Суғормасдан боғу-бўстон яратиш имкониятлари
Чўл зоналари кенгайиб бораётган ҳозирги замонда бу жараённи тўхтатиш ва орқага чекинтириш, иқлимни ўзгаришини салбий оқибатларини олдини олиш озуқавий хавфсизлик каби мухим масаладир. Бундай мақсадларга эса биринчи навбатда мевасиз дарахтлар, мевасиз буталар, биз “бегона” деб номлайдиган ўтлар жавоб беради. Бундай ҳаётий қуввати кучли бўлган ўсимликлар билан чўл ва сахроларда, тепаликларда ўрмонлар яратилса, иқлимни юмшоқлашувига эришиш мумкин. Бундай ўсимликлар паноҳида инсон учун фойдали дарахт ва бошқа ўсимликларни, жумладан доривор ўсимликларни экиш мумкин. Бу фойдали ўрмонларни боғ деб аташ ўринлидир. Мухими, улар суғориш сувисиз, ер ҳайдаш – ерга ишлов беришсиз, кимёвий воситаларсиз, органик ва минерал озуқалар ишлатмасдан, оз меҳнат билан маҳсулот бериши мумкин. Марокашдаги икки минг йиллик боғлар, Африка, Америка, Яқин Шарқ, Ҳиндистон ва Индонезияда, Австралия ва Янги Зеландияда, Европатоғларива Сахрои Кабирда қақраган чўлларда яратилган боғлар ўзбек миришкорларига ҳам порлоқ мақсадни ёритиб туришини тилаймиз.
Бу ерда табиий намлик билан дарахтлар ва бошқа экиларни етиштиришда ёрдам берадиган техник ечимларни ёритайлик.
Экин ва дарахтларни чуқурларда ўстириш.
Ёқуб Савадогони Сахрои Кабирни тўхтатган одам дейишади. Сахрони жанубида яшаган Ёқуб қабиласида экинларни чуқурларга экиш агротехникаси қўлланилган. Маълум бўлишича ҳатто бу саҳрода ҳам баъзан ёмғир ёғар экан, лекин ёмғир суви саҳрони тошдек қаттиқ сирти бўйлаб оқиб, фойдасиз кетарди. Миришкор чуқурларни тайёрлаб, чуқурларни маҳаллий ўғит ва турли органика билан бойитади, биринчи ёмғирдан кейин бу чуқурларга экин экиш яхши натижа беради. Фойдали экиндан ташқари даласига сувсизликка чидамли дарахт уруғларини эка бошлайди ва миришкорнинг дарахтли далалари сахро бостириб келишини тўхтатади. Ёқуб Савадого эса ўз тажрибасини Америкага бориб, ЮНЕСКО ташкилотида ҳам тарғиб қилади. Африкалик камбағал фермер ўз қўллари билан қилган бу мўъжизани техника билан қуролланган ўзбек фермерлари Республика сахроларида боғу – ўрмонлар яратиш учун такрорлай олмайдими?
Валоканава тизими. Бу тушунча учун ўзбекча ном яратилмагани учун, рус тилидаги номидан фойдаланиб турамиз. Унинг мазмуни ариққа ўхшайди, лекин у сувни оқизиш учун эмас, балким тепалик ёки тоғ ён бағри бўйлаб оқиб тушаётган сувларни тўплаб, ерга сингдириб, дарахт ва бошқа экинларнинг илдизлари соҳасида сақлаб қўйишга, тупроқни сувга тўйинтиришга бағишланади. Валоканавада сув оқмаслиги учун уни горизонтал қилиб очиш керак, бунга геодезик асбоблар ёрдам беради. Натижада валоканава тепалик ён бағрини шаклини такрорлайди, мураккаб эгри чизиқдан иборат бўлади. Чиққан тупроқ ариқнинг қуйи қирғоғига қўйилади, юқори қирғоқ эса оқава сувларни келиб тушиши учун очиқ қолади. Ёмғир сувларини тўсган валоканава қияликдаги эрозия жараёнларига тўлиқ барҳам беради, қияликни қуйи соҳасини сув билан тўйинтиради ва бу ерда мевали ва манзарали дарахтлар, кўп йиллик бута ва ўтлар экиш учун шароит яратади. Дастлабки ўсимликлар экилганидан сўнг инсон иштирокисиз ҳам йиллар давомида табиий жараёнлар давом этиб, валоканава бўйлаб яшил экосистема вужудга келади! Валоканава тубида эса сув келтирган органик ва ноорганик моддалар, барглар, ўсимлик қолдиқлари тўпланади ва ажойиб мульчага айланади, мульчанинг кўплаб афзалликлари намоён бўлади, қисқа вақтларда қоп-қора гумус массаси ҳосил бўлади.
Валоканава қиялиги катта жойларда очилиши мумкин эмас. Валоканава фақат қияликларда эмас, йўл ёқаларида, иншоатлардан ёмғир сувлари оқиб тушадиган соҳаларда қазилиб, яшил соҳалар ҳосил қилишга қўлланиши мумкин. Бунда айрим иншоатлардан ифлосланган сувлар оқиб тушса, улар ҳам табиий равишда тозаланади, ўсимликлар томонидан қайта ишланади.
