Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Унумсиз ердан миллиард даромад олиш лойиҳаси!

23/Noyabr/2024 05:53
  2339

Юртимизда тошлоқ, қурғоқчил ва унумсиз ердан қандай қилиб самарали фойдаланиш, мўл ҳосил олиш мумкинлигини биласизми? Бундай жойларда пистазорлар барпо этиб, улар ҳосилга киргунга қадар қатор ораларига доривор ўсимликлар экиб, қимматбаҳо хомашё етиштириш мумкин экан. Сурхондарё вилоятида ҳаётга татбиқ этилаётган лойиҳалар бунга мисол бўла олади.

Биргина Узун туманидаги Боботоғ давлат ўрмон хўжалиги балансидаги ерларнинг 30 минг гектарида писта плантациялари ташкил этилиши ва улар орасига каврак ўсимлиги экиш мўлжалланмоқда.

— Мамлакатимизда каврак елимини тайёрлаш расман 2006 йилдан бошланган, — дейди Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг «Шифобахш» доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш маркази бош директори Алижон ­Маматкаримов. — Кавракнинг елим-смоласидан халқ табобатида томир тортиши, ўпка сили, ўлат, захм, кўкйўтал, тиш оғриғи, асаб ва бошқа касалликларни даволашда ҳамда қувват берувчи, балғам кўчирувчи, гижжа ҳайдовчи дори сифатида фойдаланилади. Ёш новдасини янчиб, қатиққа аралаштириб, хавфли шишлар ва захмга қарши даво қилинади.

Президентимиз Сурхондарёга  қилган сафарида ҳам илгари ота-боболаримиз ковул, каврак каби доривор ўсимликларнинг аҳамиятини, фойдасини яхши билгани, аммо бугун кўпчилик улардан хабардор эмаслигини, бу ўсимликларни етиштириш учун илмий-амалий тадқиқотлар олиб бориш, экиш маданиятини ошириш зарурлигини таъкидлаган эди. Кавракни маданий ҳолда етиштириш ўсимлик табиий захираларининг сақланиши ва маҳсулот ҳажмини кўпайтириш имконини беради. Амалиётга татбиқ этилаётган лойиҳалардан асосий мақсад ҳам шу.

Айни пайтда лойиҳага сарфланадиган харажат қанчани ташкил этмоқда?

— Лойиҳанинг умумий қиймати 20 миллиард сўм. Жорий йил 2,5 минг гектарга, 2018 — 2020 йилларда 8 минг гектар (пистазорлар ораси)га экиш белгиланган. Кавракдан тўртинчи йилдан маҳсулот олиш мумкин. Ҳосилга киргандан кейин маҳсулот олиш ҳажми гектарига 40 тоннага етади. Лойиҳани амалга ошириш натижасида 500 та иш ўрни яратилади, 4 йилдан сўнг олинадиган йиллик даромад бир неча миллиард сўмни ташкил этиши мумкин.

Бизда кавракнинг неча  тури ўсади?

— Мамлакатимизда ёввойи ҳолда ўсувчи каврак (ферула)нинг қирққа яқин тури учрайди. Етти тури Ўзбекистон Қизил китобига киритилган. Улардан сассиқ каврак, кўҳистон кавраги саноат аҳамиятига эга.

Сассиқ каврак Қорақалпоғистон республикаси, Қашқадарё, Сурхондарё, Бухоро, Навоий, Самарқанд ва Жиззах вилоятларининг адир ва чўл ҳудудларида ўсади. Кўҳистон кавраги Деҳқонобод, Бойсун, Узун туманларининг тоғолди адирлари ҳамда қисман Фориш ва Нурота туманларидаги тоғолди ҳудудларда учрайди. Бўйи 1,5-2 метргача етади, илдизи йўғон лавлагисимон 15 сантиметргача етади. Пояси 7-8 йилдан сўнг бир марта ўсиб чиқади ва гуллайди.

Қандай ўсади ва қачон пишиб етилади?

— Март-апрель ойларида гуллайди, меваси апрель-майда пишиб етилади. Ўсимликнинг ер устки қисми ўсиш муҳити ва об-ҳаво шароитига қараб 1,5-2 ой яшайди.

Парвариши қандай бўлади?

— Ёзда пишиб етилган каврак уруғини ажратиб, майдонга 5-10 сантиметр чуқурчалар кавлаб, қўлда 1 донадан экиб чиқилади. Гектарига 5-6 килограмм сара уруғ сарфланади. Шунингдек, гектарига 200-300 килограмм калий-сульфат минерал ўғити бериш тавсия этилади. Биринчи йил экилган майдонда 60 фоиз кўчат ўзини тутиб кетиши мумкин. Шу сабаб иккинчи йилда тўлдириш ҳисобига кўчатлар ўсиши 100 фоизга етказилади. Мамлакатимизда 1 минг 800 гектар майдонда каврак плантациялари барпо этишга киришилган.

Бундай лойиҳаларнинг яна қандай аҳамиятли жиҳатлари бор?

— Ўрмон фонди ерларидан самарали фойдаланиш орқали ўрмон хўжаликлари даромади ҳам сезиларли ошади. Шунингдек, каврак плантациялари ташкил этиш ва кўпайтириш унинг табиий захиралари камайиб кетишининг олдини олади.

Хуллас, каврак ўсимлиги хомашёсини экспортга йўналтириш ўрмон хўжалигидан олинаётган даромадни ошириш ва халқимиз фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилади.

Манба: "Оила даврасида" газетаси

Улашиш: