Хонаки инкубаторда жўжа очиришда нималарга диққат қилиш лозим?
Инкубаторда жўжа очириш жуда мураккаб юмушдай туюлади. Бунинг учун катта пулга қиммат ускуна сотиб олиш лозим, деб ўйлаймиз. Аслида ундай эмас. Уй шароитида ҳам инкубаторда жўжа очириш мумкин. Бунинг афзалликлари кўп. Йил давомида юқори сифатли кўплаб соғлом жўжалар очириш имкони мавжуд. Инкубатордаги барча шароит – ҳарорат, намлик, ҳавонинг ҳаракати ва таркиби, тухумларни қўзғатиб туриш маҳсус аппарат ёрдамида табиийдек бажарилади.
Инкубациянинг самарадорлиги бир қанча омиллар билан белгиланади. Масалан, инкубация режими, жўжа очириш учун қўйилган тухумларнинг сифати ва биологик жиҳатдан талабларга жавоб бериши, яъни тухумларнинг уруғланган бўлиши ҳамда тухум таркибида муртакнинг ривожланиши учун озуқа моддаларнинг етарли миқдорда бўлиши муҳим аҳамиятга эга.
Инкубаторга қўйиладиган тухумларни саралаш зарур. Унутманг, эски, майда, нотекис, ифлос, дарз кетган, ювилган ва сариқлиги 2 та бўлган тухумлар жўжа очириш учун ярамайди. Инкубаторга қўйиладиган тухумлар кўпи билан 6 кунлик бўлиши, намлиги 75–80 фоиз ва ҳарорати 8–120 даража иссиқ бўлган жойда сақланиши лозим.
Инкубаторга тухумлар бир текисда, уч қисмини остига қилиб, вертикал ҳолда жойлаштирилади. Инкубаторга қўйилган тухумлардан имкон қадар кўпроқ ва соғлом жўжа очириш мақсадида биологик назорат олиб борилади. Бунинг учун инкубация жараёнида тухумларнинг баъзилари текшириб кўрилади, электр лампа нури ёрдамида кузатилади ва айримлари олиб текширилади. Муртакларнинг ривожланиш даражаси аниқланади ва керак бўлса, қўшимча шароит яратиб берилади.
Паррандаларни кўпайтириш учун мураккаб ҳамда анча қиммат инкубаторлар сотиб олиш шарт эмас. Уй шароитида оддийроқ шаклдаги инкубаторларни ясаш ҳам мумкин.
Қуйида ана шундай усулда яратилган намуналардан бирини келтирамиз. Мазкур содда инкубаторга хос хусусиятлар – барча тухумларни бир вақтда айлантиришга мослаштирилган тухум қўйиш мосламаси ва қўлбола иссиқлик бошқаруви.
Инкубатор оёқчалар устига ўрнатилади тепа қопқоғида планка остида икки қатор қилиб ораси 30 миллиметр бўлган 25 миллиметр диаметрли бештадан вентиляция тешиги очилади. Худди шундай туйнуклар пастки қисм (пол қисми)да ҳам очилади. Кўриш ойнаси иссиқликни изоляциялаш мақсадида икки қаватли қилиб ишланади. Корпус деворлари икки қаватли қилиб фанерадан ишланади. Фанера қаватлари орасига арра тўпон ёки шу каби иссиқликни изоляция қилувчи восита қўйилади. Мазкур усулда тепа қопқоғи ҳам изоляцияланади. Ички қисмига 4 та патрон ва электр симлари монтаж қилинади. Бунда бир девордаги патронлар оралиғи 250 миллиметр бўлиши керак. Патронлар остига тухум қўйиш мосламаси учун рейка қоқилади. Планкани зарур пайтда очиб-ёпиш ҳамда у ёки бу томонга буриб қўйиш орқали ҳаво оқимини бошқариш мумкин. Намликни таъминлаш учун инкубатор ичига сув тўлдирилган идиш қўйилади.
Тухум қўйиш мосламаси ёғочдан тайёрланиб, остига 2–3 миллиметрли металл тўр тортилади. Қулайлик учун сеткага тухумларни айлантириш мақсадида бошқарув планкаларини ҳам ўрнатиш мумкин. Тухумлар қўлда айлантирилиши ҳам мумкин, аммо уларни бир кунда бир неча маротаба айлантириб туришга тўғри келади.
Қўлбола тухум қўйиш мосламасини тайёрлаш осон. Икки чекка деворларга ёғоч валиклар (диаметри 20–25 миллиметр, штир қисми диаметри 9 миллиметр) ўрнатилади. Валикларга дока кичик михлар билан бириктирилади. Ён деворларига 1 миллиметр диаметрдаги сим ўрнатилиб, унга илгаклар ёрдамида дока маҳкамлаб қўйилади (бу унинг ён чеккаларигача тортилиб туришини таъминлайди). Валикларни у ёки бу томонга айлантириш тухумларни бир вақтда ва бир хил миқдорда айлантириш имконини беради.
Жўжалар инкубатордан чиқиб келиши биланоқ озиқлантиришни бошлаш керак. Улар биринчи ва иккинчи куни, албатта, сувда пиширилган тухум ва творог билан боқилади. Шунда касалланмайди ва бақувват бўлиб ўсади. Шу билан бирга макка, сули ва буғдой ёрмалари билан кунига 5–6 маротаба бир хил оралиқ муддатларда озиқлантирилади. Тўртинчи кундан бошлаб майдаланган кўкатлар, пиёз, беда барги, қичитқи ўт (крапива) берилади. Агар ёз кунлари ҳаво исиб кетса, жўжаларни уч кунлигидан сўнг ташқарига чиқариш мумкин.
Жўжаларга сув бериш мосламалари. Жўжаларга сув беришда маҳсус сув ичирадиган мосламалардан фойдаланилади. Уй шароитида кичкина ликопларга сув қуйиб устига пиёлани ёпиб қўйсангиз, атрофида айланиб сувни ичишади. Акс ҳолда жўжалар сувга тушиб, нобуд бўлиши мумкин.
Жўжаларни парваришлашда ҳароратга катта эътибор бериш лозим. Бунда биринчи ҳафтада ҳарорат 30–32 даража, кейинги ўн кунликда 28–26 даража, сўнг 20-кунигача 23–25 даражада бўлиши лозим.
Манба: mehnat.uz