Қиялиги кичик бўлган жойларда табиий сувларни тўплаш учун валоканава вазифасини бажарувчи тўғон қуриш мумкин. Тўғон учун тупроқ қияликнинг юқори тарафидан олиниб, сатҳи кенг, лекин чўқурлиги кичик (масалан 0.5 м) бўлган ҳовуз ҳосил қилинади. Ҳовуз фақат ёмғирлар пайтида сувга тўлиб, сўнгра сув ерга сингиб кетади. Бу сув ҳисобига чўл ўртасида ҳам дарахт ва бошқа ўсимликлардан иборат яшил водий ҳосил қилиш мумкин. Қуйидаги расмларда Америкада 80 йил илгари қурилган тўғон туфайли вужудга келган табиий экосистемани ва атрофдаги чўлни кўришимиз мумкин. Бу жойда тарихан қисқа вақтда шундай унумдор тупроқ ҳосил бўлганки, уни кетмон билан эмас, қўл билан олиш мумкин! Бу водийга мевали дарахтлар ва бошқа экинлар экиб, каналдан сув олиб келмасдан, органик ва сунъий ўғитлар сарфламасдан ҳам йилдан-йилга кўпроқ маҳсулот берувчи хўжалик яратиш мумкин.
Дарахт кўчатларини қути билан ўралган ҳолда етиштириш. Исроил давлати Яқин Шарқда жойлашган, унинг 2/3 қисми дастлаб чўлдан иборат бўлган, инсон ёрдамисиз бу ерда бирон нарса ўсмаган. Ватан қадрига етган ҳукумат бу чўлларда ўрмон ўстириш учун олимларга топшириқ беради, лекин улар маълум муддатдан сўнг бунинг иложи йўқ деган хуллоса келадилар. Топшириқ бошқа мутахассисларга берилади ва улар муаммонинг ечимини топади. Ҳозирги пайтга келиб Исроил ҳудудининг 8% қўлда экилган ўрмонлардан иборат. Солиштириш учун қўшни Мисрда ўрмонларнинг ҳиссаси 11 марта камроқ – 0.7%.
Топилган ечим шундан иборатки, экилган дарахт кўчати бошқа ишлардан ташқари метал ёки пластик коробка билан ўраб қўйилади. Коробканинг фақат юқори қисми очиқ бўлгани учун унинг ичидаги ҳаво намлиги юқори бўлади ва кўчатдан, айниқса у кичкина бўлганида, сув буғланишини чеклайди, уни қуриб қолишдан асрайди. Иккинчи ҳосса янада мухим. Чўл қуёши нурларидан коробка кундузи қизийди, кечаси кескин совийди ва мана шу жараёнларда пластик сиртида сув конденсацияланиб, кўчат илдизларини ёнига оқиб тушади. Исроил денгиз қирғоғида бўлгани учун у ерда ҳаво намлиги юқори бўлиб, бундай атмосфера ирригацияси яхши ишлайди ва чўл шароитида кўчатларнинг 80% тутиб кетишига эришилган.
Дарахт кўчатини ўстириш учун Хофф пақири. Хофф пақири суғориш бўлмаган ҳолда дарахт кўчатини ўстириш учун шароит яратишга мўлжалланган мукаммал қурилмадир. Айниқса чўл шароитида уни қўллашга зарурат катта. Унинг қопқоғи ёмғир ва тунда ҳосил бўладиган шудринг сувларини тўплаб, пақирнинг ичига туширади, яна пақирдаги сувни буғланишдан асрайди. Пақир ҳажми дастлабки 15 литр сувни сақлашга мўлжалланган. Экилган кўчат пақирдаги вертикал каналда жойлашиб, қисман нам ҳавода жойлашади, қуёш нурларидан ҳимояланади. Сув пақирдан кўчат соҳасига кичик каппиляр тўсиқ орқали ўтиб, мавжуд сувни тежамкор сарфланишини таъминлайди. Саудия Арабистони ва Марокашда ўтказилган тажрибалар бундай пақир билан экилган кўчатлардан 88% ўсиб кетганини тасдиқлади. Контрол учун оддий усулда экилган кўчатларнинг фақат 5% сақланиб қолган.
Кўчат илдизи атрофини қоплаб турувчи букилган метал ёки пластик қоплама. Бундай қоплама ҳам бир неча фойдали вазифаларни бажаради. Тупроқни қуёш нурларидан ҳимоялайди ва ердаги намликни буғланишдан асрайди, ёмғир сувларини ва эрталабки шудрингни кўчат илдизига тўпланишига хизмат қилади.
Кўчатни илдизига унумдор тупроқ, маҳаллий ўғит солиниши ҳам кўчатни тутиб кетишига ёрдам беради. Жумладан сапропель – дарё ва кўлларнинг тубидаги чўкинди ҳам бунинг учун фойдали. Илдиз ёнига маҳсус намлик тутувчи полимер модда солиниши ҳам мақсадга мувофиқ бўлади.
Монокультурада етиштириладиган мевалар катта сарф-ҳаражат, меҳнат билан етиштирилади. Улар кўп касал бўлади, уларга тушадиган зараркунандалар кўп. Даладаги бир турдаги ўсимликлар озуқа ва бошқа ресурслар учун рақобат қилади. Бунинг устига (кимё воситаларини қўлланиши ҳисобига) уларнинг зарарсизлиги ҳам шубҳали. Кўп фермер хўжаликларининг рентабеллигининг пастлиги айнан монокультура билан тушунтирилади. Далада бир неча турдаги ўсимликлар бўлиши ресурслар учун рақобатни пасайтиради, ўсимликларни тўғри танлаб уларни бир-бирига ижобий таъсир этишига эришиш мумкин.
Манба: ekolog.uz