Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Хурмонинг ҳосил соладиган шохлари нима учун кесилади?

23/Noyabr/2024 19:06
  1353

Мева соладиган шохларни кесишдан мақсад бир маромда ўсиш суратини таъминлаш ва меваларнинг бутун дарахт бўйлаб бир хилда ривожланишига, бу орқали эса ҳосил сифати яхшиланишига эришишдир. Хурмо дарахтлари ортиқча меваларни тўкиш орқали ўз ҳосил миқдорини меъёрига келтириш хусусиятига эга бўлса-да, мевали шохларни кесиш ҳар йили амалга оширилиши лозим бўлган жараёндир. Кесишни амалга оширмаслик ҳосил, асосан, дарахт шохлари учки қисмида ривожланиб, уларнинг асослари яланғоч ёғочга айланиб қолишига олиб келади. Шунингдек, шохлари кесилмаган дарахтларда қуёш нурлари дарахт ички қисмига етиб бормайди. Натижада салқинда қолган мевалар янада кўпроқ тўкилади. Хурмо дарахти айни мавсумда ривожланган шохларда мева солади, асосан, асос ва ўрта қисмларида. Хурмо дарахтини кесишда меъёридан орттириб юбориш вегетатив ўсиш жараёнига куч бериб, мева солмайдиган сўрувчи ва яланғоч новдалар ривожланишига сабаб бўлса, кесишни меъёрига етказмаслик эса кўплаб мевали куртаклар қолиб кетишига ва натижада барча меваларга озуқа етишмаслигидан уларнинг натижавий сифат кўрсаткичлари ёмонлашиб, ҳажми кичик бўлиб қолишига олиб келади.

Умуман олганда, дарахтларни кесишда уларнинг ўсиш суръатини ҳисобга олиш муҳим аҳамиятга эга. Ёш кўчатлар ва ўсувчан вояга етган дарахтлар учун бир оз кесиш билан чекланилади. Кучсиз дарахтларда, асосан, энг нозик ва салқинда қолиб кетган шохлар кесилади. Жуда юқори ўсиш суръатига эга дарахтлар учун кесишни камайтириш ва азотли ўғитларни чеклаш орқали уларнинг ортиқча ўсиб кетмаслиги таъминланади.

Кесиш мева берувчи шохларни кесиб ташлаш ёки калта қилиш ҳамда бир йиллик шохларни сийраклатишдан иборат бўлади. Бир йиллик шохларни кесишни икки хил ҳолатда амалга ошириш мумкин: 40 см дан узун, учки қисмларидаги мевалари захаланиши мумкин бўлган шохлар калта қилиб кесилади ёки ўрнида келгуси йили мева берадиган шохлар ривожланиши учун кесиб, бутоқ қолдирилади. Ҳар икки ҳолатда ҳам кўзланган мақсад мевалар дарахт асосий структураси яқинида етилишига эришишдир. Биринчи ҳолатда шохнинг бир неча аралаш куртаклардан иборат 30–40 см узунликдаги қисми мева бериши учун қолдирилиб, ортиқча қисми кесилади. Иккинчи ҳолатда эса шохни бир неча вегетатив куртакли 5–10 см узунликда бутоқ қолдириб кесилади.

Хурмо дарахтларини қишки уйқу даврининг исталган вақтида кесиш мумкин, аммо совуқ қайта тушиши мумкин бўлган ҳудудларда вегетацион уйқу даври тугашини кутиш ёки ҳосилдан кейинги даврга қолдириш тавсия қилинади. Ҳали шаклланиб улгурмаган ёш кўчатлар учун кесишни ёзда амалга ошириш фойдали ҳисобланади.

Вояга етган дарахтларда мева ҳажми ва рангини маромига етказиш ҳамда ён шохлар йўғонлашишига имкон бериш учун ёзги кесиш керак бўлиши мумкин, айниқса, ўсувчан навлар учун. Келгуси йил учун гул куртаклар айни мавсумда ўсган шохлар учки қисмларида шаклланиши, бундай шохларни керагидан ортиқча кесиш ҳосил оз бўлишига ва кучли вегетацион ўсиш авж олишига сабаб бўлади. Кўп шохларни кесиш дарахтда етарлича гуллар ҳосил бўлмаслигига олиб келишини доимо ёдда тутиш керак.


Манба: Орипов А., Аброров Ш. (2013). Хурмо етиштириш технологияси. Тошкент: «Sharq»

Улашиш: