Олманинг монилиоз касаллиги
Олма ва нокнинг монилиоз (мева чириш) касаллиги дунёнинг барча мамлакатларида тарқалган, Марказий Осиё давлатларида ва Ўзбекистонда барча вилоятларда учраши хабар қилинган. Аммо монилиоз Марказий Осиёда ва Ўзбекистонда олма ва нокда учраши ревизия қилиниши лозим. Бунинг сабаби – Марказий Осиёда айрим касалликлар муайян территорияларда учраши ҳақидаги маълумотлар ишончли эмаслиги – фақат ташқи белгилари диққатга олиниши ва микологик лаборатория таҳлилларига асосланмаганлигидир1. Мисол учун, Қозоғистонда олмада монилиоз кенг (20-30% гача) тарқалгани бир неча марта хабар қилинган эди. Аммо Ж. М. Исинанинг маълумотларига кўра, Қозоғистоннинг Олма-ота, Қизил Ўрда, Жанубий ва Шимолий Қозғистон вилоятлари, Жунғор Алатау ва Илийорти Алатау минтақаларида ўтказилган барча маршрут кузатувлар ва тадқиқотлар олмада монилиоз учрашини тасдиқламади; фитопатологик ва микологик таҳлилларда зарарланган ва зарарланишнинг ташқи кўринишидан илгари монилиоз деб ҳисобланган олма мевалари намуналарининг бирортасида ҳам монилиоз қўзғатувчиси аниқланмади ва унинг соф культураси ажратилмади, бундай меваларда фақат Alternaria alternata, Trichothecium roseum ва Penicillium glaucum турлари аниқланди ва уларнинг соф культуралари ажратилди.
Касаллик белгилари. Касалликнинг энг зарарли шакли мева чиришидир. Кўпинча пишиб етилган, кам ҳолларда етилаётган мевалар зарарланади. Монилиоз олма ва нок мевалари устида кичик, думалоқ шаклли, қўнғир тусли доғлардан бошланади. Улар тез катталашади ва меванинг устини қоплаб олади, тўқ-қўнғир тус олади, мева юмшаб, бутунлай чириб кетади. Доғларнинг устида мицелий ва конидиялардан ташкил топган, олдин оқишкулранг, сўнгра сарғиш-кулранг ва ниҳоят қўнғир тус олувчи, кенглиги 2-3 мм келадиган ёстиқчалар ривожланади.
Ёстиқчалар мева устида к о н ц е н т р и к д о и р а л а р пайдо қилади. Кейинроқ зарарланган мевалар мумланиб қолади, ичи замбуруғ мицелийси билан тўлади ва склероцийларга айланади. Улар ерга тўкилади, баъзилари дарахтда осилиб қолади. Кеч зарарланган меваларда касаллик белгилари омборхонада сақлаш пайтида ривожланади. Замбуруғ билан дарахтларнинг тўпгуллари ва новдалари ҳам зарарланади. Зарарланган гуллар сўлийди, қўнғир тус олади, буришиб, қуриб қолади. Касалланган новдалар устида яралар пайдо бўлади, уларнинг устида эса, даста-даста бўлиб жойлашган, кулранг мицелий ва конидиялар ривожланиши мумкин.
Касалликнинг зарари. Монилиоз олма ва нокка дунёнинг кўп мамлакатларида (Европа, Америка, Осиёнинг Тинч океан бўйи давлатлари ва б.) сезиларли зарар етказмайди ва бу мевали дарахтларда иқтисодий аҳамиятсиз касаллик ҳисобланади. Мисол учун, Англияда монилиоз ўсув даврида деярли зарар етказмайди, меваларни омборхоналарда сақлаш пайтида эса ўртача ҳосил йўқотилиши 0,2-1,5% ни ташкил қилади, холос .
Ўзбекистонда монилиоз кенг тарқалган ва жуда зарарли касаллик ҳисобланади, унинг зарари калмаразникидан ҳам юқори эканлиги таъкидланади. Аммо шуни айтиш жоизки, мамлакатимизда монилиоз олма, нок ва данакли мева дарахтларида учраши ва тарқалиши ҳақида аниқ, микологик таҳлилларга асосланган маълумотлар йўқ2. Касаллик туфайли олма ва нок ҳосили пасайиши тўғрисида ҳам аниқ рақамларга таянган тажриба маълумотлари мавжуд эмас. Олимлар олдида турган вазифалардан бири Ўзбекистонда олма ва нокда монилиоз тарқалишини ва ҳосилга таъсирини, аниқ ва тўғри таҳлил усуллари ёрдамида тадқиқ қилиш ва ўрганишдир.
Кураш чоралари. Одатда монилиозга қарши махсус кураш чоралари ишлатилмайди. Олмада калмаразга қарши тавсия қилинган агротехник усуллар (ҳамда мумланган меваларни териб йўқотиш) ва фунгицид пуркаш монилиозга қарши ҳам самара беради.
Чидамли навлар экиш. Олма навларидан Апорт Александр, Заилийское, Белый налив, Ренет Бурхардта ва Салтанат монилиозга ўта чидамсиз, Жонатан, Мэльба, Пармен зимний золотой, Ренет Симиренко, Пепин шафранный, Уэлси, Северный синап, Мутсу ва Милтон ўртача чидамли, нок навларидан ўртача чидамлилари Аврора, Октябрьская, Сен-Жермен, Кюре ва Бере зимняя. Ўзбекистонда 2007 йил шароитида олманинг Кинг Дэвид, Ренет Симиренко ва Голден Делишес навлари кўпроқ зарарланди .
1 Ўсимлик касалликларига диагноз қўйиш (қўзғатувчи турини аниқлаш) микологик таҳлилга асосланган бўлиши ҳақидаги талаб мевали, ёнғоқ мевали дарахтлар, умуман барча экинлар касалликларига тегишлидир.
2 Монилиоз билан зарарланганлиги шубҳа қилинган олма ва нок мевалари устида концентрик доиралар шаклида жойлашган ёстиқчалар (монилиоз учун диагностик белги) ҳам Ўзбекистон шароитида ҳеч қачон кузатилмаган.
Манба: Ҳасанов Б. А., Очилов Р.О., Гулмуродов Р.А. (2010) Мевали ва ёнғоқ мевали дарахтлар, цитрус, резавор мевали буталар ҳамда ток касалликлари ва уларга қарши кураш. Тошкент.