Лалми ерларда кунжут етиштириш
Республикамизнинг лалмикор майдонларида қадим замонлардан буён экиб келинаётган қимматбаҳо мойли экинлардан бири кунжут ҳисобланади. Унинг уруғи таркибидаги мой миқдори 55–60 фоизни ташкил этади ва мойли экинлар ичида биринчи ўринни эгаллайди. Жувозда олинган кунжут мойи зайтун мойи билан тенглашади. Кунжараси тўйимлилиги ва углеводларга бойлиги сабабли чорва моллари учун юқори калорияли озуқадир. 100 кг кунжарасида 132–136 озуқа бирлиги мавжуд.
Кунжутнинг илдизи ўқ илдиз бўлиб, тупроқнинг 1,5–2 м қатламидаги намлик ва маъданли озиқа моддаларни яхши ўзлаштиради. Бу экин тупроқнинг унумдорлигига, структурасига ўта талабчан бўлиб юқори агротехнологияларни қўллашни талаб қилади. Кунжут экиладиган тупроқларнинг зичлиги ва ғоваклиги меъёр атрофида бўлиши, бегона ўтлардан тозаланган бўлиши зарур.
Кунжут экиладиган банд шудгор эрта баҳорда 20–22 см чуқурликда плуглар билан ағдариб ҳайдалади. Апрель ойининг охири, май ойининг дастлабки ўн кунлигида, ёғингарчиликлар тўхтагандан сўнг, ясси плуглар (плоскорез) ёки чизел-культиваторлар билан 12–15 см чуқурликда ишлов берилиши ва кетма-кет ҳар икки йўналишда борона қилиниб, дарҳол мола босилиши зарур. Шундай қилинганда тупроқдаги намликнинг буғланиши кескин пасаяди.
Кунжут уруғини экишдан олдин ёки экиш билан бирвақтда тупроқ унумдорлиги ва ўтмишдош экин турига қараб 30–40 кг/га ҳисобида ўзида азот сақлайдиган фосфорли ўғитлар тупроққа сепилади.
Кунжут уруғини экишнинг мақбул муддати ярим таъминланган текис қир-адирлик минтақада апрель ойининг охирги ўн кунлиги, май ойининг биринчи ўн кунлиги, тоғ олди лалмикор майдонларда эса май ойининг иккинчи ўн кунлиги ҳисобланади. Экиш меъёри гектарига 3–4 кг. ни, чуқурлиги эса 2,5–3 см. дан ошмаслиги мақсадга мувофиқдир.
Кунжут уруғи 14–15оС ҳароратда униб чиқа бошлайди, 16–18оС да эса ёппасига тўлиқ униб чиқади. Кунжут уруғи пишгандан сўнг ўта тўкилувчан бўлганлиги сабабли ҳосили қўл кучи ёрдамида йиғиштириб олинади.