Чилонжийданинг дориворлик хусусиятлари ва қўлланилиши
Чилонжийда – Унаби (Ziziphus jujuba Mill) чилонжийдадошлар (жумрутдошлар, Rhamnaceal) оиласига мансуб, шифобахш, бўйи 5–10 метргача етадиган дарахтдир. Ер юзининг тропик ва субтропик минтақаларида чилонжийданинг элликка яқин тури учрайди. У айниқса, Хитой, Корея ярим ороли, Ҳиндистон, Fарбий Осиё ва Ўрта ер денгизи атрофидаги мамлакатларда кенг тарқалган. Шунингдек, Кавказорти ҳамда Ўрта Осиёнинг тоғли туманларида ҳам учратиш мумкин.
Ўзбекистон шароитида чилонжийдалар денгиз сатҳидан 1000–1500 метр баландликдаги шағалли, жанубий ва жануби-шарқий ёнбағирларда тарқалган. Чилонжийда 100 йил ва ундан ҳам кўп яшайди. Тўрт-беш ёшидан то 40–50 ёшгача яхши ҳосил беради, сўнг ҳосилдорлиги аста-секин камая боради. Май-июнь ойларида гуллаб, сентябрь ойида меваси етилади. 15–20 ёшдаги бир туп чилонжийда ўрта ҳисобда 50 килограммгача ҳосил беради.
Дориворлик хусусиятлари ва қўлланилиши. Халқ табобатида чилонжийданинг барги ва меваси ишлатилади. Барги ўсимлик гуллаганда меваси пишишидан олдин йиғилади ҳамда соя ерда қуритилади. Меваси яхши етилиб пишганда йиғиб олинади ва очиқ ҳавода – қуёшда қуритилади. Чилонжийда меваси қадимдан халқ табобатида турли касалликларни даволашда қўлланилган.
Абу Али ибн Сино ҳам чилонжийдани кўкрак оғриғи, ўпка, буйрак ва сийдик пуфаги касалликларини даволаш учун ишлатган. Шунингдек умумий қувватсизлик, ич кетиш, қон кетадиган касалликларда ҳам чилонжийдани буюрган.
Чилонжийда мевасидан тайёрланган дамлама бугунги кунда ҳам халқ табобатида кўкрак оғриғи ва йўталда кўкракни юмшатувчи, балғам кўчирувчи, йўтал қолдирувчи дори сифатида, камқонлик, астма, чечак, ич кетиши, иситма, ичак, ўпка, жигар, буйрак ва қовуқ касалликларини даволаш ҳамда оғриқ қолдирувчи, қон босимини пасайтирувчи ва пешоб ҳайдовчи восита сифатида қўлланилади.
Манбаларда қайд этилишича, чилонжийда танасининг пўстлоғида ошловчи моддалар ва пептид алкалоидлар, барги таркибида 0,36 % сапонинлар, 3,7 % флавоноидлар (рутин, гиперозид, кверцимеритрин), 6,6% қандлар, 292,5 мг % витамин С, смолалар, 8,7 % шиллиқ, 9,3 % ошловчи моддалар, мевасида 30 фоизгача қандлар, 25 фоизгача органик кислоталар, 3,5 % флавоноидлар бор.
Шунингдек, ширага бой бўлганлиги туфайли асаларичиликда, мустаҳкам жилоланувчан ёғочи дурадгорчиликда юксак қадрланади. Чилонжийдани қуритиб олиш ҳамда консерва ва С витаминига бой қиёмлар тайёрлаш мумкин. Пўстлоғидан олинадиган қимматбаҳо таннид моддаси териларни ошлашда қўлланилади, териларга эластиклик ва сарғиш ранг беради. Чилонжийданинг поя ва новдаларидан олинган смоладан тайёрланган лак-бўёқ асосан пластмасса саноатида ишлатилади.
Кўчатларини етиштириш. Чилонжийда уруғи, илдиз бачкиси пайванд йўли билан кўпайтирилади. Йирик мевали навларни данагидан кўкартириб бўлмаганлиги туфайли улар жайдари формаларнинг данагидан етиштирилган пайвандтагларга улаш йўли билан кўпайтирилади. Чилонжийда унча ер танламайди. Уни тоғли ҳудудларнинг офтоб тушадиган ёнбағирлари, адирлар ва маданий шароитда, далаларда ҳамда шахсий томорқа ерларида бемалол ўстириш мумкин. Чилонжийданинг қурғоқчилик, иссиқ ва совуққа бардош бера олиши унинг муҳим биологик хусусиятидир.
Маълумотларга кўра, -30 °С совуқ ва 44 °С даража иссиққа бардош бера олади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 19 ноябирдаги “Унаби (Чилон жийда) плантацияларини кенгайтириш, унинг шифобахш ва озиқ-овқатлик хусусиятларидан кенг фойдаланиш тўғрисидаги” 851-ф сонли фармойишига биноан республикамизда шифобахш ўсимликлардан бири – чилонжийдани кўпайтириш, жойлардаги ўрмон ва фермер хўжаликларида ниҳолхоналарини ташкил қилиб, мамлакатимизда чилонжийдазорлар барпо қилиш вазифалари белгилаб қўйилган.
Бир сўз билан айтганда, серқуёш диёримизда чилонжийдазорларни кўпайтириш, мевасидан дори воситалари ишлаб чиқариб, халқимизга инъом қилиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан биридир. Зеро, чилонжийда кони фойдадир.
Манба:
1. А.Маматкаримов, Ч.Холмуродов, "Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги портали".