Ток тупларига жадал шакл бериш технологияси
Токка тўғри шакл бериш ва оқилона ўстириш тизими тупдан узоқ вақт юқори ҳосил олишни таъминлайди, ёруғлик, иссиқлик, сув ва озуқа моддаларни тўлароқ фойдаланишга, шунингдек механизацияни кенг қўллашга иконият беради. Ток қишда кўмиладиган минтақада кўп зангли елпиғичсимон шакл бериш кўп қўлланилади, бу ток тупини кўмишни осонлаштириди, мўл ҳосил берадиган куртаклар қолдиришга имкон беради. Кўп фермер хўжаликларининг тажрибасида ёш токзорлар кўчати ўтқазилгандан кейин 4 ва 5-йилдан ҳосилга киради ва булардан олинадиган ҳосил катта токзорлар ҳосилига қараганда 50-75% кам бўлади. МДҲ даги кўпгина токзорчилик туманларнинг ҳамда боғдорчилик, токзорчилик ва виночилик илмий-текшириш иниститутига қарашли Самарқанд филиалининг шунингдек, Ўзбекистондаги бошқа илмий-текшириш муассасаларининг махсус тажрибалари ёш токларни анча барвақт ҳосилга киритиб, кўчати ўтқазилишининг иккинчи йилиёқ айрим туплардан анчагина ҳосил олиш, учинчи йилда гектаридан 80 ц, тўртинчи йилда эса гектаридан 200 ц гача ҳосил олиш мумкинлигини кўрсатди. Ток тупларини бақувват ўстириб, кўчат ўтказилишининг учинчи ва тўртинчи йилидаёқ ҳосил ола билиш учун токзор қилишда бақувват ўсган, соғлом кўчатларни танлаш керак. Ток тупларини жадал шакллаш иши уни токзор ерига ўтқазиш билан бошланади. Масалан, ток кўчати экилгандан кейин ундаги энг яхши ўсган 2-3 новда танланиб, бошқалари олиб ташланади. Танлаб қолдирилган новдалар ҳам 2-3 кўртагидан юқориси кесилади. Ўтқазилган кўчатларнинг яхши тутиб кетиши, бақувват ўсиб, барвақт ҳосилга кириши учун токзор илғор агротехника усулида парвариш қилиниши, жумладан, ток кўчати ўтқазиш олдидан ер чуқур ҳайдалиши, кўчатлар ўз вақтида сифатли қилиб ўтқазилиши, тупроқ турига қараб ёз бўйи 8-12 марта суғорилиши зарур. Токзор парваришининг энг муҳим тадбирларидан бири ток тупини симбағазга кўтариб, ерини яхшилаб ишлаш, ўғитлаш, токларни зараркунанда, касаллик ва совуқ уришдан сақлаш ҳисобланади. Ток тупларини жадал шаклланишдаги махсус агротехника тадбирларидан яна бири хомток қилишдир. Бунда бақувват қўлтиқ новдалари вужудга келтириш мақсадида асосий новда учи чимтиб ташланади, ҳамда кераксиз новдалари кесилади. Кўчат ўтқазишнинг биринчи йили охирида ток тупини кесишда ҳар тупда 4 дан 6 гача бақувват новда қолдирилади. Буларнинг ҳам қандай ўсганлигига қараб ҳар бири 8-12 куртагидан юқориси кесиб ташланади. Заиф новдалар симбағазга кўтариш учун қулай томонда бўлса, уларнинг 2-3 куртагидан юқориси кесилади. Келгуси йили бу куртаклардан чиққан новда қўшимча занг бўлади. Кўчат ўтқазилишининг иккинчи йилида кўкариб чиққан ортиқча новдаларни олиб ташлаш, жуда кучли ўсаётган новда учини чилпиш йўли билан занг ва ўринбосар новдалар яратилади. Икки ёшли ток тупларини кесишда зангга айлантириш учун унда 4-6 новда қолдирилади; ток тупи елпиғич шаклда ўстирилса, новданинг узунлиги 110-120 см қилинади ёки буларнинг ҳар бирида 15-20 куртак қолдириб, ортиқчаси олиб ташланади. Елпиғич шаклда ўстириладиган ток занглари тупининг ҳар икки томонига жойланади. Кўчат ўтқазилгандан кейин бутун йил давомида (баҳор ва ёз пайтларида) кераксиз ёш новдалар олиб ташланади ҳамда бақувват ўсган новдаларнинг учи чимтилиб кўпчилик тупларининг учинчи йилиёқ тўла шаклланишига эришилади. Елпиғич шаклида ўстирилаётган уч ёшли ток тупларини кесишда унга 4-6 занг ҳосил этиб, буларнинг ҳар бирида узум бошлари пайдо бўлиш учун 3-4 тадан новда ва ўрин алмашиниши учун яна 2-3 тадан новда қолдирилади. Шундай қилиб, ҳар бир тупда, унинг ўсиш кучига қараб, ўртача 200-250 куртак бўлиши керак бўлади. Агар бир гектар ерда 1600 туп ток бўлса буларнинг ҳаммасида қолдирилган куртак ўртача 350-400 минга етади. Самарқанд вилоятидаги илғор фермер хўжаликларининг тажрибаси шуни кўрсатдики, ток тупларини жадал шакллаш йўли билан уларни барвақт ҳосилга киритиш мумкин. Масалан, Самарқанд вилоятидаги Кўрагон номли фермер хўжалигида 100 га майдонда ташкил этилган ёш токзорда кўчат ўтқазилишининг иккинчи йилиёқ айрим типлардан ҳосил олинган. 3 йили эса бу боғнинг ҳар гектаридан 30-40 ц ва кўпроқ ҳосил қўлга киритилган. Тўртинчи йили эса айрим ток новдалари экилган учустканинг гектаридан 100 ц ва кўпроқ ҳосил олинган. "Булунғур" фермер хўжалигининг плантаж плугида чуқур ағдариб ҳайдаб, кўчат ўтқазилган токзонинг ҳар гектаридан, узум навига қараб учинчи йилда 20-60 ц дан ҳосил олинган. Шундай қилиб, ток туплари жадал усулда шаклланганда ёш токзорнинг ҳар бир гектаридан ҳосилга киришининг 3 йили 2 т дан 4 т гача, 4 йили эса 8-10 т га етқазиб қўшимча ҳосил олиш мумкин.
Манба:
Маликов А.Н., Файзиев Ж.Н., Пирназаров С.О. (2011). Ток тупларига жадал шакл бериш. Ишлаб чиқариш интеграцияси ва инновацион ривожланиш истиқболлари. Тошкент.
Ҳавола: maqolalar.uz