Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Ковул — қимматбаҳо ва фойдали

23/Noyabr/2024 12:01
  2675

Айни пайтда жаҳон бозорида консерваланган ковулнинг 600 граммлик идишдаги нархи 20 АҚШ доллари миқдорида сотилмоқда (www.amazon.com). Бизда эса кўпчилик ковулни оддий ёввойи ўсимлик деб билади. Оёғимиз остида ўсаётган шундай даромад манбаи бор эканку, бизнинг эса бундан хабаримиз йўқ!

Кўпчилигимиз халқ орасида “Кавар”, “Каперс” деб аталадиган бу ўсимлик ҳақида деярли маълумотга эга эмасмиз. Ваҳолонки, ковул фармацевтика саноати учун қимматбаҳо хом ашё ҳисобланади. Табобат илмининг султони Абу Али ибн Сино ушбу наботот туридан кўплаб хасталикларни даволашда қўл келадиган дармондорилар тайёрлаш усулларини ёзиб қолдирган.  Гап шундаки, ўсимликнинг илдиз қисмидан олинадиган дамлама гепатитга шифо бўлса, пояси ва барги тери касалликларидан фориғ бўлишда асқатади, меваси таркибидаги йод буқоқдан азият чекадиган  инсонларга катта наф келтиради. Жаҳон фармацевтика саноатида мазкур тавсиялар асосида дорилар тайёрлаш кенг йўлга қўйилгани қувонарлидир. Мутахассисларнинг айтишича, ковулчилик энг истиқболли тармоқ бўлиб, уни йўлга қўйиш ортиқча маблағ ва ресурсларни талаб қилмайди. Сабаби, ер бағирлаб ўсадиган тиканли бута жой танламайди, сувсизликка ўта чидамли. Баландлиги 1 метрдан 2 метргача етади. Ёввойи турлари май ойидан то октябргача ўсиб, ҳосил беради. Гуллари ниҳоятда гўзал, эрталаб очилади-да, кечга бориб ёпилади. Реза меваси икки палладан иборат бўлиб, худди тарвузга ўхшайди. Пишгандан сўнг лола мисол очилади.  Мамлакатимизда қуёшсевар, айни чоғда совуққа чидамли бу ўсимликни маданийлаштириш бўйича илмий тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. Бунинг самараси ўлароқ, Наманган муҳандислик-технология институти олимлари томонидан унинг “Ўзбекистон-20” нави яратилди. Ковул парваришлаш учун суғориладиган ер майдонлари талаб қилинмайди, боз устига, агротехникаси ҳам мураккаб эмас. Масаланинг айни шу жиҳатлари инобатга олиниб, Наманган вилоятида сўнгги пайтларда қишлоқ хўжалигининг янги тармоғини ўзлаштириш борасида амалий чора-тадбирлар кўрилаяпти. Бунда ҳудуддаги 148 минг гектар паст рентабелли, асосан, қир-адирликлардан самарали фойдаланиш кўзда тутилмоқда. Биргина Чуст туманида бундай ерлар 2 минг гектардан ошади.

Мутахассис фикри

Маданийлашган бу турни синовдан ўтказиш жараёнида унинг илдизи, пояси, барги ва меваларидан тузлама, шунингдек, махсус дорилар тайёрлаш устида ҳам изланишлар олиб бордик. Масалан, қуритилган поясидан олинадиган “Йодокапарин” толқони тиббий воситалар қаторидан ўрин олди. Консерваланган мевалари экспортбоплиги билан аҳамиятга эга. Эндиликда ўсимлик кўчатларини кўп миқдорда етиштириб, талабгорларга етказиб беришни режалаштирганмиз.

Авазхон Мерганов,

қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди.

 8.jpg (48 KB)

 

Эътиборли жиҳати шундаки, ушбу майдонларнинг аксарияти  ёввойи ковул билан қопланган. Маҳаллий аҳоли томонидан уларнинг мевасини йиғиб олиб, норасмий экспортчилар орқали хорижга чиқариш ҳолатлари ҳам учраб туради. Эндиликда ана шу майдонларни назорат остига олиш, шунингдек, шифобахш ўсимликнинг маданийлашган навларини экиш орқали муҳим фармацевтика хом ашёсини кўпайтириш масаласига туман ҳокимлиги, маҳаллий тадбиркорлар томонидан катта қизиқиш билдирилаётир.  Дарҳақиқат, Чуст туманидаги “Феруз” кичик корхонаси ковул етиштириш ва экспорт қилиш кўзда тутилган истиқболли лойиҳани амалга оширишга киришди. Президентимизнинг вилоятга сафари  чоғида тақдим этилган ушбу лойиҳага мувофиқ, келгуси йил баҳоридан уч минг гектарга яқин майдонда плантация ташкил қилиш мўлжалланмоқда. — Бизнес-режамизда деҳқончиликдан ташқари, қайта ишлашни ташкил этиш ҳам қамраб олинган, — дейди  корхона раҳбари Илҳомжон Абдуллаев. — Чунончи, хориждан келтириладиган технологик ускуналар ёрдамида бир кеча-кундузда 5 тоннадан зиёд ковул меваси ярим ва бир литр сиғимли шиша идишларга қадоқланади. Ҳисоб-китобларга кўра, янги экилган кўчатлар уч йилда ҳосилга киради ҳамда гектаридан 20 тоннагача ҳосил йиғиштириб олиш мумкин. Агар ҳар гектар ковулзор фақат экспорт ҳисобига 125 минг АҚШ доллари миқдорида самара бериши инобатга олинса, лойиҳамиз истиқболи тўла намоён бўлади. Яна бир муҳим жиҳати, 65 та доимий, 600 та мавсумий иш жойи яратилиб, аҳолининг шунча қисми бандлигига эришилади. Албатта, бизнес лойиҳанинг муваффақиятли амалга ошиши сармояга ҳам боғлиқ. Шунинг учун тадбиркор 400 миллион сўм миқдоридаги ўз маблағидан ташқари, банкдан 600 миллион сўмлик кредит олишни режалаштирган.  Президентимизнинг вилоятдаги “Ифода агрокимё ҳимоя” масъулияти чекланган жамиятида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги истиқболли лойиҳалар  билан танишуви чоғида “Феруз” кичик корхонасининг ушбу лойиҳаси ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди. Давлатимиз раҳбари чустлик тадбиркорларнинг интилишларини маъқуллаб, янги соҳани изчил йўлга қўйиш юзасидан тавсиялар берди. Жумладан, ковул етиштириш илмий асосини янада мукаммаллаштириш, экспорт қилиш механизмини яратиш, шунингдек, ҳудудда  ковулчиликни ривожлантириш бўйича ассоциация ташкил этиш зарурлиги таъкидланди. Бундай эътибор ва йўл-йўриқлар қишлоқ хўжалигининг янги тармоғини йўлга қўйишга киришган ташаббускор инсонлар ғайратига қанот бағишлади. Айни пайтда ҳудудда экин майдонларини аниқлаш ҳамда экишга тайёрлаш тадбирлари бошлаб юборилди. Муҳими, бу ишга нафақат “Феруз” кичик корхонаси, балки бир қатор маҳаллий тадбиркорлар ҳам қўл уриш истагини билдиришмоқда. Зеро, жаҳон бозорида харидоргир бўлган “тарвузча”лар етиштириш йўлга қўйилиши ҳудуд иқтисодиётини  мустаҳкамлашнинг муҳим омилларидан бирига айланади.

Манба: "Халқ сўзи" газетаси

 

Улашиш: