохларга эга бўлгандагина гуллашига йўл қўйиб бериш мумкин.

Манба: mehnat.uz

Улашиш: