Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Мойли қовоқ ҳақида эшитганмисиз?

23/Noyabr/2024 11:36
  1547

Қовоқнинг ватани Мексиканинг шимоли ва АҚШнинг шарқий ҳудудлари ҳисобланади. Америка қитъаси кашф қилингандан сўнг бу ўсимлик аввал Испания, кейинчалик Италияга келтирилган. Орадан йиллар ўтиб Европада қовоқнинг бир қанча тур ва навлари етиштирила бошланган. Лекин узоқ давр мобайнида қовоқ Европада озиқ-овқат ўсимлиги сифатида асосий роль ўйнамаган. ХХ асрнинг 60-йилларига келибгина қовоқ дунёда кенг тарқала бошлади.

Ҳозир дунёда қовоқнинг кўплаб турлари етиштирилади. Улардан бири мойли қовоқдир. Мойли қовоқнинг сабзавот қовоқдан асосий фарқ қиладиган жиҳати унинг уруғлари пўстлоқсиз бўлиб, асосан мой олиш учун етиштирилади.

Мойли қовоқ қовоқдошлар - Cucurbitaceae оиласига, Cucurbita pepo var. styriaca турига киради. Мойли қовоқ поясининг узунлиги 6–9 метрга етадиган бир йиллик ўсимлик. Поя ва барглари тикансимон туклар билан қопланган. Барглари навларига қараб шаполоқ ёки панжасимон бўлади. Гулкосаси воронкасимон, 7-10 см узунликка эга. Чангчилари кўпинча жуфт ҳолатда бир-бири билан чалкашган, чангдонлари бир устунчага бириккан. Пишган қовоқ сариқ рангда бўлиб, бир хил бўлмаган тўқ яшил чизиқлар билан қопланган. Мева усти навларига боғлиқ равишда силлиқ ёки бироз ғадир-будир, узунлиги 20–35, диаметри 25–30 см, овалсимон юмалоқ шаклда.

552.jpg (128 KB)

Мойли қовоқ уруғи пўстлоқсиз бўлганлиги учун озиқ-овқат тайёрлашда жуда қулай. Мазали таъмга эга. Уни бироз қиздириб ва тузлаб истеъмол қилиш мумкин. Нон ёпишда уруғлари қўшиб юборилса ажойиб таъмга эга бўлади, витамин ва минералларга бой нон тайёрланади. Дорихоналарда уруғлари доривор восита сифатида сотилади.

Шунингдек, қандолатчиликда турли хил пишириқлар, музқаймоқ, сифатли ва мазали колбасалар тайёрлашда кенг фойдаланилади. Қуритилган уруғ таркибида 6–9% сув, 45–53% мой 32–38% оқсил, 4–6% минерал моддалар, 3–5% углеводлар, 2–4% хом клетчатка, A, B, D, E витаминлари бўлиб, микроэлементлардан рух ва селенга бой. Қовоқ мойи қимматбаҳо ҳисобланади. Ундан тиббиётда доривор мой сифатида фойдаланилади.

Ривожланган мамлакатларда қовоқ мойини қимматбаҳо салат мойи сифатида истеъмолга чиқарилади. Мойи таркиби 40–60% линол кислотаси, 25–40% олеин кислотаси, 10–25% палмитин кислотаси, 3–6% стеарин кислотаси ва 1–2% бошқа мой кислоталардан иборат. Самарқанд қишлоқ хўжалик институтида мойли қовоқнинг бир неча навларининг вилоят тупроқ-иқлим шароитида ўсиб-ривожланиши, ўғит ва сувга талабини ўрганиш бўйича дала тажрибалари ўтказилмоқда.

Мойли қовоқ иссиқсевар ўсимлик ҳисобланади. Ўртача қумоқ, гумусга бой, сув ўтказувчанлиги яхши тупроқларда ўсади. Тадқиқотларнинг кўрсатишича, мойли қовоқ Ўзбекистоннинг магний карбонатли шўрланган тупроқларида ҳам яхши ўсиб ҳосил беради. Мойли қовоқ сабзавот қовоққа нисбатан қурғоқчиликка чидамли.    Полиз экинлари, айниқса, қовоқ ва бодринг ўтмишдош экин бўлган майдонларда экиш тавсия қилинмайди. Чунки касаллик ва зараркунандалар билан зарарланиш хавфи ошади. Уруғлар апрелнинг охирларида қатор ораси 1,6–2,2 м, ўсимлик ораси 40–50 см масофада, 2–3 см чуқурликка экилади. Ҳарорат ва намликка боғлиқ равишда уруғлар 5–10 кунда униб чиқади. Парваришлашда бегона ўтларга қарши курашиш муҳим ўрин тутади.

43.JPG (228 KB)

Мойли қовоқни парваришлаш жуда осон, фақат ўсимлик илдиз атрофини чопишда илдизларига эҳтиёт бўлиш керак. Чунки ўсимлик илдизлари нисбатан юзада жойлашади. Минерал ўғитларга талаби нисбатан кучсиз. Ўғитлашда кўп миқдорда азотли ўғитлар бериш ўсимлик вегетатив массаси ва мева қисмининг кучли ўсишига олиб келади, уруғларининг пишишини кечиктириб, мой улушини камайтиради. Ерни экишга тайёрлашда ўғитларни бериш тавсия қилинади. Ўсимлик зараркунандалари ва касалликларига қарши кураш ҳосилдорликни кескин оширади.

Ўсимлик мозаикали вирусларга, ун шудринг, фузариозли сўлиш каби касалликларга чалиниши мумкин. Ўргимчаккана, шира ва симқуртлар экининг асосий зараркунандаси ҳисобланади. Ўсимлик уруғлари экишдан олдин симқурт ва бошқа кемирувчи ҳашаротларга қарши пестицидлар билан ишлов берилса уруғлар хатосиз униб чиқишига ёрдам беради. Акс ҳолда симқуртлар, ҳатто чумолилар уруғларни батамом еб қўйиши мумкин. Чунки пўстлоқсиз уруғлар тупроқда ҳашаротлардан мутлақо ҳимоясиз ҳолатда бўлади.

Мойли қовоқ сентябрнинг ўрталаридан то октябрнинг ўрталарига қадар пишади. Мойли қовоқ яхши пишганда уруғлари мазали таъмга эга бўлади. Қовоқ пишганда барг ва поялари қўнғир тусга кириб, қурийди. Қовоқнинг меваси сариқ рангга киради. Мойли қовоқнинг тўлиқ етилганини билиш учун қовоқ пичоқ билан кесилиб унинг уруғлари текширилади. Яхши пишган қовоқда уруғлар тўла, тўқ яшил тусда бўлиб, осон ажралади. Кичик майдонларга экилганда қовоқ қўлда йиғиб олинади. Мойли қовоқни йиғиштириб олиш учун меваси пичоқ билан кесилиб уруғи ажратиб олинади.

Европа мамлакатларида катта майдонларда етиштирилганда ҳосил қовоқ йиғгич машина ёки махсус комбайнларда йиғиштириб олинади. Бир гектар майдондаги қовоқни машина ёрдамида йиғиштириб олиш учун 2–3 соат вақт кетади. Мойли қовоқнинг уруғ ҳосилдорлиги нав ва етиштириш усулларига боғлиқ равишда гектарига 600 кг. дан 1100 кг. гача бўлади. Ҳосил йиғиштириб олингандан кейин уруғ дарҳол қовоқ қолдиқларидан тозалаб ювилади ва қуёшли жойда қуритилади. Қуритиш 1–2 ҳафта давом эттирилади. Қовоқ уруғи қоғоз ёки латта халталарда қуруқ ва салқин жойда сақланади.

Мойли қовоқ етиштиришни кўпайтириш истеъмол маҳсулотларининг турли-туманлиги ва аҳоли саломатлигини ошириш, фармацевтика учун доривор, аҳоли учун юқори сифатга эга бўлган мой ишлаб чиқиш, мамлакатимизда мойли экинларнинг тури ва генофондини бойитиш, қолаверса, экспортбоп маҳсулот тайёрлаш имконини беради.

Ш.Ҳазратқулов, Т.Ортиқов

Улашиш: